Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган, давлат муҳофазасига олинган «Мовий гумбаз» кафесида ваколатли орган билан келишилмаган ҳолда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари тўхтатилди.Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Мовий гумбаз» кафесида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан агентлик масъуллари 20 июль куни соат 22:00 атрофида воқеа жойига чиққан ва ўрганиш ўтказган.
Текширув давомида объектнинг том қисмида ваколатли орган билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Шу муносабат билан Маданий мерос агентлиги масъуллари томонидан ишлар зудлик билан тўхтатилган.


Шунингдек, объект масъулларига маданий мерос объектларида ҳар қандай таъмирлаш, реконструкция ёки бошқа турдаги қурилиш ишлари фақат ваколатли органларнинг тегишли рухсати ҳамда белгиланган тартибдаги келишувлар асосида амалга оширилиши лозимлиги тушунтирилган.
Уларга қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар ҳам берилган.
Маданий мерос агентлиги давлат муҳофазасига олинган маданий мерос объектларининг асл қиёфасини сақлаш, уларнинг ноқонуний ўзгартирилиши ва шикастланишининг олдини олиш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилишини билдирди.
Агентликнинг қайд этишича, «Мовий гумбаз» кафеси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига 308-рақам билан киритилган. У модернизм меъморчилиги намунаси сифатида давлат муҳофазасига олинган. Ҳужжатга кўра, Шароф Рашидов шоҳкўчасида жойлашган «Мовий гумбазлар» кафеси 1970 йилда қурилган. Объект давлат мулки ҳисобланади, унга нисбатан мулк ҳуқуқи «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг Яккасарой филиалига тегишли.


