• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Суд Сирдарёда собиқ мураббийининг шилқимлигидан ҳимояланиб бақирган 18 ёшли қизга берилган жаримани бекор қилди



Сирдарё вилояти судининг апелляция инстанцияси 18 ёшли қизга нисбатан маъмурий жавобгарлик тайинланган қарорни бекор қилди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ ушбу воқеа ҳақида зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ёзган эди. Унда қайд этилишича, 26 ёшли Сардоржон Ҳайитбоев маҳаллий спорт мактабида мураббий-ўқитувчиси бўлиб ишлаган, жабрланувчи қиз эса (лойиҳада исми Севара деб ўзгартирилган) унинг собиқ шогирди бўлган.

Маълум қилинишича, ҳодиса 17 июль куни, қиз 18 ёшга тўлганидан тахминан икки ҳафта ўтгач содир бўлган. Собиқ мураббий уни боғда учратиб, жинсий алоқа қилишни таклиф этган ҳамда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этган.

Сардоржон Ҳайитбоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41¹-моддаси 1-қисмига мувофиқ шаҳвоний шилқимлик содир этганликда айбдор деб топилиб, унга беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, қизга нисбатан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилди. Сайхунабод тумани жиноят ишлари бўйича судининг 28 июлдаги қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан майда безориликда айбдор деб топилиб, уч баравар базавий ҳисоблаш миқдори — 1 млн 236 минг сўм жаримага тортилди.

Nemolchi.uz лойиҳаси мазкур қарорни танқид қилиб, «Қизнинг бақиргани кимнинг осойишталигини бузди — унга шилқимлик қилаётганини эшитган йўловчиларникиними ёки режасини амалга ошира олмаган мураббийникиними?» дея савол қўйган. Лойиҳа, шунингдек, 18 ёшли қиз ўзини ҳимоя қилгани учун тўлаган жарима миқдори давлат учун ҳуқуқбузарнинг беш суткалик қамоғи харажатидан ҳам қимматга тушганини таъкидлаган.

Қиз ушбу қарор устидан шикоят қилди. Сирдарё вилояти судининг апелляция инстанцияси ишни қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилди.

Қизга нисбатан юритилган иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-қисмига асосан, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси мавжуд эмаслиги сабабли тугатилди.

Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Ҳакимова март ойида шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган беш суткалик маъмурий қамоқ жазоси етарли эмаслиги ва жуда расмий тусга эга эканини, бу эса жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётганини таъкидлаганди. У бу фикрни жазоларни кучайтириш режалари юзасидан билдирган.

Аввалроқ Nemolchi.uz лойиҳаси Ўзбекистонда айрим ҳолларда болаларга нисбатан содир этилган бузуқ ҳаракатлар жиноят эмас, балки шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик деб квалификация қилинаётганига эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хизмат сафари чоғида меҳмонхонада ҳамкасбини яқинлик қилишдан бош тортгани учун ёстиқ билан бўғган эркак шаҳвоний шилқимлик учун беш суткага қамалган эди. Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати буни модда санкциясида назарда тутилган энг юқори жазо деб атаган. Шу билан бирга, кўчада аёлга жинсий аъзосини кўрсатган эркак шаҳвоний шилқимлик, майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини олган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *