• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Uzbekistan Airways маршрутлар, кечикишлар ва суст рақобат сабабли 120 млн доллар даромадни бой бермоқда — президент



Президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистоннинг стратегик корхоналарида харажатлар ортаётганини танқид қилди.

Унинг сўзларига кўра, тармоқлар жами харажатларнинг фоиз ҳисобида қисқаргани тўғрисида ҳисобот берган аввалги ёндашув ҳар доим ҳам ишларнинг ҳақиқий аҳволини акс эттирмаган. Маҳсулот бирлиги таннархининг таҳлили асл вазиятни кўрсатиб берди.

Чунончи, Навоий кон-металлургия комбинатида бир унция олтиннинг таннархи 8,2 фоизга ошган. Корхонанинг умумий харажатлари ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон металлургия комбинатида пўлат шарлар ишлаб чиқариш таннархи 5,4 фоизга ошган.

«Ўзкимёсаноат»да карбамид таннархи 11,1 фоизга, аммиакли селитра таннархи эса 8,3 фоизга кўпайган.

Йиғилишда, шунингдек, Franklin Templeton компанияси IPO’га чиқишга тайёрланаётган 13 та йирик давлат компанияси фаолиятини таҳлил қилгани маълум қилинди.

Хусусан, консультантлар баҳосига кўра, Uzbekistan Airways оптимал танланмаган маршрутлар тармоғи, рейслар ораси узоқлиги, кечикишлар кўплиги, шунингдек, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш соҳасида рақобатнинг йўқлиги сабабли қарийб 120 миллион доллар даромадни бой бермоқда.

Бундан ташқари, Franklin Templeton бир қатор йирик давлат компанияларининг бозор қийматини ошириш салоҳиятини баҳолади. Ушбу ҳисоб-китобларга кўра, «Ҳудудий электр тармоқлари» қийматини икки бараварга, Uzbekistan Airways қийматини 40 фоизга, «Ўзбектелеком» қийматини эса 50 фоизга ошириш мумкин.

Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини (UzNIF, таркибига Uzbekistan Airways, «Ўзбектелеком», ҲЭТ ва яна 10 та паниясининг улушлари киради) бошқарадиган Franklin Templeton вакиллари аввалроқ авиакомпания фаолиятини диагностикадан ўтказиб, 115 та тадбирни ўз ичига олган трансформация дастурини ишлаб чиққанди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дастур тўлиқ амалга оширилса, ташувчининг оператив фойдасини бир йилда 120 миллион долларга ошириш имкони пайдо бўлади. Ушбу чора-тадбирлар натижасида авиакомпаниянинг бозор қиймати 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энг йирик компанияси бўлмиш Навоий кон-металлургия комбинати олтин ишлаб чиқаришни 98,2 тоннагача оширганди (+2,1%), бироқ ўсиш суръатлари секинлашган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *