• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

пуллар қаердан келади, қаерга кетади? – Gazeta


FIFA президенти Жанни Инфантино ташаббуси билан кенгайтирилган форматда ўтган 2026 йилги жаҳон чемпионати ташкилот тарихидаги энг йирик, энг сердаромад ва энг шов-шувли турнирга айланди. Атиги 11 йил олдин порахўрлик ва коррупция туфайли деярли барбод бўлган ташкилотда ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ пул айланмоқда.

FIFA молияси турнирга боғлиқ тўрт йиллик цикллар асосида юритилади. Ҳар тўрт йилдан учтасидан FIFA зарар билан чиқади. Тўртинчисида, яъни эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтадиган йилда эса ўша зарарларни қоплайди ва устига қўшимча фойда ҳам олади. Ташкилотнинг 2023−2026 йиллардаги цикл учун умумий даромади 13 млрд доллар миқдорида (олдинги циклга нисбатан 70 фоиздан зиёдроқ ўсиш) режалаштирилганди. 13 млрд доллардан 9 млрд доллари 2026 йилда — деярли барчаси Жаҳон чемпионати ҳисобига олиниши кутилганди.

Турнир якунига келиб FIFA президенти Жанни Инфантино 2023−2026 йиллардаги цикл учун ташкилотнинг умумий даромадлари жорий йилда 15 млрд доллардан ортиши кутилаётганини маълум қилди. Бу даромадлар жорий циклнинг ўзида 2027−2030 йиллардаги кейинги циклда олиниши кутилаётган 14 млрд доллардан ҳам ошиб кетишини англатади.

Инфантино 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг катта муваффақият билан ўтиши бутун дунё бўйлаб футболга инвестиция киритиш учун «бугун фойдаланилмаётган янги имкониятлар» яратгани ҳамда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкилотнинг «тижорий салоҳияти ва имкониятларини ишга солишни» кўзлаётганини таъкидлади. Шунингдек, у «200 дан ортиқ» аъзо ассоциациялар унинг навбатдаги (учинчи тўлиқ муддатга) қайта сайланишини қўллаб-қувватлашга ваъда берганини тасдиқлади.

Айни пайтда Инфантино атрофидаги танқидлар ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграмоқда: чипталарнинг мисли кўрилмаган нархлари, таймларни бўлиб қўяётган сув ичиш танаффуслари, Дональд Трамп билан ошкора яқинлик ва бошқа можаролар унинг 2027 йилда қайта сайланиш истиқболларига соя солиб турибди. Умуман, Инфантино даврида FIFAʼда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви, сиёсий бетарафлик ва ташкилот фаолиятининг шаффофлиги борасида саволлар кўпаймоқда.

The Athletic нашри FIFA молиясига бағишланган катта таҳлилий мақола эълон қилди. Мақола муаллифлари ташкилот фаолияти ва сўнгги йигирма йилликка оид молиясини чуқур ўрганиб, Инфантино даврида тобора бойиб бораётган FIFA пулни қаердан оляпти ва қаерга сарфлаяпти, деган саволларга жавоб излайди. Gazeta ушбу мақоланинг таржимасини келтиради.

«Ҳар бир доллар футбол ривожига қайтади»

FIFA президенти Жанни Инфантино 10 июнь куни Мехико шаҳрида, эркаклар ўртасидаги 23-чи ва энг йирик Жаҳон чемпионати бошланишидан бир кун олдин ташкил этилган матбуот анжуманида шундай деган эди.

Инфантино камдан-кам ҳолларда матбуот анжумани ўтказади — бу унинг уч йил ичидаги биринчи матбуот анжумани бўлди — бироқ FIFA маблағларнинг барчасини ёки асосий қисмини спортга қайта йўналтириши ҳақидаги гапни у ва унинг ташкилоти бот-бот такрорлашни ёқтиради.

Бу йилги ёзда бўлиб ўтган турнир — жуда катта футбол мусобақаси: 39 кун, 104 та ўйин, 48 та жамоа. Бунчалик катта футбол мусобақаси эса ўзи билан кўпроқ пул олиб келади.

Ушбу финалларга тайёргарликнинг асосий қисми чипта нархларининг осмонга кўтарилгани ҳақидаги хабарлар фонида кечди. Бунга асосий мезбон давлат — АҚШнинг бадавлатлиги имкон берди. Бу эса, табиийки, жаҳон футболининг бошқарув органи бўлган FIFAʼга катта фойда келтиради.

Эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати азалдан FIFA тожининг жавоҳири бўлиб келган ва бу ҳақиқатга ташкилотнинг молиявий фаолиятига юзаки назар ташлаш орқали ҳам амин бўлиш мумкин. FIFA молияси турнирга боғлиқ тўрт йиллик цикллар асосида юритилади. Ҳар тўрт йилдан учтасидан FIFA зарар билан чиқади. Тўртинчисида, яъни эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтадиган йилда эса ўша зарарларни қоплайди ва устига қўшимча фойда ҳам олади.

Бу ёз ҳар қачонгидан ҳам сердаромадроқ бўлди.

FIFAʼнинг 2023−2026 йиллар учун жами даромади 13 млрд доллар (9,7 млрд фунт стерлинг) миқдорида режалаштирилган — бу олдинги тўрт йиллик циклга нисбатан 70 фоиздан зиёдроқ ўсиш дегани. 13 млрд доллардан 9 млрд доллари 2026 йилда келиши кутилмоқда ва уларнинг деярли барчаси Жаҳон чемпионати ҳиссасига тўғри келади. Якуний рақамлар бундан ҳам каттароқ бўладиганга ўхшайди.

FIFAʼнинг кўлами инсон ақлини шоширади. Футболга имкон қадар кўпроқ пул қайтариш мақсади улкан харажатларни талаб этади. 13 млрд долларлик даромад билан бирга, нотижорат ташкилот ҳисобланган FIFA 12,9 млрд доллар сарфлашни режалаштирган, бу эса захираларни тўлдириш учун ташкилот ихтиёрида атиги 100 млн доллар маблағ қолишини англатади.

Қатарда ўтган 2022 йилги Жаҳон чемпионатида ғалаб қозонган Лионел Месси ва Аргентина. Сурат: Anne-Christine Poujoulat/AFP via Getty Images.

Шунга қарамай, сўнгги икки циклнинг ҳар бирида FIFA ўзининг 100 млн долларлик режасидан анча юқори, яъни 1,2 млрд долларлик профицит қайд этган. Захиралар эса ҳатто эндигина якунланган Жаҳон чемпионатидан аввал, 2025 йил охиридаёқ 2,7 млрд долларни ташкил этган эди. FIFAʼнинг нақд пул захираси 1,2 млрд долларгача ошган; ташкилот қарийб 6 млрд долларлик облигациялар, инвестициялар ва депозитларга эга. Атиги 11 йил олдин порахўрлик ва коррупция туфайли деярли барбод бўлган ташкилотда ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ пул айланмоқда.

Бу пуллар қаердан келади? Қаерга кетади?

Марҳамат, ўтириб олинг. Бу — FIFA, сайёрамизнинг энг бой спорт ташкилотларидан бири.


Катталиги ва қамровига қарамай, FIFA бунчалик кўп пул топишининг асосий сабаби жуда оддий: одамлар футбол томоша қилишни севади.

Жорий цикл учун режалаштирилган 13 млрд долларлик даромаднинг 8,9 млрд доллари (ёки 68 фоизи) теле-трансляция ҳуқуқлари, меҳмондўстлик пакетлари ва чипталар сотувидан тушади. Сўнгги бешта циклнинг ҳар бирида, шунингдек, жорий ва келгуси 2027−2030 йиллар учун бюджетларда ҳам айнан шу даромад манбалари FIFA умумий даромадининг ярмидан кўпини ташкил этади.

Ушбу умумий даромад ўн йил ичида икки баравар ошиши кутилмоқда.

Ҳатто Жаҳон чемпионатидан келадиган улкан фойдани ҳисобга олмаганда ҳам, жорий циклда даромад олдингиларига қараганда анча юқори. 2023 йилдан 2025 йилгача ташкилот 4,3 млрд доллар даромад олган; олдинги икки циклнинг дастлабки уч йилида бу сумма 1,8 млрд долларни ташкил этган эди. Ўтган йилги кенгайтирилган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан олинган 2,1 млрд долларни айириб ташлаган тақдиримизда ҳам, жорий цикл аввалгиларига қараганда 400 млн долларга даромадлироқ. FIFAʼнинг ўтган уч йиллик бюджетда режалаштирилган кўрсаткичлари билан солиштирганда, даромадлар мўлжалдан 778 млн долларга кўп.

FIFAʼнинг бир йиллик даромад рекорди 2022 йилда 5,769 млрд долларни ташкил этган ва ташкилот 2026 йилда бу кўрсаткични янгилашни режалаштираётган эди. Аслини олганда, бу мақсадга эришиб бўлинганини ҳозирданоқ биламиз.

2025 йил охиридаги FIFA ҳисоботларида 2023−2026-йилги цикл учун аллақачон шартнома тузилган, лекин ҳали ҳисобга олинмаган 7,783 млрд долларлик даромадлар кўрсатилган. Бошқача айтганда, бу даромадлар жорий йилда ҳисобга олинади. Бу 7,8 млрд доллардан ташқари яна қўшимча маблағ келиши ҳам деярли аниқ: масалан, аввалги Жаҳон чемпионати ўтказилган 2022 йилда FIFA 5,8 млрд доллар даромад олган, бу 2021 йил охирида шартнома тузилган миқдордан 1,6 млрд долларга кўп эди.

Жорий йил учун аллақачон шартномада белгиланган даромаднинг 3,3 млрд долларини ёки 42 фоизини трансляция ҳуқуқидан олинадиган даромадлар ташкил этади. Ўтган уч йиллик кўрсаткичларни қўшсак, FIFAʼнинг теле-трансляция ҳуқуқлари эвазига олган даромади 3,621 млрд долларга етади. 12 ой олдин Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини намойиш этиш ҳуқуқи учун олинган 1 млрд долларни ҳам қўшсак, бу сумма 4,621 млрд долларни ташкил қилади.

2000 йилларда трансляция ҳуқуқлари бўйича европалик харидорлар устунлик қиларди. 2007−2010-йиллардаги циклда FIFA умумий трансляция даромадларининг 50 фоизи футболнинг энг бой минтақаси ҳиссасига тўғри келган. Бироқ Европанинг бу устунлиги узоққа бормади. Сўнгги циклда Европа телеканаллари харидорлар орасида етакчиликни сақлаб қолди, лекин уларнинг умумий трансляция ҳуқуқларидан олинадиган даромадлардаги ҳиссаси атиги 31 фоизгача камайди. 2015−2018 йиллардаги циклда эса минтақа ҳатто иккинчи ўринга тушиб қолган эди.

Трансляция сотувлари бўйича етакчиликдан Европани ҳар сафар Осиё ва Шимолий Африка (қисқача MENA, яъни Яқин Шарқ ва Шимолий Африка деб номланади) сиқиб чиқарди. 2019−2022 йиллардаги циклда ушбу минтақадан олинган трансляция даромади 1 млрд доллардан ошди, ҳолбуки ундан олдинги тўрт йилликда бу кўрсаткичга бироз етмай қолганди. 2014 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда теле-трансляциядан олинган даромад 70 фоизга ўсди. Бу ўсишнинг аниқ манбаси батафсил кўрсатилмаганига қарамай, FIFAʼнинг медиа ҳуқуқлари бўйича ҳамкорларини таҳлил қилиш орқали кўп нарсага ойдинлик киритиш мумкин.

2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати учун MENA минтақасидаги ҳуқуқлар асосан Al Jazeera телеканалига тегишли эди. Шундан кейин ушбу тармоқнинг спорт бўлими алоҳида компанияга ажралиб, «beIN Media Group» номи остида ребрендинг қилинди ва Қатар давлат фондлари томонидан янада кенгроқ молиявий қўллаб-қувватланди. beIN раиси (ва «Paris Saint-Germain» клуби президенти) Носир Ал-Хелайфий айни пайтда қитъа жамоалари учун мустақил орган ҳисобланган Европа футбол клублари (EFC) уюшмасига ҳам раислик қилади. Бу эса Ал-Хелайфийга EFC раиси сифатидаги роли орқали FIFA Кенгашида вакиллик ўрнини эгаллаш имконини беради.

Европада клуб ўйинларининг теле-трансляция ҳуқуқларига шундоғам катта миқдорда маблағ йўналтирилгани FIFAʼнинг бу минтақадан оладиган даромадлари нега турғунлашиб қолганини изоҳлаши мумкин.

2010 йили Жанубий Африкада ўтган Жаҳон чемпионатида даромадлар энг юқори чўққига чиқиб, 1,289 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2019−2022 йиллардаги циклда бу кўрсаткичдан 200 млн доллардан кўпроққа ортда қолди. Европадан 2023 йилги Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун олинган даромадлар ҳам бошқаларникидан сезиларли даражада кам бўлди, бунга турнирнинг Австралия ва Янги Зеландияда ўтказилгани сабабли юзага келган вақт тафовутлари ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Бошқа бозорлар ҳам ҳавотирдан ҳоли эмас.

FIFAʼнинг 2023−2026 йилларга мўлжалланган бюджетида трансляция ҳуқуқларининг минтақалар бўйича кутилаётган тақсимоти ошкор этилмаган. FIFA The Athleticʼнинг бу борадаги сўровига жавоб беришдан бош тортди. Бироқ The Athleticʼнинг бош ташкилоти бўлган The New York Timesʼнинг яқинда эълон қилган ҳисоботида таъкидланишича, агар ушбу Жаҳон чемпионати учун ўйинчилар ва мухлислар ёпирилиб келадиган мезбон мамлакат билан ўртадаги келишув бўлмаганида, ўша 4,3 млрд долларлик кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин эди.

Fox Corporation АҚШда турнирни намойиш этиш учун 485 млн доллар тўлайди. Соҳа мутахассисларининг The New York Timesʼга маълум қилишича, агар бу ҳуқуқлар бугун тендерга қўйилса, уларнинг қиймати «1 млрд доллардан 1,5 млрд долларгача» баҳоланган бўларди . Бу келишув FIFAʼнинг 2022 йилги Жаҳон чемпионатини мезбон мамлакат Қатардаги жазирама ёздан қочиш учун ўша йилнинг охирига кўчиргани билан боғлиқ. Қишки давр шундоқ ҳам Америка спорт турлари (жумладан, NFL ва NBA) билан тўла бўлгани ва 2022 йилги ҳуқуқларни аллақачон сотиб олган Fox томонидан судга берилишидан хавотирланган FIFA шартномани 2026 йилгача узайтиришга рози бўлган.

Бу эса, FIFA жорий циклда трансляция ҳуқуқларидан олинадиган даромад 838 млн долларга ошишини прогноз қилаётганига қарамай, катта миқдордаги маблағнинг қўлдан кетишига сабаб бўлди. Қолаверса, бу рақамга Клублараро жаҳон чемпионати ҳуқуқлари учун кутилаётган қўшимча 1 млрд доллар киритилмаган.

Бюджетдаги трансляция даромадларининг минтақалар бўйича тақсимоти маълум бўлмагани учун, FIFA бу қўшимча 838 млн долларни қаердан олишни режалаштираётгани ноаниқ. Айниқса, даромадли АҚШ бозори ўн йилдан кўпроқ вақт олдин келишилган суммага боғлаб қўйилган бир пайтда.

Ушбу Жаҳон чемпионатида ўйинлар сонининг кўплиги, табиийки, ҳуқуқлар қийматининг ошишига олиб келади. Лекин, шуни ҳам биламизки, декабрь ойи охирига келиб FIFA жорий цикл учун мўлжалланган трансляция даромадининг 85 фоизидан ортиғини шартномалар орқали таъминлаб бўлган эди. Бюджет режасини бажариш учун 2026 йилда яна 643 млн доллар керак бўлади.

Бошқа ҳудудларда ҳам муаммолар юзага келган.

FIFA Шарқий Осиёдан кутилаётган трансляция даромадларини олишда жиддий қийинчиликларга дуч келди. Канада ва Мексика ҳаммезбонлик қиладиган Шимолий Америка Жаҳон чемпионати вақт тафовутлари сабаб, Қатар таклифи билан таққослаганда, жозибадорлигини анча йўқотди.

Май ойига қадар FIFA иккита йирик бозор — Хитой ва Ҳиндистон билан ҳуқуқлар бўйича шартномаларни ҳали имзоламаган эди. Ҳар бир ҳудуддан тўққиз хонали рақамларда даромад олиш мақсадини сезиларли пасайтиришга тўғри келди. Гарчи якунда China Media Group ва Ҳиндистонда Zee Entertainment билан келишувларга эришилган бўлса-да, FIFAʼнинг дастлабки режасидан сезиларли даражада чекингани кутилмоқда.

Ушбу турнирда ҳар бир ўйиннинг иккала бўлимини ҳам иккига бўлган сув ичиш танаффуслари (hydration breaks) кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Гарчи FIFA бу танаффуслар «фақат спорт билан боғлиқ масала» эканини таъкидлаб, тинимсиз уларни ёқлаб чиқаётган бўлса-да. 23 июнь куни Инфантино FIFA бу танаффуслардан молиявий жиҳатдан «ҳеч қандай фойда» олмаслигини, «FIFA учун қўшимча даромад йўқлигини, чунки барча тижорий келишувлар анча олдин имзолаб бўлинган»ини маълум қилди.

Бироқ бу баёнотда FIFA ʼнинг ҳар бир Жаҳон чемпионати ўйинига бундай кўп сонли қўшимча тўхталишларни жорий этиши ва мақташининг келажакдаги таъсири инобатга олинмаган. Агар бу танаффуслар сақланиб қолса, Испания, Португалия ва Марокашда бўлиб ўтадиган 2030 йилги чемпионат арафасида FIFA трансляторларга ҳуқуқларни сотаётганда янада юқори нархдаги пакетларни таклиф қила олади. Ҳозирча, FIFA даъво қилганидек, тўғридан-тўғри молиявий фойда келтирмаётган бўлса ҳам, агар сув ичиш танаффуслари Жаҳон чемпионатининг ажралмас қисмига айланса, бу баёнот ўз кучини йўқотади. Инфантинонинг тинимсиз уларни ёқлаб чиқаётгани эса фақат битта натижага ишора қилмоқда.


Ушбу Жаҳон чемпионати арафасида яна бир даромад манбаи диққат марказида бўлди. 2025 йил сентябрь ойи бошида FIFA тадбир учун динамик нархлаш тизимидан фойдаланиши тасдиқланганидан буён спорт нашрлари ва веб-сайтлари чипталарнинг ақлни шоширадиган нархлари ҳамда чипталар сотуви ва меҳмондўстлик пакетлари мисли кўрилмаган даромад келтириши ҳақидаги бошқа хабарлар билан тўлиб-тошди.

Ушбу даромадлар айнан қаерга тушиши ҳозирча номаълум, бироқ уларнинг 2022 йилги жаҳон чемпионатида Қатарда ўрнатилган 928,8 млн долларлик аввалги рекорддан анча ошиб кетиши аниқ.

FIFA ўз бюджетида дастлаб чипталар сотуви ва меҳмондўстлик пакетларидан 3,097 млрд доллар даромад олишни режалаштирганди; кейинчалик бу кўрсаткичга ўтган йилги Клублараро жаҳон чемпионати ҳисобидан яна 500 млн доллар қўшилди. АҚШдаги ушбу турнирдан олинган 410,5 млн доллар даромад аслида 500 млн долларлик бюджетдан анча кам, лекин асосий мусобақа — терма жамоалар ўртасидаги чемпионатда яна худди шундай ҳолат кузатилган тақдирда ҳам, бу барибир FIFA учун рекорд даромадни англатади.

Ўтган йил декабрь ойи охирида чипталар сотуви ва меҳмондўстлик пакетлари бўйича аллақачон 2,064 млрд долларлик шартномалар имзоланган эди.

Шундай қилиб, бюджет режаларини бажариш учун жорий йилда яна 986 млн доллар даромад топиш керак эди. Жаҳон чемпионати йилида савдолар қандай кетаётгани ҳақида бошқа кўрсаткичлар ҳам мавжуд.

FIFA аввалига меҳмондўстлик пакетларини ўз зиммасига олишни режалаштирган, бироқ қайта кўриб чиқилган цикл бюджетида бу фикридан қайтган эди. Аввалги аутсорсинг моделига қайтиш натижасида TKO Group шўба корхонаси бўлган On Location FIFAʼнинг меҳмондўстлик бўйича расмий ҳамкори этиб тайинланди.

TKOʼнинг сўнгги ҳисоботларига кўра, март ойи охирида On Location жаҳон чемпионати меҳмондўстлик пакетлари савдосига оид 937,3 млн доллар миқдоридаги нақд даромадларга эга эди. Бу бор-йўғи уч ой ичида 582,4 млн долларлик ўсишни кўрсатади ва мусобақа яқинлашгани сари фаоллик кучайгани ҳамда асосан АҚШ бозорида чипталарга бўлган талаби юқорилигини акс эттиради.

On Location томонидан йиғилган бу маблағнинг қанчаси FIFA даромадига айланиши ҳозирча номаълум.

Қизиғи шундаки, FIFAʼнинг аутсорсинг моделига қайтиши бюджет харажатларининг камайишига олиб келган, бироқ даромадларда шунга мос пасайиш кузатилмаган. FIFA меҳмондўстлик пакетлари савдоси харажатларини On Location зиммасига юклагани сабабли сарф-харажатлар табиий равишда камаяди, лекин On Location ўз иши учун салмоқли ҳақ олишини ҳисобга олсак, FIFAʼга тушадиган соф даромад ҳам камайиши кутилганди.

The Athletic нашри қайта кўриб чиқилган бюджетдаги бу номутаносиблик юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилганида, FIFA меҳмондўстлик моделидаги ўзгариш ҳисобга олинганини, бироқ чипталар сотуви ва меҳмондўстлик пакетларининг умумий бюджети ўзгаришсиз қолганини билдирди. Бундан келиб чиқадики, чипталар сотувидан кутилаётган даромадлар миқдори юқорига қараб қайта кўриб чиқилган бўлиши керак.

Даромаднинг камаймагани қисман чипталарнинг юқори нархи меҳмондўстлик пакетлари ҳисобидан йўқотилаётган маблағларнинг ўрнини қоплаш мақсадида ишлатилаётгани билан изоҳланиши мумкин. Шунга қарамай, декабрь ойида аноним тарзда маълумот берган манба The Athleticʼга бошқа йўналишларда пасайиб кетган даромадлар ўрни чипталар сотуви ҳисобига қопланмаётганини айтганди.

Ҳатто шу аутсорсинг моделида ҳам FIFAʼнинг меҳмондўстлик пакетрлари савдосидан оладиган даромади тўрт йил аввал Қатарда олинган 242,9 млн доллардан анча ошиб кетиши керак. Шунингдек, мезбон мамлакатдаги бозор шароитлари ва мусобақанинг улкан миқёси туфайли чипталар сотувидан тушган маблағ ҳам ўша пайтдаги 685,9 млн доллардан аллақачон ошиб кетган бўлиши лозим.

2026 йилда қўшимча 40 та ўйиннинг, асосан, каттароқ стадионларда ўтказилиши бу сафар сотувда анча кўпроқ чипта борлигини англатади: 16 та мезбон стадионнинг кутилаётган сиғимидан келиб чиқилса, қарийб 6,7 млн чипта сотувга чиқарилган бўлиб, бу 2022 йилдаги 3,2 млнлик кўрсаткичдан икки баробардан ҳам кўп.

FIFA бу чипталарнинг барчасидан айнан қанча даромад олгани келаси йилгача аниқ бўлмайди, бироқ унинг бор имкониятини ишга солиб АҚШ бозорини «соғиш» стратегияси аллақачон қимматга тушаётгани кўриниб турибди. Салбий ахборот оқими бутун чипта сотиш жараёнига соя солди ва янада жиддийроқ оқибатлар кутилиши мумкин.

9 июнь куни Техас бош прокурори Кен Пакстон FIFAʼнинг жаҳон чемпионати чипталарини сотиш амалиёти юзасидан тергов бошланганини эълон қилди, бунга ташкилотнинг харидорларни нима сотиб олаётганлари борасида чалғитгани ҳақидаги даъволар сабаб бўлди. Пакстон икки ҳафта ичида жаҳон чемпионати чипталари билан боғлиқ иш қўзғатган учинчи штат бош прокурори бўлди; май ойи охирида унинг Нью-Йорк ва Нью-Жерсидаги ҳамкасблари ўз штатларида чипталар сотуви бўйича текширув бошлаб, FIFAʼга чақирув қоғози юборган эди.

Мухлисларга чалғитувчи ўриндиқлар схемаси тақдим этилгани ва кейинчалик янги, қимматроқ чипта тоифасига жой очиш учун ўзгартирилгани ҳақидаги даъвога жавобан, FIFA дастлабки схемалар «ўриндиқларнинг аниқ жойлашувини эмас, балки йўл-йўриқ кўрсатиш учун мўлжалланганини ва стадиондаги ҳар бир чипта тоифасининг умумий қамровини акс эттиришини» таъкидлади.

The Athletic нашрига ушбу мақола учун тақдим этилган алоҳида баёнотда FIFA чипталарнинг юқори нархи борасидаги кенгроқ саволга жавоб берди. Шунингдек, ташкилот даромадлари 13 млрд долларлик режадан ошиб кетишига аллақачон ишора қила бошланган бир пайтда, чипта нархларини рекорд даражадан пасайтириш имконияти бор-йўқлигига ҳам ойдинлик киритди.

«Мухлислар FIFA Жаҳон чемпионатининг юраги ва ҳеч қачон бунчалик кўп чипталар тўғридан-тўғри мухлисларга сотилмаган, — деди FIFA вакили. — FIFA мезбон мамлакатлардаги йирик спорт ва кўнгилочар тадбирлар учун стандарт бозор амалиётларини акс эттирувчи чипталар сотуви ва иккиламчи бозор моделини яратди».

FIFAʼнинг бу турнирдан оладиган даромадлари ҳар бир транзакциядан 30 фоизлик йиғим ундирадиган қайта сотиш платформаси ҳисобига янада ортмоқда. Бу йиғим аввалги Жаҳон чемпионатларида 10 фоиз ёки ундан ҳам кам бўлган. АҚШда, аввалги мезбон мамлакатлардан фарқли ўлароқ, қайта сотишдаги йиғим учун юқори чегара ўрнатилмаган (чипталарни қайта сотиш бўйича қатъийроқ қонунлар амал қиладиган Мексикада нархлар номинал қиймат билан чекланди). FIFAʼнинг таъкидлашича, АҚШ бозорида бундай чекловнинг жорий этилиши сотувчиларни учинчи томон сайтларига ўтишга ва кўпроқ пул ишлашга ундаган бўлар эди.

«FIFAʼнинг қайта сотиш ва айирбошлашга мўлжалланган платформаси мухлисларга чипталарни сотиш ёки бошқа мухлисларга ўтказиш учун хавфсиз, шаффоф ва ишончли муҳитни таъминлайди», — дейди ташкилот вакили.

«Фойда олишга йўналтирилган учинчи томон чипта сотувчи платформалардан фарқли ўлароқ, FIFA нотижорат ташкилот. FIFA шуни фахр билан айта оладики, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Жаҳон чемпионатидан тушган даромад FIFA Низомига мувофиқ, FIFA Forward ва бошқа муҳим ташаббуслар орқали йилнинг ҳар бир кунида FIFAʼга аъзо 211 та ассоциациянинг барчасида эркаклар, аёллар ва ёшлар футболини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун қайта инвестиция қилинади».


Жаҳон чемпионатига олти ой қолганидаёқ FIFA маркетинг ва лицензиялаш ҳуқуқлари бўйича тўлиқ цикл учун белгиланган даромад режаларини ортиғи билан бажарганди. Лицензиялашдан тушадиган даромадлар бюджети EA Sports билан ўнлаб йиллик видео-ўйинлар ҳамкорлиги тўхтатилганидан сўнг 669 млн доллардан 400 млн долларга камайтирилганди. Шунга қарамай, 2025 йил охирига келиб шартномавий ёки реализация қилинган лицензия даромадлари 484 млн долларни ташкил этиб, пасайтирилган режадан ҳам ошиб кетди.

Бу циклда, айниқса, маркетинг кўрсаткичлари жуда юқори бўлди ва кўплаб янги келишувлар имзоланди. Улар орасида энг муҳими, эҳтимол, Саудия Арабистонининг давлат нефть компанияси ва дунёдаги энг даромадли ширкатлардан бири бўлган Aramco билан тузилган тўрт йиллик глобал ҳамкорликдир.

Аксарият Жаҳон чемпионати ҳомийликлари сингари, бу келишувнинг миқдори ҳам ошкор этилмаган, бироқ маълум хулосалар чиқариш мумкин.

Aramco билан келишув 2024 йилда Bank of America, Lay’s (Буюк Британияда Walkers), Lenovo ва Verizon каби бошқа йирик компаниялар билан бир қаторда имзоланган. FIFAʼнинг жорий тўрт йиллик давр учун келажакдаги шартномавий даромадлари — яъни, келишилган, лекин даромад сифатида циклнинг кейинги босқичларида, асосан Жаҳон чемпионати вақтида ҳисобга олинадиган битимлари — 2024 йилда 1,111 млрд долларга ўсди.

Aramco билан келишув «бир қатор тадбирлар, жумладан… FIFA 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва FIFA аёллар ўртасида 2027 йилги Жаҳон чемпионати учун ҳомийлик ҳуқуқларини» ўз ичига олиши эълон қилинган. Ўтган йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Aramco ҳамкор сифатида қайд этилмаган бўлса-да, анча кичикроқ бўлган 2025 йилги Қитъалараро кубокда (илгари Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати деб номланган ҳар йили ўтказилувчи мусобақа) ҳамкор сифатида кўрсатилганди. Шу сабабли, келишувнинг катта қисми 2026 йилдан бошлабгина даромад сифатида ҳисобга олинади ва ҳисобга олинмаган қиймат шартномавий даромадлар балансида сақланади (2027−2030 йиллар цикли учун шартномавий даромадлар ҳам 2025 йилда 1,1 млрд долларга ошган).

Жорий циклдаги шартномаларнинг 1,1 млрд долларга ошишини тўлалигича Aramco келишуви билан боғлаб бўлмайди, чунки 2024 йилда бошқа битимлар ҳам эълон қилинган эди. Лекин, таъкидлаш жоизки, маркетинг даромадлари учун дастлабки бюджетнинг учдан биридан кўпроғини ташкил этувчи бу улкан ўсиш айнан ўша келишув имзоланган йилда содир бўлди. Ва 11 июнь куни Мехико шаҳрида Жаҳон чемпионати бошланганда, «Ацтека» стадиони майдони периметри бўйлаб реклама панноларида биринчи бўлиб айнан Aramco номи акс этгани ажабланарли эмасди.

Саудия Арабистонининг FIFA ғазнасига яқинда қўшган ҳиссаси шу билан тугамайди.

Сўнгги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўзининг 500 млн долларлик маркетинг бюджетидан ошиб, ҳомийлик пакетларидан 669 млн доллар маблағ йиғди. Бу пакетлар, жумладан, Саудия Арабистонининг Давлат инвестиция фонди (PIF) билан келишилган эди.

Мазкур келишувнинг миқдори ҳам очиқланмаган. Шунингдек, АҚШда ўтган ёзда ўтказилган мазкур турнир учун AB InBev, Visa, Qatar Airways ва Coca-Cola каби бошқа компаниялар ҳам FIFA билан ҳамкорлик қилган. Шунга қарамай, PIFʼнинг ҳиссаси маркетингдан катта даромадга эришишда муҳим роль ўйнагани аниқ. Бу даромадлар Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг чипталар сотуви ва меҳмондўстлик пакетлари бюджетида қайд этилган 89 млн долларлик камомадни ортиғи билан қоплади.

Ушбу турнирдан олдинги воқеалар занжирини кўриб чиқсак, FIFAʼнинг Саудия молиявий манбалари билан алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётганини кўриш мумкин.

2024 йил декабрда FIFA ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган янги, кенгайтирилган форматдаги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини трансляция қилиш бўйича DAZN билан 1 млрд долларлик шартнома тузганини тасдиқлади. Кейинги ой DAZN Саудия PIFʼнинг шўба корхонаси бўлган SURJ билан «стратегик ҳамкорлик»ка киришди. Орадан яна икки ой ўтгач, SURJ «DAZNʼни айланма маблағ ва янги инвестициялар учун молиялаштириш мақсадида» компаниянинг оддий акциядорлик капиталига 1 млрд доллар сармоя киритди.

SURJ томонидан сотиб олинган улуш миқдори расман ошкор этилмаган, бироқ у 10 фоиз атрофида экани хабар қилинган. Буюк Британия Компаниялар палатасига DAZN бўйича тақдим этилган кейинги ҳужжатларда 2025 йил 2 апрелда бизнеснинг 8,98 фоиз улуши эвазига 987 млн долларлик янги акциялар чиқарилгани батафсил кўрсатилган. Бир ой ўтгач, май ойида DAZN 1 млрд доллар эвазига Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқларининг ягона эгасига айлангани расман тасдиқланди. Шундан сўнг, биринчи ўйин бошланишига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганда, PIF тадбирнинг «расмий ҳамкори» сифатида эълон қилинди.

Буларнинг барчаси ортидан жуда катта янгилик пайдо бўлди: декабрь ойидаги эълондан бир ҳафта ўтиб, FIFA Саудия Арабистонини 2034 йилги Жаҳон чемпионатининг ягона мезбони сифатида тасдиқлади. Бу бир йилдан ошиқроқ вақт олдин, мамлакат ягона даъвогар деб эълон қилинганда ва кўп ўтмай, расмий овоз беришга ҳали 13 ой борлигига қарамай, Инфантинонинг Instagram саҳифасида турнир мезбони сифатида кўрсатиб ўтилганда маълум бўлганди.

FIFAʼнинг 2034 йилги мезбонлик учун ариза топшириш муддатини атиги 25 кунгача қисқартириши ва ротация қоидаларига кўра фақат Осиё ва Океания даъвогарлик қила олиши учун 2030 йилги мезбонлар қаторига учта конфедерацияни қўшиши (1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган илк чемпионатнинг юз йиллиги муносабати билан учта ўйин Жанубий Америкада, қолганлари эса Африкадан Марокаш ҳамда Европадан Португалия ва Испанияда ўтказилади) Саудия Арабистонининг саккиз йилдан сўнг Жаҳон чемпионатини ўтказишига йўл очиб бергандек бўлди. The New York Times нашрининг ёзишича, Инфантинонинг бу қарорлар юзасидан «кенг қамровли маслаҳатлашувлар ўтказилгани» ҳақидаги даъволарига баъзи аъзо уюшмалар раҳбарлари эътироз билдирган.

Қандай йўл билан эришилган бўлмасин, Саудия Арабистони ўз уйида ўтадиган Жаҳон чемпионатини орзиқиб кутмоқда, FIFA эса Саудия давлат фондларидан салмоқли молиявий даромад кўрди. Жаҳон чемпионати шундоқ ҳам FIFA учун улкан маркетинг имкониятларини яратиб беради ва йирик корпорациялар азалдан ўз номларини жаҳон футболининг бошқарув органи номи ёнига қўйишдан мамнун бўлиб келишган.

Бироқ FIFA даромадларининг кескин ортиши айнан дунёнинг энг бой давлатларидан бири билан муносабатлар гуллаб-яшнаган пайтга тўғри келгани тасодиф эмас.

The Athletic нашри 2024 йилда Aramco билан тузилган шартноманинг таъсири ҳақида сўраганида, FIFA вакили «битта ҳомийлик келишувини алоҳида ажратиб кўрсатиш мантиқсиз» эканини айтиб, ўша йили бошқа йирик компаниялар билан имзоланган шартномаларни ҳам мисол қилиб келтирди.

Шундай бўлса-да, бу Жаҳон чемпионатида Aramcoʼнинг реклама баннерларидаги асосий ўрнини кўрмасликнинг иложи йўқ ва FIFAʼнинг ўзи ҳам икки йил аввал бу келишувга катта аҳамият қаратганди. FIFAʼнинг 2024 йилги йиллик ҳисоботида Aramco «асосий глобал ҳамкор» сифатида қайд этилган ва фақат шу келишув учун бутун бир саҳифа ажратилган — бундай алоҳида эътироф бошқа ҳомийларда яққол кўзга ташланмаган.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *