Қарши шаҳрига AsiaStar русумли 38 та замонавий автобус олиб келинди. Улар шаҳарда брутто-шартнома тизими асосида хизмат кўрсатадиган икки йўналишга чиқарилади, деб хабар қилди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги.
Маълум қилинишича, автобуслар президентнинг жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилишга оид қарори ҳамда «Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаси» доирасида ташаббускор тадбиркорлар томонидан харид қилинган.
Янги автобусларни фойдаланишга топшириш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, нуронийлар, мутасаддилар, тадбиркорлар ва ҳайдовчилар иштирок этди.
Ҳокимлик маълумотига кўра, янги автобуслар ишга туширилгач, Қарши шаҳрида брутто-шартнома тизимида хизмат кўрсатувчи автобус йўналишлари сони 14 тага, уларда ҳаракатланадиган автобуслар сони эса 164 тага етади.
AsiaStar автобуслари Хитойнинг Янчжоу шаҳрида жойлашган Yangzhou Asiastar Bus Co., Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Бундан аввал январь ойида Қарши шаҳри жамоат транспорти учун Хитойда ишлаб чиқарилган 43 та автобус келтирилган эди. Шунингдек, 2026 йилда яна 100 та автобус олиб келиниши маълум қилинганди.
