Сешанбадан бошлаб иш ҳафтасининг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +20…+25 даражагача, кундузи +32…+37 даражагача, баъзи жойларда +30 даражагача пасаяди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Синоптикларга кўра, ўтган ҳафта Ўзбекистон аҳолиси ниҳоятда иссиқ об-ҳаво шароитини бошдан кечирди. Ҳаво ҳарорати энг юқори кўрсаткичи +43…+45 даража, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +46…+49 даражагача кўтарилди. Якшанба кундузи республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасая бошлади.
Душанбада чўл ҳудудларда, сешанбада эса республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳароратнинг пасайиши кузатилади. Кундузи ҳаво ҳарорати +40…+43 даража бўлади, жанубда баъзи жойларда +45…+47 даражагача, шимолда +34…+39 даража бўлади.
20−24 июль кунлари Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 21 июлда Қорақалпоғистон Республикасида ва 22 июлда Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда айрим жойларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
20−22 июль кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда 20−22 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Душанба кундузги ҳаво ҳарорати +41…+43 даража, сешанба кечаси +25…+27 даража, кундузи +36…+38 даража бўлади. 22−24 июль кунлари кечаси +20…+23 даражагача, кундузи +31…+34 даражагача пасаяди.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 12−15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.