АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти хориждаги АҚШ консулликлари орқали яшаш учун рухсатнома (Green Card, грин карта) олишга ариза топширадиган чет элликлар учун 100 минг доллар атрофида гаров пули жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди Wall Street Journal манбаларга таяниб.
Давлат департаменти ушбу таклифни Трамп маъмуриятининг чекланган маблағларга эга бўлган чет элликлар иммиграциясини қисқартириш бўйича давом этаётган саъй-ҳаракатлари доирасида ишлаб чиқмоқда.
WSJ суҳбатдошларининг сўзларига кўра, гаров пулининг миқдори кўрсатилган суммадан паст ҳам, юқори ҳам бўлиши мумкин. Давлат департаменти янги механизмни синов тариқасида кам сонли мамлакатларда жорий қилмоқчи.
Манбаларнинг таъкидлашича, режага кўра, аризачилар маблағларни фақат АҚШ фуқаролигини олганларидан кейингина қайтариб олишлари мумкин бўлади, уни расмийлаштириш жараёни эса одатда камида беш йил давом этади. Шу тариқа, гаров пули грин карта эгаси кўчиб ўтганидан кейин ўзини мустақил таъминлай олмай қолган тақдирда АҚШ ҳукумати учун кафолат бўлиб хизмат қилади.
«Президент Трамп Қўшма Штатларга иммиграция қилишни хоҳловчилар молиявий жиҳатдан мустақил бўлишлари кераклигини аниқ тушунтириб қўйди», — деди Давлат департаменти вакили Томми Пиготт.
У Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонунда назарда тутилган ваколатларни Давлат департаменти ўрганаётганини қўшимча қилди, бундан мақсад айрим виза аризачиларига «ўзларини таъминлаш учун зарур бўлган маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга эканликларини намойиш этиш сифатида» гаров пули тўлаш мажбуриятини юклашдир.
Май ойида АҚШ расмийлари грин карта учун ариза топшириш қоидаларини қаттиқлаштирганди. Эндиликда хорижликлар доимий яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини фақат мамлакат ташқарисида топширишлари керак. «Иқтисодий фойда» ёки «миллий манфаат» ифодаловчи шахслар учун истиснолар қилиниши мумкин.
