• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Грузия ва Ироқдан авиация керосини импорт қилишни бошлади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти натижалари ҳамда компаниянинг йил охиригача амалга ошириши режалаштирилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Компания олти ойда 11,5 млрд куб метр табиий газ қазиб олди. Нефть, дизель ёқилғиси, авиация керосини ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми прогноз кўрсаткичларидан ошди.

Йил якунига қадар «Ўзбекнефтгаз» 1,1 млн тонна автомобиль бензини, 983 минг тонна дизель ёқилғиси, 310 минг тонна авиация керосини ва 606 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, 1,18 млн тоннага яқин синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Йиғилишда авиация ёқилғисига ортиб бораётган талабни таъминлаш масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, геосиёсий вазият кескинлашгани сабабли Марказий Осиё орқали ўтувчи авиақатновлар сони ошган. Шунингдек, Ўзбекистонга амалга оширилаётган рейслар ҳам 2025 йилга нисбатан кўпайган.

Шу муносабат билан 2026 йилнинг июль-декабрь ойларида мамлакатнинг авиация керосинига эҳтиёжи 375 минг тоннага етиши кутилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўп.

Талабнинг асосий қисми маҳаллий нефтьни қайта ишлаш заводлари маҳсулотлари ҳисобига қопланиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, айрим ҳамкор давлатларда нефть маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий этилгани муносабати билан Ўзбекистон авиация керосинини муқобил манбалардан, жумладан, Грузия ва Ироқдан етказиб беришни йўлга қўйди.

Керосин импорти

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида керосин импорти 2,5 баробарга қисқариб, 49,7 минг тоннадан 19,5 минг тоннага тушган. Импорт қиймати ҳам 59,9 фоизга камайиб, 19,7 млн долларни ташкил этган.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси маълумотига кўра, 2026 йил бошида Эрон атрофидаги геосиёсий вазият кескинлашиши ва Ҳурмуз бўғози орқали етказиб беришдаги узилишлар сабаб авиация ёқилғиси нархи кескин ошган. Май ойи охирига келиб нархлар апрелдаги энг юқори даражадан пасайган бўлса-да, февраль ойи охирига нисбатан юқорилигича қолган.

Бу ҳолат Ўзбекистонга ҳам таъсир қилди. Жумладан, апрель-июнь ойларида керосин, шу жумладан авиация керосини импорти ўтган йилга нисбатан сезиларли камайди. Апрель ойида 5,5 минг тонна импорт қилинган бўлса, 2025 йилнинг шу ойида бу кўрсаткич 8,7 минг тоннани ташкил этган. Май ойида импорт 1,8 минг тоннани ташкил этган бўлиб, ўтган йилги 11,1 минг тоннадан 6,3 баробар кам бўлган. Июнда эса 1,9 минг тонна керосин олиб кирилган, бу 2025 йил июнидаги 23,9 минг тоннага нисбатан 12,5 баробар камдир.

Шу билан бирга, керосиннинг ўртача импорт нархи ўсиб борди. Апрель ойида бир тоннаси 879 доллар, майда 1101 доллар, июнда эса 1393 долларни ташкил этди. Бу 2025 йил июнь ойидаги 1005 долларга нисбатан 38,6 фоизга юқори.

Натижада 12 июнь куни Uzbekistan Airways Ўзбекистон шаҳарларидан Россияга амалга ошириладиган айрим рейслар сони қисқартирилишини эълон қилди. Компания бу қарорни авиация ёқилғиси тақчиллиги ҳамда унинг нархи ошгани билан изоҳлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *