31 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш,уларда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом билан таълим муассасаларида киришни назорат қилиш, видеокузатув, фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ҳамда ташқи ёритиш тизимларига қўйиладиган ягона техник талаблар белгиланди.
Ҳужжатга кўра, киришни назорат қилиш тизими идентификация воситалари орқали рухсат этилган шахсларни аниқлаши, барча кириш-чиқишларни электрон журналга қайд этиши ҳамда рухсатсиз киришга уринишларда ташвиш сигналини бериши керак.
Видеокузатув камералари мактаб биноси атрофи, стадион ва майдонлар, асосий кириш жойлари, назорат-ўтказиш пунктлари, ошхона, қават йўлаклари ҳамда «ташвиш» тугмаси ўрнатилган жойларга ўрнатилади. Видеоёзувлар камида бир ой давомида сақланиши белгиланди.
Шунингдек, хавфсизлик хизмати учун алоҳида хона ташкил этилиб, у видеокузатув мониторлари, видеорегистраторлар, «ташвиш» тугмаси, фавқулодда огоҳлантириш тизими, телефон алоқаси ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Қарорда фавқулодда вазиятлар учун икки хил овозли сигнал жорий этилиши ҳам назарда тутилган. Биринчи сигнал қуролли ҳужум, шубҳали шахс ёки буюм аниқланганда берилади. Бундай ҳолатда барча ҳаракатлар тўхтатилади, ўқувчилар ва ходимлар хоналарга кириб, эшикларни қулфлайди. Иккинчи сигнал эса ёнғин, авария ёки бошқа техноген ва табиий фавқулодда вазиятларда янграйди. Бу ҳолатда ўқувчилар ва ходимлар бинодан эвакуация қилиниб, белгиланган хавфсиз ҳудудга йиғилади.
Янги талаблар мактаб ҳудудларини кечаю кундуз видеокузатув остида сақлаш, киришни қатъий назорат қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган.
Бундан ташқари, қарорда тасдиқланган «Хавфсиз таълим» консециясига кўра, 2026 йил давомида таълим ташкилотларига кириш жойларида қўриқлов постлари ташкил этилади. 2027 йил давомида эса ушбу постлар жиҳозланиб, таълим муассасаларидаги мавжуд видеокузатув камералари қўриқлаш постлари мониторинг тизимига интеграция қилинади.