• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ИМВ 2026 йил учун Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнозини 8,1 фоизгача оширди


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026 йил учун ўсиш прогнозини сезиларли даражада — 6,6 фоиздан 8,1 фоизгача оширди. Янгиланган баҳолар 2027−2029 йиллар учун Фискал стратегияда келтирилган.

Агар прогноз ўзини оқласа, иқтисодий ўсиш суръати ўтган йилги 7,7 фоизлик кўрсаткичдан ҳам юқори бўлиб, сўнгги йиллардаги энг юқори даражага чиқади.

Инфляция 6,5 фоиз (аввалги 7 фоиз ўрнига), ишсизлик эса 4,5 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда.

Ҳужжатга кўра, жорий йил якунларига кўра номинал ЯИМ 2,183 квадриллион сўмни (тахминан 180 млрд доллар) ташкил этиши мумкин. Бу давлат бюджети тўғрисидаги қонунда белгиланган кўрсаткичдан 207 трлн сўмга кўп. Иқтисодий ўсиш прогнози 1,5 фоиз бандига оширилган.

Таққослаш учун, 2025 йилда иқтисодиёт дастлаб 6,6 фоизга ўсиши кутилган бўлса-да, йил якунида ўсиш 7,7 фоизни ташкил этган. 2026 йилнинг биринчи чорагида эса иқтисодий ўсиш суръати 8,7 фоизга етди.

Прогнозларни қайта кўриб чиқиш сабаблари сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олтиннинг жаҳон бозоридаги нархлари юқорилиги, сайёҳлар оқими ошиши ҳисобига хизматлар экспортининг жадаллашиши, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлароқ фойдаланиш ҳамда сўмнинг долларга нисбатан нисбатан барқарор курсини келтирган.

Хизматлар, саноат ва қурилиш

2026 йилда иқтисодиётнинг асосий драйвери бозор хизматлари бўлиши кутилмоқда. Прогнозга кўра, улар ҳажми 16,6 фоизга ошади (дастлаб 14,5 фоиз бўлиши кутилган). Саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга (6,4 фоиз), қурилиш 12,4 фоизга (10,2 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги эса 5 фоизга (4,2 фоиз) ўсиши прогноз қилинган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ички талаб олтинни ҳисобга олмаган ҳолда экспортнинг 20 фоизга ўсиши, асосий капиталга инвестицияларнинг 12,9 фоизга кўпайиши ва пул ўтказмаларининг тахминан 10 фоизлик ўсиши сақланиб қолиши ҳисобига қўллаб-қувватланишини кутмоқда. Шу билан бирга, умумий фискал тақчиллик ЯИМнинг 3 фоизи доирасида ушлаб турилиши режалаштирилган.

Саноат соҳасида электр энергияси ишлаб чиқаришни 93,3 млрд кВт/соатга етказиш режалаштирилган. Шундан 14,3 млрд кВт/соатини (15,3 фоиз) қуёш ва шамол электр станциялари таъминлаши керак. Табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 25,4 млрд куб метр даражасида бўлиши кутилмоқда.

Автомобилсозлик соҳасида 510 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шундан 396 мингтасини UzAuto Motors, 69 мингтасини ADM Jizzakh, 40 мингтасини BYD Uzbekistan Factory ва 5 мингтасини Volkswagen ишлаб чиқариши кўзда тутилган.

Хизматлар соҳасидаги ўсиш савдо, туризм, транспорт, молиявий хизматлар ва сервис инфратузилмасининг кенгайиши билан боғланмоқда. Ҳукумат хорижий сайёҳлар сонини 16 млн нафарга, туристик хизматлар экспортини эса 5 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда. Бунинг учун 483 та янги жойлаштириш объекти, шу жумладан, 86 та меҳмонхона очишрежалаштирилган.

Бюджет прогнозлари ҳам қайта кўриб чиқилди

2026 йил учун давлат бюджети, 2027-2029 йиллар учун фискал стратегия, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ўзбекистон яим

Иқтисодиёт бўйича кутилмалар ошгани муносабати билан 2026 йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари прогнози 515,8 трлн сўмдан 589,7 трлн сўмгача оширилди. Бу тасдиқланган кўрсаткичдан 73,9 трлн сўм ёки 14,3 фоизга кўп.

Консолидациялашган бюджет харажатлари ҳам 567,7 трлн сўмдан 638,4 трлн сўмгача — 70,7 трлн сўм ёки тахминан 12,5 фоизга оширилди. Харажатлар ўсишига қарамай, умумий фискал тақчиллик 65,4 трлн сўм ёки ЯИМнинг 3 фоизи даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бюджет даромадлари ўсишини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизматлар соҳасининг кенгайиши, солиқ базаси ҳамда солиқ тўловчилар сонининг кўпайиши, олтин ва мис нархларининг юқорилиги, яширин иқтисодиётни қисқартириш чоралари ва таваккалчиликка йўналтирилган солиқ назорати жорий этилгани билан изоҳламоқда.

Қўшимча харажатлар ижтимоий ва инфратузилма дастурларини, шунингдек, молия йили давомида қарор қабул қилинган стратегик лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ.

Йил якунларига кўра давлат бюджети даромадлари 439,7 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда, бу тасдиқланган прогноздан 19 фоизга юқори. Хусусан, ҚҚСдан тушумлар 93 трлн сўм, фойда солиғидан — 96,5 трлн сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан эса 49,8 трлн сўм бўлиши баҳоланмоқда. Қўшимча даромадлар, аввало, иқтисодий фаолликнинг юқорилиги ҳамда олтин ва мис нархларининг кутилганидан юқори бўлгани билан изоҳланмоқда.

Кўрсаткич Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан тасдиқланган Янгиланган прогноз Фарқ
2026 йил 2027 йил 2026 йил 2027 йил 2026 йил 2027 йил
I. Консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 585,0 589,7 585,9 +73,9 +0,9
Давлат бюджети 368,9 425,5 439,7 422.3 +70.8 -3,2
Давлат мақсадли жамғармалари* 78,6 87,5 79,0 89,1 +0,4 +1,6
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 24,3 25,4 27,0 25,4 +2,7
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқарижамғармалари 44,0 46,6 44,0 49,2 +2,6
II. Консолидациялашган бюджет харажатлари 567,7 644,5 638,4 653,8 +70,7 +9,3
Давлат бюджети* 328,7 384,9 381,3 369,6 +52,6 -15,3
Давлат мақсадли жамғармалари 148,4 161,2 152,6 171,5 +4,2 +10,3
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 24,3 25,4 31,8 25,4 +7,5
Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари 44,0 46,6 44,0 49,2 +2,6
Ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурлари харажатлар 22,4 26,4 28,8 38,1 +6,4 +11,7

Базавий сценарийга кўра, 2026 йилдаги жадал ўсишдан кейин иқтисодиёт ўсиши 2027 йилда 6,9 фоизгача секинлашади. Шундан сўнг 2028 йилда 7,1 фоиз, 2029 йилда эса 7,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Инфляцияни 2027 йилда 5−6 фоизгача, кейинги икки йилда эса 5 фоизгача пасайтириш режалаштирилган.

13 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 240 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган эди. Бунинг учун иқтисодий ўсишни йилига 8−9 фоиз даражасида таъминлаш талаб этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *