Ўзбекистонда пишиқчилик пайтида далада картошка нархи тушиб кетгани туфайли 325 минг тонна картошка сотилмай турибди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни ўтказилган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари жойларда интервенция тизими тўғри йўлга қўйилмаганини танқид қилди. Натижада пишиқчилик пайтида картошканинг харид нархи кескин пасайиб кетган ва фермерларнинг уни сотишга қизиқиши йўқолган.
Президент картошкани фермерлар фойда кўрадиган нархда захирага олиб, тақчиллик пайтида бозорга чиқариш орқали нархни барқарор ушлаш зарурлигини таъкидлади.
Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш инфратузилмасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йилнинг ярми ўтган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида мева-сабзавотни сақлайдиган бирорта ҳам совиткичли омбор ишга туширилмаган
Йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, ҳокимлар бу йил озиқ-овқат жамғармаларини 2,5 баробар кўпайтириб, 500 миллиард сўмга етказиши керак эди. Лекин айрим ҳудудлардан ташқари бирорта ҳоким жамғармага маблағ ўтказмагани айтилди.
Бош вазир ўринбосарига уч кунда график тасдиқлаб, ҳокимларга озиқ-овқат жамғармаларига ойма-ой қанча маблағ туширишини белгилаб бериш топширилди.
Йиғилишда иқтисодиёт учун ташқи хатарлар ҳам муҳокама қилинди. Президент глобал иқтисодиётдаги ҳозирги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини қайд этди. Асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик секинлашаётгани маҳаллий корхоналаримизга, айниқса, экспортчиларга таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хатарларни ҳисобга олган ҳолда ўз захираларини сафарбар қилишга тайёр бўлиши шартлиги таъкидланди.
Барча тармоқ ва ҳудудларга «ақл марказлари» бириктирилган. Энди Иқтисодий кенгаш ва 9 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Ишчи гуруҳлар «ақл марказлари» билан бирга 15 августгача тармоқ ва ҳудудлар кесимида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади. Бу таклифлар «ресурс — инфратузилма — лойиҳа — ишлаб чиқариш — бюджетга тушум — экспорт» занжирини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган бўлади.
Давлат раҳбари 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари мутлақо янгича ёндашув — «сафарбарлик сценарийси» асосида тайёрланиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳисобот берди, топшириқлар ижросини жойларда қандай ташкил қилиши бўйича режаларини айтди.
Президент Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи ярим йилликда 8,5 фоизга ўсганини маълум қилди. Бироқ 40 миллион аҳоли турмуш даражасини сезиларли ошириш учун иқтисодий ўсиш суръатлари 9−10 фоизга етиши кераклигини таъкидлади. У вазирлар ва ҳокимлардан фақат ҳисоботлар билан чекланмасдан, аниқ захиралар ва натижаларни кўрсатишни талаб қилди.