8 июль куни жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани (Хоразм вилояти) судида Россия-Украина урушида қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган фуқаро Д.Я.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатларига кўра, Д.Я. 2024 йил январь ойида меҳнат мигранти сифатида ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган ва турли ишлар билан шуғулланган. Кейинчалик, 2025 йил апрель ойида Тверь шаҳрида мавсумий қурилиш ишларида ишлаб юрган вақтида Россияда вақтинча бўлиш қоидаларини бузгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Суд материалларида қайд этилишича, шундан сўнг унга Россия Қуролли кучларида шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташ таклиф қилинган. Д.Я. моддий ва бошқа шахсий манфаатларини кўзлаб ушбу таклифга рози бўлган ҳамда 2025 йил 9 июнда Россия Мудофаа вазирлиги билан 77949-сонли ҳарбий қисмда хизмат қилиш бўйича икки томонлама шартнома имзолаган.
Иш материалларига кўра, у 2025 йил 11 июнь куни Украинадаги «махсус ҳарбий операция»да қатнашиш учун Қримнинг Симферополь шаҳрида жойлашган мазкур ҳарбий қисмга борган. Бироқ тиббий кўрик вақтида унда бир нечта касаллик аниқлангани сабабли қўшимча текширув ва даволаниш учун Тверь шаҳридаги ҳарбий хизматга саралаш пунктига қайтарилган.
Шу тариқа, суд хулосасига кўра, Д.Я. ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш жиноятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар сабабли охирига етказмасдан, ёлланишга суиқасд қилган.
Судланувчининг кўрсатмалари
«Ўзбек диаспораси депортация қиламиз деб ҳужжатларга имзо қўйдирди»
Судда Д.Я. айбига иқрор бўлмади.
Унинг айтишича, у илк бор 2007 йилда оиласи билан ишлаш учун Россияга кетган ва 2011 йилгача мавсумий қурилиш ишларида ишлаган. Кейин Ўзбекистонга қайтиб, Хива шаҳридаги бозорда кийим-кечак савдоси билан шуғулланган.
Судланувчининг сўзларига кўра, 2023 йил ёзида бозорда чиққан ёнғин оқибатида барча товарлари ёниб кетган ва у 45 минг доллар қарздор бўлиб қолган.
Шундан сўнг қарзини узиш мақсадида 2024 йил январда яна Россияга кетган. Аввал Москвада, кейин эса Тверь шаҳрида қурилишда ишлаган.
Унинг айтишича, Россияда вақтинча яшаш ҳужжатларини расмийлаштира олмагани учун полиция томонидан ушланган.
«Полиция бўлимида мен билан бирга ишлаган Файзулланинг ҳужжатлари жойида эканини айтиб қўйиб юборишди. Менинг ҳужжатларим тўғри эмаслигини айтиб, қамаб қўйишди», — деди у.
Д.Я.нинг айтишича, бир неча кундан кейин унинг олдига ўзини Россиядаги ўзбеклар диаспораси вакили деб таништирган, аммо исмини айтмаган шахс келган.
«У менга депортация қилинишимни айтди ва бир нечта ҳужжатларга имзо қўйдирди. Рус тилини билмаганим учун унга ишондим ва ва у айтган бир нечта ҳужжатларга имзо чекиб бердим», — деди судланувчи.
Унинг таъкидлашича, шундан кейин ҳам у қамоқхонада сақланган.
Судланувчининг айтишича, 2025 йил июнь ойи бошида у ва яна бир нечта ушланган шахслар панжарали автомашинада вокзалга олиб борилган. Кейин улар поезд орқали икки кун йўл юриб, Қримга етказилган.
«Шифокор аёлнинг ёрдами билан Ўзбекистонга қайтдим»
У ерда ҳарбийлар уларни ҳарбий қисмга олиб кириб, тиббий кўрикдан ўтказишни бошлаган.
«Тиббий кўрик пайтида бир аёл мендан: „Ўзбекмисан?“ деб сўради. „Ҳа“, дедим. Кейин „Жанговор ҳаракатларда иштирок этиш учун келдингми?“ деб сўради. Мен унга бу ерга қандай келиб қолганимни билмаслигимни, урушда қатнашиш ниятим йўқлигини айтдим», — деди у.
Судланувчининг сўзларига кўра, икки соатдан кейин ўша аёл яна қайтиб келган.
Унинг айтишича, аёл телефон аппаратини қайтариб берган ва шахсий иш жилдидаги барча ҳужжатларни телефонга суратга олишни айтган.
«Кейин у менга 1000 рубль бериб, шу пулга овқатланишим ва йўлкира қилишимни айтди. Ҳарбий қисмдан чиққанимдан кейин Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига қўнғироқ қилишимни ҳам тушунтирди», — деди Д.Я.
Унинг айтишича, ҳарбий қисмдан чиққач, Ўзбекистон элчихонасига қўнғироқ қилган. Элчихона ходимлари Telegram орқали ҳужжатлар нусхасини юборишни сўраган.
«Ҳужжатларни юборганимдан кейин улар Москвага етиб келишимни, шунда Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам беришларини айтишди», — деди судланувчи.
Д.Я.нинг айтишича, танишлари ёрдамида Москвага борган, авиачипта сотиб олган ва 2025 йил 17 июнда Ўзбекистонга қайтган. 2025 йил декабрида Хива шаҳри ИИБга чақиртирилган.
«Рус тилини билмаганим учун қандай ҳужжатга имзо қўяётганимни билмаганман»
Судланувчи судда Россия органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш бўйича шартнома эканини билмаганини айтди.
«Рус тилини билмаганим учун ўзбек диаспораси вакили айтганига ишондим ва имзо чекдим. Агар рус тилини билганимда, бу ҳужжатларга имзо қўймаган бўлардим», — деди у.
Д.Я. ўзини айбсиз деб ҳисоблашини билдириб, суддан унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
Ҳукм
Суд Д.Я.нинг «рус тилини билмаганим учун ҳужжатларнинг ҳарбий шартнома эканини тушунмаганман» деган важини ишончли деб топмади.
Суд қарорида қайд этилишича, унинг бу кўрсатмалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мос келмайди ва жавобгарликни енгиллаштириш ҳамда жазодан қочиш мақсадида берилган.
Шу билан бирга, суд судланувчининг оилавий ва моддий аҳволи, қарамоғида бир нафар фарзанди борлиги ҳамда жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди.
Суд Д.Я.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25 ва 154-моддаси 1-қисми (Ёлланишга суиқасд қилиш) билан айбдор деб топди.
Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, унга ушбу модда санкциясида назарда тутилмаган енгилроқ жазо — 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шу билан бирга, суд унинг муқаддам судланганини ҳам инобатга олди. Ҳукмда қайд этилишича, Д.Я. 2019 йилда Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган, кейинчалик жазоси ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган ва 2022 йилда муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.
Шу сабабли суд аввалги ҳукм бўйича ўталмай қолган жазони янги жазога қисман қўшиб, унга узил-кесил 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Маҳкумга пробация органининг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Хоразм вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик мажбуриятлари юклатилди.
