• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Кеча сув сабаб қўшнилар билан уришардик, бугун бирлашяпмиз». Сув вазири Шавкат Хамраев билан интервью

«Кеча сув сабаб қўшнилар билан уришардик, бугун бирлашяпмиз». Сув вазири Шавкат Хамраев билан интервью


2030 йилга бориб Ўзбекистонда 15 миллиард кубометргача сув танқислиги юзага келиши мумкин. Бу ҳақда сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Gazeta`га берган интервьюсида айтиб ўтди. Шунингдек, у иқлим ўзгариши шароитида мамлакат қандай чоралар кўраётгани, сув тежовчи технологиялар, Орол муаммоси ва қўшни давлатлар билан сув дипломатияси ҳақида сўзлаб берди.

Интервьюни матн ҳолида қуйида тақдим этамиз.

— Июль ойида АҚШда ўтказилган БМТ форумида иштирок этиб қайтдингиз. Аввало, шу сафар ҳақида гапирсангиз. У ерда Ўзбекистоннинг сув сиёсатига оид қандай таклифларни илгари сурдингиз?

— Форум Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ташкил этилди. Унда ҳар бир давлат белгиланган мақсадлари ва эришган натижалари ҳақида ҳисобот берди. Тадбирда халқаро экспертлар, айниқса, Барқарор ривожланиш мақсадларининг олтинчиси — сув ва санитария масалаларини муҳокама қилди.

Бу йўналишда Ўзбекистон муайян ижобий натижаларга эришгани қайд этилди. Таҳлилларга кўра, сув стресси бўйича мамлакатимизда кутилган салбий кўрсаткич 169 фоизни ташкил қилган бўлса, 2017−2022 йиллар давомида у 47 фоизга камайтирилиб, 122 фоизга туширилди. Жорий йилга келиб бу кўрсаткич яна 5 фоизга пасайиб, 117 фоизни ташкил этди. Мақсадимиз — 2030 йилга бориб уни 95 фоизгача тушириш. Шунингдек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 90 фоизга етказиш режалаштирилган.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Rubicon Water компаниясининг Шимолий Америка бўйича бош директори Даррен Макгрегор билан учрашувда, 6 июль, АҚШ.Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Rubicon Water компаниясининг Шимолий Америка бўйича бош директори Даррен Макгрегор билан учрашувда, 6 июль, АҚШ.

Яна бир муҳим жиҳат — молиялаштириш. Дунёда бу соҳага бюджетдан ўртача ярим фоиз атрофида маблағ ажратилса, Ўзбекистонда мазкур кўрсаткич 3−4 фоизга яқинлашмоқда. Бу давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан соҳага катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Форумга айнан шу натижаларга қандай эришилгани, қўлланаётган тажриба ва амалий ёндашувлар ҳақида сўз юритиш учун таклиф қилинган эдик. Делегациямизга Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Темуржон Бутунбоев бошчилик қилди. Биз халқаро ҳамжамиятга амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот бердик, шу билан бирга, бошқа давлатларнинг тажрибасини ҳам ўргандик ва фикр алмашдик.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

— Ҳозирда дунё сув сиёсатида кузатилаётган қайси тенденциялар Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим ҳисобланади?

— Жаҳонда иқлим ўзгариши оқибатлари тобора кучайиб бормоқда. Ҳозир Эль-Ниньо ҳодисасининг таъсирини кўриб турибмиз. Европада қурғоқчилик кузатилмоқда. Ҳатто тўрт томони сув билан ўралган Голландияда ҳам суғориш учун сув ҳажми қисқартирилди. Германияда, Дунай дарёсида, шунингдек, Венгрия ва бошқа мамлакатларда сув сатҳи пасайгани сабабли кемалар, ҳатто баржалар ҳаракатлана олмай қолди. Бу сув танқислиги қанчалик жиддий муаммога айланганини кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам бу жараёнлар сезилмоқда. Жорий йил ёз жуда иссиқ келди, музликлар тезроқ ва кўп эрияпти. Бу ҳолат ёз ойларида сув ҳажмини кўпайтиргандек туюлади. Аммо сув захираларининг қисқариши ва сув танқислигининг кучайишига сабаб бўлишини унутмаслик керак. Бунга Орол фожиасининг салбий таъсири ҳам қўшилмоқда. Натижада ҳар бир гектар ерни суғориш учун кўпроқ сув харажат қилинади, экинлар ҳам тез-тез сув талаб қила бошлайди. Аҳоли сонининг ўсиши ва сувга бўлган талабнинг ортиши эса сув тақчиллигини янада кучайтирмоқда.

Шунинг учун биз сув йўқотишларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Каналлар ва суғориш тармоқлари бетонлаштирилмоқда, сув тежовчи технологиялар кенг жорий этиляпти. Бу орқали сувдан самарали фойдаланишга, яъни ҳар бир кубометр сув ҳисобига кўпроқ ҳосил ва юқорироқ даромад олишга эришяпмиз.

Шу билан бирга, сув ресурсларини бошқариш тизимини ҳам такомиллаштириш зарур. Яъни замонавий рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва малакали кадрлар орқали сувдан янада оқилона фойдаланиш мумкин. Ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йилда 11 миллиард кубометрдан ортиқ сувни тежашга эришамиз. Бу, аввало, сув тежовчи технологиялар ва бошқа самарали чора-тадбирлар ҳисобига амалга ошади.

— Бизга сув қаердан келади, сув ресурслари қайси манбалар ҳисобига шаклланади?

— Ўзбекистоннинг сув ресурслари асосан, Орол денгизи ҳавзасига кирувчи манбалар ҳисобига шаклланади. Энг йирик сув артерияларимиз — Амударё ва Сирдарё бўлиб, уларга кўплаб сойлар қўшилади. Мамлакатда фойдаланилаётган сувнинг 90 фоиздан ортиғи айнан дарёлар ва сойлар ҳисобига тўғри келади. 5 фоиздан кўп қисми ерости сувлари ҳамда коллектор-дренаж сувларини қайта ишлатиш орқали таъминланади. Қолган сув ҳажми эса ёғингарчилик, сел ва тошқинлар ҳисобига сув омборларида тўпланган захиралардан олинади.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

— Мамлакатнинг бир йиллик сув истеъмоли қанчани ташкил этади? Бу кўрсаткичда йиллар бўйича қандай ўзгариш бор?

— Мустақилликка эришгунимизгача Ўзбекистон йилига ўртача 60−64 миллиард кубометр сув истеъмол қиларди. Бугунги кунда эса бу кўрсаткич ўртача 51 миллиард кубометр атрофида. Совет даврига нисбатан сув истеъмоли тахминан 21 фоизга камайган. Сув ресурслари йил сайин талабга нисбатан қисқариб боряпти. Шу боис, юқорида айтганимдек, сув танқислигини юмшатиш учун каналлар ва суғориш тармоқларини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби чора-тадбирларни изчил амалга оширяпмиз.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатда тахминан 15 миллиард кубометр сув тақчиллигини сеза бошлаймиз. Бугунги кунда 11−12 миллиард кубометр атрофида сув танқислиги кузатилаётган бўлса, амалга оширилаётган тадбирлар ҳисобига қарийб 11 миллиард кубометр сувни тежаш имконига эга бўляпмиз. Бу эса сув танқислигининг таъсирини сезиларли даражада юмшатмоқда.

Албатта, айрим ҳудудларда қийинчиликлар бор. Баъзи жойларда аҳоли талабга нисбатан 80−90 фоиз сув ишлатиб, тақчилликни сезяпти. Лекин ҳозирча сув етишмаслиги сабаб экинларнинг оммавий қуриб қолиши, такрорий экин экишдан воз кечиш ёки бошқа эҳтиёжларни тўлиқ чеклаш каби оғир ҳолатлар кузатилаётгани йўқ. Бу амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.

— Фермерлар ва аҳоли сув тежовчи технологияларни қандай қабул қиляпти? Уни жорий этишда қандай қийинчиликлар кузатиляпти?

— Сув тежовчи технологияларни йўлга қўйиш муайян билим ва кўникмаларни талаб қилади. Бу технология, аввало, сувни тежайди. Шу билан бирга, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари ва меҳнат ресурслари харажатларини ҳам сезиларли камайтиради. Натижада ишлаб чиқариш харажатлари икки-уч баробар қисқаради, ҳосилдорлик ва даромад эса икки-уч баробаргача ошади. Шу боис бу жуда самарали технология ҳисобланади.

Албатта, уни жорий қилиш учун дастлабки сармоя керак. Шунинг учун давлат имтиёзли кредитлар ажратяпти. Технология тўғри ўрнатилиб, тўғри фойдаланилса, субсидия ҳам берилади. Яъни қилинган харажатнинг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Биз фермерларга амалий ва сервис хизматлари билан ҳам кўмаклашяпмиз. Энг муҳими, Ўзбекистонда бу ускуналарни ишлаб чиқарадиган маҳаллий корхоналар сони кўпайди. Ҳозир 50−60 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Улар нафақат ускуналар ишлаб чиқаряпти, балки сервис хизматларини ҳам кўрсатяпти.

Бу — давлатнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш сиёсати. Технологияни тўғри жорий қилган фермерлар унинг самарасини кўриб, кейинчалик қолган ер майдонларида ҳам қўллаяпти. Улар бошқа фермерларга ҳам ўз тажрибасини улашмоқда. Кўпинча фермерлар давлат идоралари айтганидан кўра, қўшнисининг натижасига кўпроқ ишонади. Шунинг учун биз бошқа фермерларни ана шундай хўжаликларга олиб бориб, амалдаги натижаларни кўрсатяпмиз.

Бугунги кунда экин майдонларининг қарийб 60 фоизи сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 80 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Насослар, электр двигателлари, фильтрлар ва бошқа ускуналар етарли. Уларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳам мамлакатимизда мавжуд. Шу билан бирга, олимларимиз ҳам технологияларни янада такомиллаштириш устида ишлаяпти.

— Айрим фермерлар билан суҳбатлашганимизда улар сув тежовчи технологиялар сиёсатини қўллаб-қувватлашини, аммо ер ижара асосида берилгани сабабли хавотирлари борлигини айтди. Уларнинг фикрича, кредит олиб, технология жорий этади, лекин кейинчалик ер олиб қўйилса, кредит ҳам, қилинган меҳнат ҳам ўз зиммасида қолади. Вазир сифатида бу хавотирларга қандай қарайсиз?

— Менимча, бу — нотўғри қараш. Агар инсон бир ишни қилишни истаса, имконият излайди. Давлат томонидан барча ёрдам механизмлари яратилган ва биз амалий кўмак беришга тайёрмиз.

Ҳокимлар ҳам сув тежовчи технологияларни жорий этишдан манфаатдор. Чунки уларнинг фаолияти самарадорлиги шу каби кўрсаткичлар билан ҳам баҳоланади. Технология қанча кенг жорий этилса, бу ҳоким учун ҳам ижобий баҳоланади. Шунинг учун ҳокимлар бу жараёнга қарши эмас. Ахир сув тежалади, ҳосилдорлик ошади. Шу билан бирга, ҳоким ерни ўз хоҳиши билан тортиб ололмайди. Агар фермер шартнома талабларини бузган, ҳосилдорликни таъминламаган ёки бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, масала суд орқали кўриб чиқилиши мумкин.

Агар фермер сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, улардан тўғри фойдаланаётган бўлса, биз унинг манфаатини ҳимоя қиламиз. Агар қандайдир келишмовчилик юзага келса, сув тежовчи технологияларни қўллаётган фермер томонида бўламиз ва унга амалий ёрдам кўрсатамиз.

— Яъни фермерларнинг асосий хавотири шуки, технология учун кредит олинади, кейин ер олиб қўйилса, қарз уларнинг зиммасида қолади.

— Бундай бўлмайди. Амалда бу технология ўзини икки-уч йил ичида оқлайди. Шунинг учун менимча, бундай хавотирларни билдирган айрим фермерлар буни кўпроқ баҳона сифатида келтиряпти. Инсон хоҳламаса, турли баҳоналар топади. Балки унинг аввалдан қарзлари бордир ёки бошқа экин экишни режалаштираётгандир. Шу каби ҳолатларда бу масала баҳона сифатида келтирилиши мумкин.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

Фото: Сув хўжалиги вазирлиги.

— Экологлар кўпинча Ўзбекистонда сувнинг нархи жуда арзонлиги сабаб аҳоли ҳам, фермерлар ҳам унинг қадрига етмаяпти деган фикрни билдиради. Сиз бу эътирозга қандай қарайсиз? Сувнинг арзонлиги ҳақиқатан ҳам исрофгарчиликка сабаб бўляптими?

— Аввало, «сувнинг нархи» деган тушунча тўғри эмас. Бизда сувни истеъмолчига етказиш хизмати учун харажат қилинади. Бу хизматнинг таннархи ўртача 300−400 сўм. Айрим вилоятларда 600 сўм, баъзи ҳудудларда эса бир кубометр сувни етказиб бериш харажати 1000 сўмгача етади.

Ҳозир сув солиғи ўртача 107 сўмни ташкил қилади. Шу билан бирга, сув тежовчи технологияларни жорий қилган, каналларини бетонлаштирган фермерларга қатор имтиёзлар берилган. Улар айрим ҳолларда 50 фоизгача камроқ солиқ тўлайди. Аксинча, сув бошида жойлашган бўлиб, сув тежовчи технологияларни қўлламаганлар икки баробарга кўпроқ солиқ тўлашга мажбур бўлади. Агар сув охирида жойлашган ва бундай технологияларни жорий қилган фермерлар эса қўшимча 20 фоиз субсидия олади. Яъни барча механизмлар фермерларни сув тежовчи технологияларни қўллашга рағбатлантиришга қаратилган.

Биз амалдаги сув етказиб бериш хизмати учун белгиланган солиқ миқдорини нормал, деб ҳисоблаймиз. Агар у яна оширилса, фермерлар учун қўшимча юк бўлади. Ҳозир қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги сув ресурсларининг 90−92 фоизини истеъмол қилмоқда. Келгусида бу кўрсаткични 60−70 фоизгача туширишимиз керак. Бунда маҳсулот ҳажми камаймаслиги лозим. Аксинча, илғор технологиялар ҳисобига камроқ сув билан кўпроқ маҳсулот етиштиришга эришишимиз зарур. Тежалган сув эса биринчи навбатда, сув тақчиллигини қоплашга, қолган қисми эса ичимлик суви таъминоти, балиқчилик, саноат ва экологик эҳтиёжларга йўналтирилади.

— Орол денгизини қайта тиклаш ҳақида гапириш ҳали ҳам реалми ёки энди асосий эътибор унинг оқибатларини юмшатишга қаратилганми?

— Оролнинг қуриган тубида саксовул экиш ишларини олиб боряпмиз. Асосий мақсад — экологик оқибатларни юмшатиш. Орол бир мўъжиза, у бир неча минг йиллардан кейин қайта тикланиши мумкин. Чунки Орол учинчи марта қурияпти. Илгари ҳам икки марта шундай ҳолат кузатилган.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

Кўпчилик буни антропоген омиллар билан изоҳлайди. Менимча, инсонларнинг ерларни ўзлаштириши бу жараённи тезлаштирди, дейиш мумкин. Аммо асосий сабаб — музликларнинг эриши, ёғингарчиликнинг камайиши ва сув оқимининг қисқаришидир.

Бугун Амударё ва Сирдарёда аввалгидек сув йўқ. Ёғингарчилик ҳам камайган. Ёшлигимизда қор кўп ёғарди, ёмғирлар ҳам кўпроқ бўларди. Кейинги йилларда бу ҳолат ўзгарди. Шу сабабли Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш каби турли лойиҳалар ҳам Оролни қайта тиклашни эмас, балки мавжуд сув ресурсларини сақлаб қолишни кўзлаган. Улар асосан, ҳозирги суғориладиган майдонларни, мавжуд экологик вазиятни ва сувга бўлган эҳтиёжни таъминлашга қаратилган.

— Оролбўйи учун халқаро ташкилотлар ажратаётган грантлар ва маблағларнинг самараси қандай баҳоланади?

— Ажратилаётган маблағлар жуда кам. Шунинг учун президентимиз БМТ минбаридан туриб, халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди ва Оролбўйини қўллаб-қувватлаш учун Траст жамғармасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бугун бу ишлар нафақат давлат бюджети, балки имтиёзли халқаро кредитлар ҳисобига ҳам амалга оширилмоқда. Лекин мавжуд маблағлар муаммони тўлиқ ҳал қилиш учун ҳали ҳам етарли эмас.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилган даврда ҳам бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Чунки Орол фожиаси фақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг эмас, балки глобал экологик муаммодир. Унинг салбий таъсири минтақа билан чекланмайди, Европа ва бошқа узоқ ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатади.

Шунинг учун халқаро ҳамжамиятни бу масалага янада катта эътибор қаратишга ва имконият доирасида кўпроқ ёрдам беришга чақиряпмиз. Кейинги йилларда мазкур масалага халқаро эътибор янада кучаяди, деб ўйлаймиз.

— Музликларнинг эриши бугун Ўзбекистон учун қай даражада хавотирли? Бу жараён оқибатида ҳар йили қанча сув йўқотиляпти?

— Ҳозирги баҳолашларга кўра, айрим ҳудудларда музликлар 30 фоиздан ортиқ, баъзи жойларда эса 50 фоизгача эриб кетган. Бу тахминий кўрсаткичлар, аммо улар ҳақиқатга яқин. Бироқ ҳар йили қанча музлик эрийди ёки бу қанча сув йўқотилишига олиб келади, деган аниқ рақамлар йўқ. Чунки бу кўп жиҳатдан иқлим ва ёғингарчиликка боғлиқ. Масалан, бу йил ёғингарчилик яхши бўлди, ўтган йили эса бундай эмас эди. Келаси йил қандай бўлишини олдиндан аниқ айтиш қийин. Албатта, табиатда беш йиллик, етти йиллик, ўн бир йиллик иқлим цикллари мавжуд ва кўп ҳолларда жараёнлар шу даврийликка мос келади. Лекин иқлим ўзгариши шароитида бундай жараёнларни прогноз қилиш тобора мураккаблашмоқда.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

Шу боис музликларни сақлаш масаласи халқаро даражада ҳам катта эътиборга эга. Бу мавзуда йирик халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Музликларни мунтазам кузатиш учун махсус станциялар қуриш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг ишларини кенгайтириш ҳам режалаштирилган.

— Каналларни бетонлаштириш ишлари ҳақида ҳам тўхталсангиз. Бу борада қандай натижалар ва режалар бор? Айни пайтда қанча канал бетонлаштирилди?

— Юқорида айтганимдек, ҳар йили каналларимизнинг тахминан 10 фоизини бетонлаштиряпмиз. Жорий йил якунлари билан бундай каналлар улушини 40 фоизга етказамиз. Фақат шу йилнинг ўзида 600 километрдан ортиқ йирик канал ва 21 минг километр кичик канал бетонлаштирилди.

Умуман, капитал қурилиш дастури доирасида 293 та лойиҳани амалга оширяпмиз. Шундан 250 таси ирригация, 43 таси мелиорация соҳасига тўғри келади. Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу ишларга қарийб 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу пуллар каналларни бетонлаштириш ва сув иншоотларини таъмирлаш ишларига йўналтирилди.

— Каналларни тўлиқ бетонлаштириш қачонгача якунланиши режалаштирилган?

— Бу узлуксиз жараён. Ҳозир ер каналларини босқичма-босқич бетонлаштириб боряпмиз. Лекин буни 100 фоизга етказиш ҳақида гапириш қийин. Масалан, маълум бир босқичда 70 фоизга етганимизда, 50−60 йил аввал бетонлаштирилган бошқа каналларни қайта таъмирлаш зарурати туғилади.

Қолаверса, барча каналларни бетонлаштириш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Айрим каналлар табиий чуқурликлар орқали ўтгани ва ерости сувлари билан боғлангани учун уларда сув йўқотишлари кам бўлади. Бундай жойларда бетонлаштиришга эҳтиёж йўқ. Аммо тупроқ кўтариб қурилган ва сув йўқотишлари юқори бўлган каналлар, албатта, бетонлаштирилади. Асосий эътибор ҳам ана шундай нуқталарга қаратилган.

— Кейинги йилларда «сув дипломатияси» тушунчаси кўп қўлланяпти. Бугун қўшни давлатлар билан сув соҳасидаги муносабатлар қай даражада? «Сув дипломатияси» амалда нимани англатади?

— Президентимиз ташаббуси орқали қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар шаклланди. Доимий маслаҳат учрашувлари ўтказиляпти ва сув масаласи айнан шу ҳамкорликнинг муҳим асосларидан бирига айланди. Агар сув кеча бизга урушни келтириб чиқарадиган бир факторга айланган бўлса, бугун сув атрофида бирлашиб, бир-биримизга электр энергияси ва газ беряпмиз, қачон ва қанча сув чиқаришни келишиб оляпмиз. Мана шу — «сув дипломатияси».

Сув келишмовчилик эмас, ҳамкорлик воситасига айланиши керак, бугун сув атрофида бирлашяпмиз. Агар сув ресурсларидан қўшни давлатлар билан биргаликда самарали фойдалансак, бу минтақа иқтисодиётига қўшимча 3−5 миллиард доллар даромад келтириши мумкин. Бу нафақат қишлоқ хўжалиги, балки гидроэнергетика, экология, балиқчилик ва бошқа соҳалар учун ҳам катта самара беради.

интервью, сув хўжалиги вазири, шавкат хамраев

Фото: Хотам Мамадалиев / ЎзА.

Аксинча, бир-биримизни тингламай, ҳар бир давлат фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳаракат қилса, бу электр энергияси ишлаб чиқаришга, қишлоқ хўжалигига, балиқчиликка ва экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, халқлар ўртасидаги муносабатларга ҳам путур етади. Шунинг учун сувдан дипломатик ёндашув асосида, ўзаро келишув ва ишонч билан бошқариш барча томон учун манфаатлидир. Бу икки томонлама ҳам, кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *