Президент Шавкат Мирзиёевга «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ва йил охиригача амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ҳисобот тақдим этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳисоботда геология-қидирув ишларини кенгайтириш доирасида АҚШнинг Schlumberger компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Марказга замонавий суперкомпютер мажмуаси ўрнатилиб, янги дастурий таъминот харид қилинади ҳамда сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳалар ҳисобига йиллик 3D сейсмик тадқиқотлар майдони 1,8 минг квадрат километрдан 5 минг квадрат километрга, ўрганиш чуқурлиги эса 4,5 минг метрдан 8 минг метргача оширилади. Тайёрланадиган истиқболли геологик тузилмалар сони ҳам 19 тадан 30 тага етказилади.
Шунингдек, «Ўзбекгеофизика» АЖни модернизация қилиш режалари ҳам тақдим этилди. Конь-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий дала 3D сейсмик мажмуасини харид қилиш учун 38,8 млн доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекнефтгаз» томонидан 11,5 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилган. Нефть, дизель ёқилғиси, авиакеросин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш прогноздан юқори бўлган.
Йил якунига қадар 1,1 млн тонна автобензин, 983 минг тонна дизель ёқилғиси, 310 минг тонна авиакеросин, 606 минг тонна суюлтирилган газ ва қарийб 1,18 млн тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Таъкидланишича, Марказий Осиё йўналишидаги авиақатновлар сони ортаётгани сабабли июль-декабрь ойларида авиакеросинга талаб 375 минг тоннага етиши, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга кўп бўлиши кутилмоқда. Талабнинг асосий қисми маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари ҳисобидан қопланади, қолган қисми эса Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан импорт қилинади.

Қудуқлар қурилишида юқори ҳарорат ва босимга чидамли материаллар, ультратовушли каротаж, реал вақт режимидаги геофизик назорат ҳамда горизонтал бурғилаш технологияларини жорий этиш ҳам режалаштирилган.
Йиғилиш якунида президент аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, тармоқ корхоналарини технологик модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.
