Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг голи Hyundai Goal of the Tournament — футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг энг яхши голи мукофотига даъвогарлар қаторига кирди.
Шомуродов Конго ДР терма жамоасига қарши кечган ва 1:3 ҳисобида якунланган ўйинда ажралиб турди. Ушбу тўп Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги дебют иштирокининг энг ёрқин эпизодига айланди.
Ташкилотчилар ўзбекистонлик ҳужумчининг голини «аниқлиги бўйича мукаммал ошириб ташлаш» деб таърифлади: ҳужум яхши тайёрланган, Шомуродов эса тўпни дарвозабон устидан маҳорат билан ошириб юборган.
Мукофотга, шунингдек, Килиан Мбаппе, Лионель Месси, Эрлинг Ҳоланд, Жуд Беллингем, Ферран Торрес ва бошқа футболчиларнинг голлари ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Хусусан, Мбаппе Франциянинг Сенегалга қарши ўйинидаги узоқдан йўллаган зарбаси, Месси Жазоир билан учрашувда Родриго Де Пауль узатмасидан сўнг киритган голи, Ҳоланд эса Бразилияга қарши баҳсда жарима майдони ташқарисидан йўллаган аниқ зарбаси учун номинацияга киритилган.
Рўйхатдан, шунингдек, янги зеландиялик Элайжа Жаст, гаитилик Вильсон Исидор, босниялик Керим Алайбегович, япониялик Дайдзен Маэда, Кабо-Верде терма жамоаси футболчиси Сидни Лопес Кабрал ва аргентиналик Хулиан Альвареснинг голлари ҳам ўрин олган.
Онлайн овоз бериш жараёни 20 июлдан 27 июлгача бўлиб ўтади. Ғолиб мухлисларнинг овоз бериши натижаларига кўра аниқланади (ҳавола).
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг энг яхши голи бўйича ФИФА томонидан ўтказилган овоз беришда ғолиб чиққанди. Унинг Конгога қарши ўйинда ўткир бурчакдан дарвозабон устидан ошириб йўллаган аниқ зарбаси 36% овоз тўплаган.