Қатар, Миср, Покистон ва бошқа воситачилар АҚШ ва Эронга ҳарбий ҳаракатларни 10 кунга тўхтатишни таклиф қилди, деб ёзмоқда Axios ўз манбаларига таяниб.
Таклифда сулҳ вақтида Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракати қайта тикланиши, АҚШ ва Эрон эса ундан узоқ муддатли фойдаланиш шартларини муҳокама қилишни бошлаши кўзда тутилган.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти воситачиларнинг таклифини ўрганмоқда ва Исроилони «дипломатик дарчани ёпиши» мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақирган.
Шу билан бирга, АҚШ минтақага қўшимча ҳарбий кучларни жойлаштириш орқали музокараларнинг муваффақиятсизликка учрашига ҳам тайёргарлик кўрмоқда, деб қўшимча қилди Axios.
Бир кун аввал The Washington Post АҚШ Эронга қарши янада кенг кўламли операция ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, нашр манбалари айни дамда америкалик ҳарбийларда бундай операцияни хавфсиз қўллаб-қувватлаш учун етарлича воситалар мавжуд эмаслигини кўрсатиб ўтган.
Пентагон 20 июль, душанба куни Эрон билан урушнинг охирги икки ҳафтаси давомида 100 га яқин америкалик ҳарбий яраланганини маълум қилди. Бу можарони тугатиш бўйича музокаралар барбод бўлганидан бери Теҳроннинг минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига берган зарбалари кучини кўрсатиб бермоқда, дейди WP.
Ушбу очиқлаш АҚШ ҳарбийлари жума оқшомида ҳалокатли ҳужумда ҳалок бўлган 2 америкалик аскарнинг шахсини аниқлаганидан сўнг ва Трамп маъмурияти бир неча кун давомида яқинда қанча АҚШ ҳарбий хизматчиси яраланганига аниқлик киритишдан бош тортганидан кейин юз берди. Пентагон вакили Шон Парнелл ижтимоий тармоқларда «7 июлдан бери 100 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги жароҳат олган деб топилди», уларнинг 96 фоизи ўшандан бери хизматга қайтди, деб ёзди.
Яна нималар маълум?
CNN нашрининг ёзишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги душанба куни кечқурун ҳарбий хизматчининг ўлими учун жавоб бериш ҳақида огоҳлантирилганидан бир неча соат ўтиб, Эронга қарши янги зарбалар берганини маълум қилди. Эрон давлат ОАВлари бир нечта ҳудудларда портлашлар юз берганини билдирди.
Трамп ҳаракатларни қандай давом эттиришни кўриб чиқаётган бир пайтда, АҚШ Яқин Шарқдаги қирувчи самолётлар сонини оширмоқда, деди АҚШ расмийси. Исроилдаги манбанинг хабар беришича, сўнгги кунларда Исроилга ўнлаб АҚШ ёнилғи ташувчи самолётлари етиб борган ва улар яна келишда давом этмоқда.
Кувайт «душман нишонларини» тутиб олди, Баҳрайнда тревога сиреналари чалинди ва Иордания Эрон ракеталарини уриб туширганини билдирди. Эрон АҚШ ҳарбий базалари жойлашган ушбу учта мамлакатга ҳужумларни кучайтирди.