2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда пора олиш билан боғлиқ 96 та жиноят содир этилди. Бу ҳақда 28 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ўтказилган жамоатчилик эшитувида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Тадбирда журналистлардан бири 2026 йил коррупцияга қарши курашиш соҳасида «фавқулодда ҳолат» эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқларда пора билан қўлга тушганлар ҳақидаги хабарлар кескин кўпайганини таъкидлади. У агентликдан коррупциянинг олдини олишга қаратилган аниқ ечимлар юзасидан изоҳ сўради.
Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхановнинг айтишича, жамоатчилик кўпроқ коррупция билан қўлга тушганлар ҳақидаги хабарларга эътибор қаратмоқда, янги тизим ва механизмлар эса кўпинча четда қолиб кетяпти.
«Бизнинг таҳлилларга кўра, бир ҳафтада ОАВда чиққан 10 та материалнинг еттитаси коррупциянинг олдини олиш чоралари ҳақида, учтаси эса кимнингдир жавобгарликка тортилгани ёки пора билан ушланганига оид бўлади. Лекин айнан тезкор тадбирларда ушланганлар ёки қанчадир йилга қамалганлар ҳақидаги хабарлар кўпроқ резонанс уйғотмоқда», — дейди у.
Бурхановнинг таъкидлашича, «фавқулодда йил» эълон қилингач, пора олиш билан боғлиқ ҳар бир жиноят оммага очиқ ёритилмоқда. Бу эса айримларда коррупция кучайган, деган тасаввурни уйғотяпти.
«Аслида эса рақамлар бошқача манзарани кўрсатади. Ўтган йилнинг биринчи ярмида пора олиш билан боғлиқ 107 та жиноят қайд этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида улар сони 96 тани ташкил қилди. Биз ҳар бир ҳолатни ёритиш орқали жиноят жазосиз қолмаслиги ва жазо муқаррарлигини кўрсатмоқчимиз», — дейди агентлик раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, жазо муқаррарлигини таъминлаш билан бир қаторда, бюрократияни қисқартириш, коррупция хавфларини камайтириш каби профилактик чораларни кенгроқ тушунтириш ҳам муҳим ҳисобланади.
«Коррупцияга қўл урмаслик учун қандай чоралар кўрилаётганини кўпроқ тушунтиришимиз керак. Бу борада тарғибот ва профилактика ишларини кучайтиришимиз лозим», — дейди у.
Бурханов ОАВни суд ҳукмигача хулоса чиқармасликка чақирди
Акмал Бурханов агентлик аниқлаган коррупция ҳолатларининг қанчаси судгача етиб бориши ва қанчаси ҳукм билан якунланиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, коррупцияга оид ишларни жамоатчиликка эълон қилишда эҳтиёткорлик муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, ҳозир жиноят устида ушланган шахслар ҳақида маълумотлар очиқ эълон қилинаётган бўлса-да, бу ҳар доим ҳам шахснинг айби исботланганини англатмайди.
«Бизда ҳали айби судда тасдиқланмасидан олдин шахсларнинг исми-шарифи, сурати билан эълон қилиш ҳолатлари учраб туради. Бироқ бу ерда шахснинг қадр-қиммати, шахсий маълумотлари масаласи ҳам мавжуд. Шунинг учун бу борада мувозанат сақланиши керак», — дейди у.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Бурханов мисол сифатида Сурхондарё вилоятидаги туманлардан бирининг собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши доирасида тарқалган маълумотларни келтирди. Унинг айтишича, собиқ ҳоким коррупцион жиноятда гумонланувчи сифатида эълон қилинганидан сўнг жамоатчилик уни айбдор деб қабул қилган. Кейинчалик эса суд унинг айбини тасдиқламаган.
«Натижада одамларда „Жиноят устида ушланган шахс қандай қилиб яна раҳбарлик лавозимига тайинланди?“, деган савол пайдо бўлди. Ваҳоланки, унинг айби исботланмаган, тергов ҳам шу асосда тўхтатилган», — дейди агентлик раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда коррупцион жиноятга қўл ургани судда исботланган шахсларни давлат хизматига қабул қилмаслик тўғрисида қонун мавжуд ва бу амалда ишлайди. Шу боис шахсга нисбатан ҳуқуқий хулоса фақат суд қарори билан чиқарилиши лозим.
Бурханов Европа давлатларида, одатда, коррупция ишлари бўйича маълумотлар суд ҳукмидан кейин эълон қилинишини эслатиб, оммавий ахборот воситаларини ҳам суд жараёни якунланмасидан туриб олдиндан хулоса чиқармасликка чақирди.
«Ҳар бир ишнинг якуни турлича бўлиши мумкин: айб исботланиши ҳам, исботланмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас», — дейди у.
«Биринчи раҳбарлар ҳам жавобгарликка тортиляпти»
Яна бир журналист коррупция ҳақидаги хабарларда кўпинча юқори лавозимли амалдорлар эмас, балки уларнинг ёрдамчилари ёки қуйи бўғин ходимлари тилга олинишини қайд этди. У коррупция учун айнан юқори мансабдорлар нега камроқ жавобгарликка тортилаётгани, бу ҳолатларга қачон барҳам берилиши юзасидан изоҳ сўради.
Акмал Бурханов коррупция учун жавобгарликка фақат амалдорларнинг ёрдамчилари тортилаётгани ҳақидаги қараш ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. У сўнгги вақтларда республика даражасидаги биринчи раҳбарлар ҳам, туман ҳокимлари ҳам коррупция жиноятлари бўйича жавобгарликка тортилаётганини таъкидлади.
«Ўтган йили ўнлаб туман ҳокимлари коррупция жиноятлари учун жавобгарликка тортилди. Бу йил ҳам биринчи раҳбарларга нисбатан ишлар қўзғатилмоқда. Лавозими, мансаби ёки мавқеидан қатъи назар, коррупция жинояти учун жазонинг муқаррарлиги таъминланяпти», — дейди у.
Бурханов туман ва шаҳар даражасида коррупция ҳолатлари кўпроқ учрашига мазкур бўғинларда ишловчилар сони республика даражасига нисбатан анча кўплиги ҳамда аҳоли билан бевосита ишлаш ваколати асосан уларга берилгани сабаб бўлишини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, юқори мансабдорларга нисбатан жиноят ишлари ҳақида маълумотларнинг кечроқ эълон қилиниши тергов жараёни талаблари билан боғлиқ.
«Масалан, кўприк қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва судга оширилди. Олти нафар йўл қурилиши соҳасидаги мансабдор шахс жавобгарликка тортилмоқда. Аммо ҳали суд ҳукми чиққани йўқ. Айб аввал судда исботланиши керак. Шу кунларда ҳукм эълон қилиниши кутиляпти», — дейди у.
Бурхановнинг айтишича, тергов давом этаётган ишлар бўйича барча маълумотларни очиқлаш мумкин эмас.
«Журналистлар ва блогерлардан шуни сўрардимки, иш якунига етгач, жамоатчилик тўлиқ ахборот олиши керак. Аммо тергов жараёнида ошкор этилиши мумкин бўлмаган маълумотлар ҳам бўлади. Бу ерда процессуал қонунчилик талабларига риоя қилиш муҳим», — дейди агентлик раҳбари.
