Навоий кон-металлургия комбинатининг «Мурунтов» конида БелАЗ русумли карьер самосвали хизмат пикапини босиб кетди. Бу ҳақдаги маълумот ижтимоий тармоқларда тарқалди. Уни корхона матбуот хизмати тасдиқлади.
Хабар қилинишича, ҳодиса 21 июль куни соат 5:30 да содир бўлган. Оқибатда комбинатнинг икки нафар ходими ҳалок бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Назорат қилувчи давлат ташкилотлари ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича текширувни бошлади.
НКМКда таъкидланишича, комбинатнинг масъул хизматлари томонидан бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
