• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Давлат активларини сотиб олишда аванс икки баравар камайтирилиб, 15 фоизга туширилади


Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури тайёрланмоқда. Унга кўра, умумий қиймати 100 трлн сўм (тахминан 8,34 млрд доллар) бўлган 1300 та кўчмас мулк объекти, 8 минг гектар ер майдони ҳамда 66 та корхонадаги давлат улушлари савдога қўйилади. Бу ҳақда 21 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари ҳокимларни давлат мулкини сотиш бўйича тизимли иш олиб бормаётгани учун танқид қилди. Айни пайтда аукционларга умумий қиймати 22 трлн сўм бўлган 3 мингта давлат объекти қўйилган.

Давлат активларини харид қилаётган тадбиркорлар учун бошланғич тўловни 30 фоиздан 15 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда. Қолган маблағни эса фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Йиғилишда банклар балансидаги активлар ҳам кўриб чиқилди. Ҳозирги вақтда умумий қиймати 9,3 трлн сўм бўлган 2411 та объект ҳали сотилмаган.

Президент банклар балансидаги ҳар бир объектнинг нима асосда сақланаётганини таҳлил қилишни топширди. Шунингдек, харидори мавжуд бўлса-да, сотуви сунъий равишда кечиктирилаётган активлар бўйича қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда солиқ тушумлари ҳам муҳокама қилинди. Йил бошидан буён улар 27 фоизга ўсиб, 130 трлн сўмдан ошган. Бироқ қўшимча тушумлар бўйича йиллик режанинг атиги 40 фоизи бажарилиб, 12 трлн сўм йиғилган.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларини солиқ тушумларини ошириш бўйича корхоналар билан етарлича ишламаганини танқид қилди.

Мисол сифатида Бухоро вилояти келтирилди. У ерда айланмаси 100 млн сўмдан ортиқ бўлган 162 та корхона уч йил кетма-кет зарар билан фаолият юритиб, фойда солиғини тўламаган.

Бундан ташқари, 1500 та корхона ҚҚС тўламаган, фақат уни ҳисобга ўтказиш билан чекланган. Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

1 июлдан бошлаб 498 та йирик солиқ тўловчидан солиқ ундириш ваколати ҳудудларга ўтказилди. Вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ва ҳудудий солиқ органлари раҳбарларига ушбу корхоналар билан бевосита ишлаш ҳамда солиқларни тўлиқ йиғилишини таъминлаш топширилди.

Fitch Ratings ҳисоботига кўра, 2021−2025 йилларда Ўзбекистонда тахминан 5,1 млрд долларлик давлат активлари хусусийлаштирилган. Агентликнинг дастлабки исоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг ўзида хусусийлаштириш ҳажми 1,6 млрд долларни ташкил этган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *