Тошкент шаҳридаги модернизм меъморчилиги намунаси бўлган «Мовий гумбазлар» (Голубые купола) кафеси илмий тадқиқотлар асосида ҳамда меъморий меросни асрашнинг халқаро тамойилларига мувофиқ тўлиқ реставрация қилиниб, қайта тикланади. Бу ҳақда Мадания мерос агентлиги хабар қилди.
Бир кун аввал давлат муҳофазасига олинган ушуб кафеда ваколатли орган билан келишилмаган ҳолда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари агентлик томонидан тўхтатилганди. Объект масъулларига қонунчилик талаблари тушунтирилиб, тегишли кўрсатмалар берилган.
21 июль куни Маданий мерос агентлиги биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов «Мовий гумбазлар» кафеси муаллифи, таниқли меъмор Вил Муратов билан биргаликда объектни кўздан кечирган.

Кейинги йилларда олиб борилган таъмирлаш ишлари давомида объектнинг мозаик безаклари ўзгартирилган ва бу унинг дастлабки меъморий-бадиий қиёфасига таъсир кўрсатган. Ҳозирда Вил Муратов иштирокида унинг дастлабки қиёфасини илмий ўрганиш ва қайта тиклаш ишлари бошланган.
Объектни реставрация қилиш ва унинг дастлабки меъморий қиёфасини тиклаш лойиҳасини амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳ тузилади.
Унинг таркибига модернизм меъморчилиги соҳасидаги етакчи халқаро экспертлар, шунингдек, таниқли маҳаллий меъморлар, санъатшунослар ва реставрация мутахассислари жалб этилади. Лойиҳа устида олиб бориладиган ишларда Екатерина Головатюк, Борис Чухович ва Фотима Абдураҳмонова ҳам иштирок этади.
Халқаро ва маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини бирлаштирган ҳолда, ишчи гуруҳ объектнинг дастлабки меъморий-бадиий қиёфасини реставрация қилиш ва тиклаш бўйича илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқади, дейилади хабарда.


«Лойиҳанинг асосий мақсади — «Мовий гумбазлар»нинг тарихий, меъморий ва бадиий қадр-қимматини асраб қолиш, унинг дастлабки элементларини қайта тиклаш ҳамда ушбу ноёб ёдгорликни келажак авлодларга етказиш. Уни реставрация қилиш ишларининг бошланиши шунчаки алоҳида тарихий бинони қайта тиклашдан иборат эмас. Бу Ўзбекистоннинг ХХ аср меъморий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш, шунингдек, уни халқаро миқёсда намойиш этиш йўлидаги муҳим қадамдир», — дея қайд этди агентлик.
1968−1970 йилларда қурилган «Мовий гумбазлар» Тошкент шаҳрининг рамзларидан бири ҳам. У 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига 308-рақам билан киритилган. Ҳужжатга кўра, Шароф Рашидов шоҳкўчасида жойлашган «Мовий гумбазлар» кафеси давлат мулки ҳисобланади, унга нисбатан мулк ҳуқуқи «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг Яккасарой филиалига тегишли.




