• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Қирғизистонда геология-қидирув ишларини олиб боради ва агролойиҳаларни йўлга қўяди


Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги, геология-қидирув, энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга келишиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунларини изоҳлаб, «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, томонлар Қирғизистон ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган қатор лойиҳаларни келишиб олган.

«Биз қорамол етиштириш бўйича қўшма кластер ташкил этиш, Қирғизистон ҳудудида шоли ва картошка етиштиришга келишиб олдик. Тадбиркорларимиз қурилиш материаллари соҳасига фаол кириб бормоқда, алюминий профиллар, полимер маҳсулотлари ва қурилиш қоришмаларини ишлаб чиқармоқда», — деди у.

Ҳамкорликнинг янги йўналишларидан бири геология-қидирув ишлари бўлади. Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ва ихтисослашган компаниялари Қирғизистон ҳудудида мазкур йўналишда ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

«Бу соҳада компанияларимиз муайян тажриба тўплаган. Бугун Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ва ихтисослашган компаниялари Қирғизистон ҳудудида геология-қидирув ишларини олиб бориш устида ишлайди», — деди Лазиз Қудратов.

Устувор йўналишлар қаторида энергетика, Қамбарота ГЭС лойиҳасини амалга ошириш ва кичик энергетикани ривожлантириш ҳам қайд этилди.

Томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ҳам алоҳида муҳокама қилди. ИССВ раҳбарининг сўзларига кўра, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши белгиланган жадвалдан олдинда кетмоқда.

Бундан ташқари, юкларни транзит қилиш, қайта ишлаш ва божхона расмийлаштируви учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон — Қирғизистон бизнес форуми якунлари бўйича умумий қиймати 1,5 млрд доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишга доир ҳужжатлар имзоланди ва келишувларга эришилди, деди вазир.

Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, йил бошидан буён икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 45 фоизга ошиб, 624,6 млн долларга етган. 2025 йил якунларига кўра эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилга нисбатан 37 фоизга ўсиб (874,7 млн доллардан), 1,2 млрд долларга етган.

«Раҳбарларимиздан аниқ топшириқлар олдик, қўшимча товар гуруҳлари ва номенклатурани белгиладик, ҳар икки мамлакатнинг экспортчи ва импортчиларини аниқладик. Энди товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш вазифасини бажариш устида биргаликда ишлаймиз», — деди у.

Вазир давлат ташрифини тарихий воқеа деб атаб, унинг фикрича, у яқин вақт ичида Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатларининг янги босқичини очиб беради.

Аввалроқ, 30 июль куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара масалаларини тўлиқ ҳал этадиган ҳамда ўзаро ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача оширадиган ҳужжатларни имзолади, дея маълум қилган эди Садир Жапаров. У, шунингдек, Андижонда Қирғизистоннинг бош консулхонасини очиш бўйича қарор қабул қилинганини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилишини минтақа геосиёсий ҳолатини ўзгартирадиган «аср қурилиши» деб атаганди. У, шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади, чунки «кучли Қирғизистон, кучли қўшни» икки мамлакат манфаатларига мос келади.

Музокаралар якунида президентлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Томонлар энергетика, савдо ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *