Ўзбекистонда автотранспорт воситасини вақтинча олиб қўйишни янги маъмурий жазо тури сифатида жорий этиш таклиф қилинди. Тегишли қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари томонидан муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда партия матбуот хизмати.
Ҳужжатда йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда янги жазо тури — автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш киритилади. Қоидабузарнинг автомобили ёки мотоцикли суд қарорига кўра 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатга жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.
Бундай чора йўл ҳаракати қоидаларини айрим қўпол тарзда бузиш ҳолатлари учун қўлланиши мумкин. Қонун лойиҳасида, шунингдек, бошқарувни вояга етмаган шахсга топшириш, ноқонуний пойгаларда қатнашиш, тезликни кескин ошириш ва маст ҳолатда ҳайдаш учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.
Хусусан, тезликни белгиланган меъёрдан 80 км/соатдан ортиқ ошириш учун транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 млн сўмгача жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Вояга етмаган шахсга транспорт бошқаришни топшириш оғир оқибатларга олиб келган ҳолларда эса жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида пойгалар фақат махсус ажратилган ҳудудларда, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда спорт тадбири сифатида ўтказилиши белгиланмоқда.
Партия ўзгаришлар йўлларда хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилганини қайд этди. Қонун лойиҳаси ҳозирда муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида ИИВ қўпол қоидабузарликларнинг бешта тури учун автомобилларни вақтинча олиб қўйишни жорий этишни, маст ҳолда ҳайдаганлик учун қамоқ жазосини киритишни ҳамда қўпол қоидабузарлар учун жарималарни тўлашдаги чегирмаларни бекор қилишни таклиф этган эди. Ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган «йўл безорилари»нинг машиналари мусодара қилина бошланиши мумкин.
ЙҲҚнинг қўпол тарзда бузилиши билан боғлиқ шов-шувли ҳолатлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб келмоқда. 2024 йилнинг октябрь ойида хонанда Жаҳонгир Отажонов Тошкент кўчаларида юқори тезликда ҳаракатлангани акс этган видеони жойлаштирганди. У аҳоли пунктидан ташқарида рухсат этилган 100 км/соат тезлик ўрнига 195 км/соатгача тезлашиб, ЙҲҚни бузган. Видео тарқалгач, ички ишлар органлари ходимлари ҳайдовчининг шахсини аниқлаб, унга нисбатан чора кўрган.
2026 йилнинг март ойида эса Сергели туманида Mercedes-Benz G-Class ҳайдовчиси 211 км/соат тезликда ҳаракатланиб, милтиллаб ёнувчи чироқдан фойдаланган. У видеони ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган. Ҳайдовчи аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилган, автомобили эса жарима майдончасига жойлаштирилган.
