5 август куни Хитойнинг Star Vision компанияси Шаньдун вилояти (Хитой) соҳиллари яқинидаги денгиз старт платформасидан Ерни масофадан зондлашга мўлжалланган Samarkand-2028 гиперспектрал сунъий йўлдошини учиради. Бу ҳақда Uzcosmos агентлиги хабар қилди. Учириш Тошкент вақти билан соат 07:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади. Шу билан бир вақтда Lampung-1 сунъий йўлдоши ҳам учирилади.

Samarkand-2028 сунъий йўлдоши бортига Uzcosmos мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект модули ўрнатилган. У гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини беради ва Ерни масофадан зондлаш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, олинган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурслар мониторинги ҳамда бошқа йўналишларда қўлланилиши режалаштирилган.

samarkand-2028, star vision, сунъий йўлдош

Сунъий йўлдошларни орбитага олиб чиқувчи ракета-ташувчи аллақачон старт кемаси бортига жойлаштирилган ва учириш ҳудуди томон йўл олган.

Ерни масофадан зондлашга мўлжалланган сунъий йўлдошни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорликда учириши режалари ҳақида 2025 йил ноябрь ойида, Uzcosmos агентлиги Star Vision компанияси билан стратегик меморандум имзолаганида маълум қилинган эди.

Samarkand-2028 номи 2028 йилда Самарқанд шаҳрида Халқаро астронавтика конгресси (IAC) ўтказилиши ҳақидаги қарор шарафига танланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2028 йилда 6U форматидаги илк илмий сунъий йўлдошини учириш устида иш олиб бормоқда. У буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек номи билан аталади. Шунингдек, мамлакатнинг илк маҳаллий космонавтини коинотга юбориш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда.