• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Банклар учун фойда солиғини пасайтириш, молиявий хизматларнинг бир қисмига ҚҚС жорий этиш таклиф қилинди



Фискал таҳлиллар институти 2027 йилдан айрим компаниялар учун фойда солиғи ставкасини пасайтириш, шунингдек, молиявий хизматларнинг бир қисмини қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) билан солиққа тортишни таклиф қилди.

Таклифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлил институти томонидан тақдим этилган 2027 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларига киритилган.

Муаллифлар асосий эътиборни солиқ базасини кенгайтириш, солиққа тортишнинг нейтраллиги ва маъмурчиликни рақамлаштиришга қаратишни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, асосий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилган: фойда солиғи — 15%, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ҚҚС — 12 фоиздан.

Фойда солиғини пасайтириш

Ҳозирда фойда солиғини 20 фоиз ставкада тўлаётган айрим тоифадаги солиқ тўловчилар учун институт уни умумий белгиланган 15 фоизга туширишни таклиф қилди. Гап қуйидагилар ҳақида бормоқда:

  • банклар;
  • мобил алоқа операторлари;
  • полиэтилен гранулалари ишлаб чиқарувчилари;
  • бозорлар ва савдо марказлари.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, ставканинг пасайтирилиши бюджет даромадларининг 859 млрд сўмга камайишига олиб келади.

Бу йўқотишларни молиявий хизматларга ҚҚС базасини кенгайтириш ҳисобига қоплаш таклиф қилинмоқда. Институт бундай операцияларни комиссияли ва маржинал турларга ажратишни тавсия қилган.

ҚҚСни аниқ комиссия белгиланган хизматлардан ундириш таклиф этилмоқда. Улар қаторига ҳисобварақлар ва банк карталарини юритиш, ҳисоб-китоб ва касса хизматлари, эквайринг, тўловларни қабул қилиш, кафолатлар ва аккредитивлар бўйича комиссиялар, валюта айирбошлаш комиссиялари, банк карталарини процессинг қилиш, шунингдек депозитар, рўйхатдан ўтказиш ва биржа хизматлари, тўлов тизимлари мукофотлари ҳамда факторинг ва форфейтингнинг хизмат қисми киритилган.

Фоизли ва бошқа маржинал операцияларни эса ҚҚСдан ташқарида қолдириш таклиф қилинмоқда. Улар қаторида омонатларни жалб қилиш ва маблағларни жойлаштириш, кредит бериш, қарзлар бўйича фоизлар, РЕПО операциялари, лизингнинг фоиз қисми, факторинг ва форфейтингнинг дисконт қисми, улушлар, пайлар, қимматли қоғозлар ва ҳосилавий молиявий воситаларни реализация қилиш, кредиторнинг ҳуқуқларини (талабларини) бошқа шахсга ўтказиш бор.

Муаллифлар халқаро амалиётга таяниб, унга кўра ҚҚС аниқ ажратилган комиссиялардан ундирилиши, фоиз маржаси эса одатда солиқдан озод қилинишига ишора қилган.

ҚҚС тушумлари 4,9 трлн сўмга ошиши мумкин

Қўшимча даромадларнинг яна бир манбаи сифатида солиқ маъмурчилиги ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш кўрсатилган.

Институт ҳозирги ҚҚСнинг C-самарадорлигини тахминан 57 фоиз деб баҳолаган. Бу кўрсаткич амалдаги тушумларни 12 фоиз ставка бўйича якуний истеъмол тўлиқ солиққа тортилганида олиниши мумкин бўлган даромадларга нисбати сифатида ҳисобланади.

2027 йилга келиб ушбу кўрсаткични тахминан 63 фоизга етказиш таклиф этилмоқда. Институт ҳисоб-китобларига кўра, бу бюджетга қўшимча 4,871 трлн сўм тушум келтириши мумкин.

Бунинг учун солиқ мажбуриятларини бажаришни, жумладан ҚҚСни қайтариш жараёнини соддалаштириш ва автоматлаштириш, рақамли назорат воситаларини ривожлантириш ва маълумотларни автоматик қайта ишлаш, шунингдек солиқ тўловчиларнинг бизнес жараёнларини рақамлаштириш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, назоратни ёппасига текширувлар ўрнига юқори рискли солиқ тўловчиларга қаратиш тавсия этилган. Муаллифлар операциялар шаффофлигининг ошиши яширин айланмаларни қисқартириб, ҚҚС йиғимдорлигини оширишини кутмоқда.

Ставкалар сақланади, қатъий белгиланган тўловлар индексация қилинади

Институт 2027 йилда фойда солиғининг базавий ставкасини 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ҚҚС ставкаларини эса 12 фоиз даражасида сақлаб қолишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, қатъий суммада белгиланган барча солиқ ва йиғимларни прогноз қилинаётган инфляция даражаси — тахминан 5−6 фоизга мувофиқ индексация қилиш тавсия этилган.

Бизнес учун прогноз қилиш имкониятларини ошириш мақсадида, қатъий белгиланган ставкаларни уч йил олдиндан эълон қилиш таклиф қилинмоқда. Муаллифлар фикрича, бу бизнесга нархлар, шартномалар ва ишлаб чиқариш ҳажмини олдиндан режалаштириш ҳамда тартибга солишдаги ноаниқликларни камайтириш имконини беради.

Ўрта муддатли истиқболда институт жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг прогрессив ставкаларига ўтиш масаласини ҳам кўриб чиқишни тавсия қилди. Унинг баҳосига кўра, бу юқори даромадга эга фуқаролар кўпроқ улушда солиқ тўлайдиган солиққа тортишнинг вертикал адолатини кучайтиради.

Ижтимоий солиқ бўйича имтиёз асосан йирик компанияларга тўғри келган

Институт алоҳида равишда хизмат кўрсатиш соҳасидаги саккизта тармоқ учун жорий этилган ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкаси самарадорлигини ҳам таҳлил қилди.

Мазкур имтиёз президентнинг 2022 йил январдаги фармони билан жорий этилган бўлиб, кейинчалик унинг амал қилиш муддати 2028 йилгача узайтирилган. Унга кўра, компаниялар ижтимоий солиқни стандарт 12 фоиз ўрнига 1 фоиз ставкада тўлаши мумкин.

Институт маълумотларига кўра, 2022−2024 йилларда ушбу имтиёздан тахминан 26,5 мингта компания, яъни ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга ташкилотларнинг 30 фоизи фойдаланган. Қолган 60,8 мингта корхона, яъни 70 фоизи эса ундан фойдаланмаган.

Шу билан бирга, имтиёзлар умумий ҳажмининг 80 фоизи энг йирик 10 фоиз компания ҳиссасига тўғри келган. Қолган 90 фоиз компания эса имтиёзларнинг атиги 20 фоизини олган.

Институт фикрича, имтиёз жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад — бандликни ошириш ва норасмий бандликни қисқартириш амалга ошмаган. Муаллифлар баҳосига кўра, имтиёзларнинг асосий қисмидан аллақачон расмий фаолият юритиб келган йирик корхоналар фойдаланган.

Қайд этилишича, тақдим этилган ташаббуслар институтнинг таҳлилий таклифлари ҳисобланади ва қабул қилинган қарор ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *