Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ва яна саккиз нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Бу ҳақдаги маълумот жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида кўриб чиқиш учун тайинланган жиноят ишлари рўйхатида келтирилган. Судья сифатида Жасурбек Убайдуллаев иш олиб бормоқда.
Баҳодир Сидиқов билан бирга қуйидагилар ҳам иш бўйича айбланувчи сифатида иштирок этмоқда:
- Enter Engineering вакили Улуғбек Усмонов;
- Eriell Management вакили Нодиржон Бобоев;
- «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси собиқ ўринбосари Бахтиёр Анаркулов (2019 йил апрель ойида у «Ўзтрансгаз» молия бўйича бошқарув раиси вазифасини бажарувчи лавозимидан «Лукойл»дан 600 млн долларлик қарз сабаб четлатилган эди);
- «Ўзбекнефтгаз» харидлар департаменти бошлиғи Дилмурод Бурхонов;
- «Ўзбекнефтгаз» қошидаги Maxsusenergogaz корхонаси раҳбари Дилшод Ҳакбердиев;
- Алишер Очилов;
- Ҳамидулла Асатов;
- Масъуджон Ҳошимов.
Сидиқовга қандай айбловлар қўйилган?
Суд жадвалига кўра, «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ раҳбарига бир нечта эпизод бўйича айблов эълон қилинган:
- Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисми ҳамда 3-қисми «а» ва «в» бандлари — айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, жумладан ўша ҳаракат жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилиши;
- 205-модда 2-қисми «а» ва «б» бандлари — жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
- 209-модда 2-қисми «а» ва «б» бандлари — такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ёхуд уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган мансаб сохтакорлиги.
Қолган айбланувчиларнинг аксариятига жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек мансаб сохтакорлиги айбловлари қўйилган.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбарининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анаркуловга қўшимча равишда жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айби ҳам қўйилган.
Нодиржон Бобоев эса фақат ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳақидаги модда бўйича айбланмоқда.
Январда Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» ва Давактив агентлигида катта тафтиш кетаётганини, улар фаолиятида миллиардлаб сўмлик талон-торожлик аниқланганини айтганди. Давлат раҳбари ҳар икки ташкилот фаолиятини назорат қилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг масъулиятини текшириш ва коррупция схемаларини фош этишни топширган.
Ўша вақтгача «Ўзбекнефтгаз»да раҳбарият аллақачон алмашган эди. Декабрда илгари «Ўзбекгидроэнерго»ни бошқарган Абдуғани Сангинов Ўзбекистоннинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси бўлган «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси этиб тайинланганди. У Баҳодир Сидиқовнинг ўрнини эгаллади.
Кейинроқ Сангинов «йил давомида содир этилган жиддий қоидабузарликлар учун» Термиз, Жиззах, Мароканд, Кучлик нефть базалари раҳбарларини ишдан бўшатди.
Шунингдек, инвесторлар томонидан геологик қидирув ишларининг суст олиб борилаётгани туфайли «Ўзбекнефтгаз» мамлакатнинг учта минтақасидаги инвестиция блокларини қайта хатловдан ўтказишга қарор қилди. Компания ўз мажбуриятларини бажармаётган хусусий газ қазиб олиш операторларининг фаолиятини кўриб чиқиш ва рақобатбардош савдолар жараёни орқали янгиларини жалб қилишни режалаштирган эди.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 15,8 млрд кубометрни ташкил этди — бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга (18,4 млрд) нисбатан 14 фоизга (2,6 млрд кубометрга) камдир. Май ойида 3,2 млрд кубометр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг май ойидаги кўрсаткичдан 4,6 фоизга пастдир. Апрель ойида эса ойлик пасайиш 18,8 фоизни ташкил этганди. Таққослаш учун: 2019 йилнинг январь-май ойларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 25,9 млрд кубометрга етган, бу ҳозирги кўрсаткичдан 10,1 млрд кубометрга ёки 64 фоизга кўпдир.
Эслатиб ўтамиз, Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва мансаб сохтакорлигида айбланмоқда. У билан биргаликда ушбу ишда яна 5 киши бор. Иш Миробод тумани судида кўриб чиқилмоқда.