• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Саноатлаштириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянчи


Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакат босиб ўтган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, айниқса иқтисодий соҳада амалга оширилган ислоҳотларни таҳлил этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда саноатни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан бир қаторда «яшил» иқтисодиёт тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда мазкур икки жараён бир-бирини тўлдирувчи ва мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлигини таъминловчи омил сифатида қаралмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида саноат тармоқларини сақлаб қолиш ва уларни бозор муносабатларига мослаштириш асосий вазифа бўлган бўлса, кейинги босқичда маҳаллийлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда эса иқтисодий сиёсат саноатни модернизация қилиш билан бирга уни энергия тежамкор ва экологик барқарор моделга ўтказишга йўналтирилди.

Дунёда иқлим ўзгариши, энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиши ва углерод чиқиндиларини камайтириш масаласи долзарб бўлиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ҳам «яшил» иқтисодиётга ўтишни стратегик мақсад сифатида белгилади. Бу йўналишда 2030 йилгача мўлжалланган давлат дастурлари қабул қилиниб, аниқ индикаторлар белгиланди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 15 гигаваттга етказиш, электр энергияси ишлаб чиқаришда улар улушини 30 фоиздан ошириш, саноатда энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш каби вазифалар белгиланган. 

Ушбу мақсадларга эришиш йўлида қисқа вақт ичида сезиларли натижалар кузатилди. Хусусий инвестициялар ҳисобидан қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши бошланди, энергетика соҳасига миллиардлаб доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Натижада мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди. Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда қайд этилишича, энергетика соҳасига 6 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинган, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 59 миллиард киловатт-соатдан 82 миллиард киловатт-соатга етган. 

Янги саноат сиёсатида энг муҳим ўзгаришлардан бири – энергия самарадорлигига ёндашувнинг ўзгарганидир. Илгари асосий эътибор ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган бўлса, эндиликда ҳар бир маҳсулотни камроқ энергия сарфлаб ишлаб чиқариш устувор вазифага айланмоқда. Бу нафақат маҳсулот таннархини пасайтиради, балки миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ҳам оширади.

Айниқса, металлургия, кимё, цемент, тоғ-кон ва нефть-газ каби энергия талаб юқори бўлган тармоқларда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича йирик дастурлар амалга оширилмоқда. Бу корхоналарда замонавий ускуналардан фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш ҳамда рақамли бошқарув тизимларини кенг жорий этиш иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда. 

«Яшил» иқтисодиётга ўтишнинг яна бир муҳим жиҳати – хусусий сектор иштирокининг кенгайишидир. Сўнгги йилларда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасига хусусий инвесторлар кенг жалб қилинди. Бу эса рақобат муҳитини шакллантириш, давлат харажатларини қисқартириш ва янги технологияларни тезроқ ўзлаштириш имконини бермоқда. Президент иштирокида ўтказилган йиғилишда хусусий секторнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 24 фоизга етгани қайд этилди. 

Шу билан бирга, «яшил» иқтисодиёт фақат энергетика билан чекланмайди. Бу йўналиш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, шаҳарларни кўкаламзорлаштириш, «яшил» қурилиш стандартларини жорий этиш ва экологик тоза транспортни ривожлантириш каби кўплаб соҳаларни қамраб олади. Хусусан, мамлакатда чиқиндиларни энергияга айлантириш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг ишга тушиши чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш билан бирга қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш имконини ҳам яратади.

Албатта, олдинда ечимини кутаётган вазифалар ҳам кам эмас. Саноатнинг айрим тармоқларида энергия сарфи ҳали ҳам юқори. Иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чеклангани, экологик хавфсизлик масалалари ҳам давлат ва бизнес олдига янги талабларни қўймоқда. Шу боис саноат сиёсатида инновациялар, рақамлаштириш ва экологик стандартларга мувофиқ ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон саноат сиёсати мутлақо янги босқичга чиқмоқда. Агар аввалги даврларда асосий эътибор ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган бўлса, бугунги кунда сифат, энергия самарадорлиги, экологик барқарорлик ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устувор вазифага айланди. Бу эса мамлакатнинг халқаро иқтисодий майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, инвестиция жозибадорлигини ошириш ҳамда келажак авлодлар учун барқарор иқтисодий пойдевор яратишга хизмат қилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *