• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ирина Матвиенко зўравонликни тарғиб қилган эркак устидан шикоятидан кейин босимлар ҳақида хабар қилди


Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко унинг шикояти асосида спортчи Солиҳжон Ибрагимов зўравонликни тарғиб қилгани учун жаримага тортилганидан кейин ҳамон таъқиблар давом этаётганини маълум қилди (у: «Келажакда хотиним фақат аниқ зарбаларни қабул қилиши учун машқ қиляпман», деб ёзган эди).

«Мен ИИВга шикоят қилган спортчини суд зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи контентни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор деб топиб, ундан 2000 доллар миқдорида жарима ундириш ҳамда iPhone 15 Pro Max телефонини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганидан кейин эркаклар менга қарши таъқиб бошлади. Улар менга лаънатлар ёзмоқда, ҳаётимни кераксиз деб аташмоқда, мени қўрқоқликда ва яна турли нарсаларда айблашмоқда. Айримлар мен бир йигитнинг ҳаётини барбод қилганимни айтмоқда. Уларнинг гаплари аёлларга нисбатан нафратга тўла… Эътиборлиси, бу «биродарлар»нинг барчаси аноним ёки ёпиқ аккаунтлардан ёзмоқда», — деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячиси 31 июль куни хабарлар скриншотларини илова қилиб.

2 август куни у боксчи ва бодибилдер Жавоҳир Жўрабековдан келган шахсий хабар скриншотини эълон қилди. Унда: «Аллоҳ сени шундай жазоласинки, қилган ишингдан пушаймон бўлгин… Ҳар бир намозимда шуни сўрайман!» дейилган.

Унинг сўзларига кўра, Садиқов фамилияли бошқа бир йигит эса унинг постлари остида тўнғиз стикерларини қолдириб, нега у фоҳишаларга эмас, спортчиларга эътибор қаратаётганини ёзмоқда.

Ирина Матвиенконинг таъкидлашича, у фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга видео ва изоҳларни текширишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Терговчи ҳам, судья ҳам (иккаласи ҳам эркак) спортчи қонунни бузганини тасдиқлаган.

«Миробод тумани ИИБ терговчиси Бекзод Қурбонов мурожаатни ўрганиб, видеони текширди ва унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик белгилари ва таркибини аниқлади… Судья Жаъфар Қурбонов иш материалларини ўрганиб, терговнинг ҳуқуқий баҳосини тўғри деб топди. У енгиллаштирувчи ҳолатларни (ёши, пушаймонлиги, айбини тан олгани) инобатга олиб, моддада белгиланган энг кам жазога яқин миқдорда — 60 БҲМ жарима тайинлади», — деди у. (Мазкур моддада 50 БҲМдан 400 БҲМгача жарима ҳамда маҳсулот ва уни тайёрлаш воситаларини мусодара қилиш назарда тутилган.)

«Бу икки эркак қонун, ўз ваколати ва хизмат вазифалари доирасида иш тутди. Аммо таъқиб айнан менга қарши бўляпти — эҳтимолий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ҳуқуқимдан фойдаланганим учун. Айтганча, [спортчи] ҳам биринчи инстанция суди қароридан 10 кун ичида шикоят қилиш ҳуқуқига эга», — дея қўшимча қилди ҳуқуқ ҳимоячиси.

«Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман, аммо айримлар мени айбдорликни ва қўрқувни ҳис қилишимни истаётганини кўряпман. Бу видеони мен жойламаганман, материалларни мен текширмаганман, ҳукмни мен чиқармаганман ва бировнинг тақдирини мен ҳал қилмаганман. Мен нималар учун жавобгар эканимни ва бошқа одамларнинг масъулияти қаерда бошланишини аниқ биламан», — дея таъкидлади у.

Ирина Матвиенконинг айтишича, ариза берганидан кейин шундай босимга дуч келиши мумкин бўлган аёллар қуйидагини билиши керак: «Сиз ҳаммасини тўғри қиляпсиз. Текширувни терговчи ўтказади. Қарорни судья қабул қилади. Бу уларнинг масъулият соҳаси, сизники эмас. Сиз ҳеч кимнинг ҳаётини барбод қилмаяпсиз. Сиз мамлакат қонунчилиги кафолатлаган ҳуқуқдан фойдаланяпсиз».

Унинг маълум қилишича, танишлари хавфсизлик нуқтаи назаридан унга вақтинча мамлакатни тарк этишни таклиф қилмоқда, аммо мажбуриятлари сабабли буни қила олмайди. У 2023 йилда ҳам ўлим билан таҳдид қилинганини, шундан сўнг бир муддатга мамлакатдан чиқиб кетганини эслатди. Ўшанда унга аноним аккаунт таҳдид қилган бўлса, ҳозир эса «ўзи билан бир шаҳарда яшайдиган, бошқаларга мураббийлик қиладиган ва Instagramʼда 35 минг обуначиси бўлган ҳақиқий боксчи» таҳдид қилмоқда.

«Ўтган сафар давлат менга қилинган таҳдидлар учун ҳеч кимни жазоламади. Мен бошқаларни ҳимоя қиламан, аммо ўзим ҳимоясизман», — деб ёзди Nemolchi.uz асосчиси.

Унинг қўшимча қилишича, кикбоксчидан ҳимояланиш учун ҳимоя ордерини олиш ҳақида ҳам ўйлаган. Бироқ ордерда ҳар икки томоннинг шахсий маълумотлари кўрсатилиши уни янада ҳимоясиз қилиши мумкинлигини тушунган.

3 август, душанба куни Ирина Матвиенко Тошкент давлат юридик университетининг «Киберҳуқуқ» мутахассислиги бўйича магистр дипломини олди. У магистрлик диссертациясини «Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликни ҳуқуқий тартибга солиш: бўшлиқлар ва ислоҳот йўналишлари» мавзусига бағишлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *