Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган қазишмалар давомида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройининг меъморий қолдиқлари аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, археологик қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти илмий ходимлари Амриддин Бердимуродов, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамовалар томонидан олиб борилмоқда.
Қазишмалар натижасида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган, милодий VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иншоотнинг қурилиш услуби илк ўрта асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқаруви тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.
Шунингдек, қазишмалар давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилган. Ҳозирда улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Археологлар қайд этишича, ушбу топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий ва маданий ҳаёти, шунингдек, илк ўрта асрларда ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади.
Аввалроқ Самарқанд вилоятидаги Қулдортепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид деворий суратлар, Хитойнинг Хан сулоласи даврида ишлаб чиқарилган ойна ва Суғд ҳукмдори Уккурт Чамукка тегишли тангалар топилган эди.
