• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент бизнес учун жарима, тўлов ва бюрократияни кескин камайтиришни топширди


Ўзбекистонда тадбиркорлар учун жарималар, тўловлар, йиғимлар ва бюрократик тартиб-таомилларни тубдан камайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни биринчи яримйиллик якунлари ва йил охиригача бўлган вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Ҳозирда 51 та вазирлик ва идора 322 та йўналиш бўйича молиявий жарималар солиш ҳуқуқига эга. 2024−2026 йилларда қўлланган жарималарнинг умумий суммаси 3 триллион сўмга яқинлашди.

Президент санкцияларни қўллаш ваколатига эга идоралар ходимларининг фикрлаши ва ёндашуви ўзгариши кераклигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорни жазолашдан олдин унга хатони тузатиш имкониятини бериш ва тўғри йўлни кўрсатиш зарур.

Йиғилишда, шунингдек, ташқи бозорларда рақобат кучаяётган бир шароитда ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун мажбурий тўловлар ҳамда йиғимларни камайтириш масаласи кўтарилди.

Мисол тариқасида келтирилишича, бир фура гилос экспорт қилинганда божхона йиғимлари, фумигация, сертификатлар олиш ва декларант хизматлари учун қўшимча харажатлар 5 миллион сўмга етади.

Барча вазирлар ва тармоқ раҳбарларига бир ҳафта ичида Президент администрациясига бюрократия, жарималар, тўловлар ва йиғимларни камайтириш, шунингдек, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар юбориш топширилди.

17 нафар ҳокимнинг лавозимга лойиқлиги текширилади

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев саноат ва экспорт соҳасидаги биринчи яримйиллик якунларини танқидий кўриб чиқди.

Биринчи чорак якунлари бўйича саноат режасини бажармаган 13 та туман ва экспорт қисқаришига йўл қўйган 15 та туман ҳокимлари жазоланганди. Ушбу раҳбарларнинг аксарияти шундан сўнг яримйиллик прогнозлар бажарилишини таъминлади, бироқ бир қатор ҳудудларда ўсиш суръатлари пастлигича қолди.

Янгиобод туманида саноат ишлаб чиқариши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига 1,8 фоизга ўсди. Суръатларнинг секинлашиши, шунингдек, Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам қайд этилди.

Касби, Денов, Тошкент, Пахтаобод, Жомбой, Тойлоқ, Бандихон, Мирзачўл ва Ёзёвон туманларида, Жиззах ва Навоий шаҳарларида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида экспортни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар қониқарсиз деб топилди.

Бош вазирга шу куннинг ўзидаёқ 17 нафар ҳокимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Президент тўққиз ой якунлари бўйича ўзгаришлар бўлмаса, вилоят ҳокимларининг ўринбосарларига нисбатан ҳам қаътий чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.

Ушбу йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистонда «Долзарб 40 кунлик» дастури доирасида энг оғир 2000 та маҳаллада янги иш тизими жорий этилаётганини маълум қилди. Ҳокимлар электр энергияси, газ, йўл ва сув билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун шахсан жавобгар бўлади, ўзгаришлар боришини эса Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси текширади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *