Йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган эркак Польшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Интерпол Миллий марказий бюроси маълум қилди.

Ташкилот маълумотига кўра, қидирувдаги шахсни топшириш Тошкент ва Варшавадаги Интерпол миллий марказий бюролари ўртасидаги музокаралар, ахборот алмашинуви, қўшма тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси кўмаги натижасида амалга оширилди.

Бюро маълумотига кўра, қидирувдаги шахснинг давлатлар чегарасини кесиб ўтиши Интерпол каналлари орқали аниқланиб, шундан сўнг у Польша ҳудудида қўлга олинган.

Польша ваколатли органлари ижобий қарор қабул қилгач, қидирувдаги шахс жиноий жавобгарликка тортиш ва қонунчиликка мувофиқ жазони ўташ учун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Интерпол орқали Перудан фирибгарликда гумонланаётган Туркия фуқароси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.