АҚШ 50 та давлат фуқаролари учун сайёҳлик ва ишбилармонлик визаларини расмийлаштиришда 20 минг долларгача миқдорда гаров талаб қилиш мумкин бўлган дастурни доимийга айлантирди. Янги қоидалар 3 августдан кучга кирди. Бу ҳақда Давлат департаментининг Федерал реестрда эълон қилинган билдиришномасида айтилади.

АҚШ виза сўраётганлар учун гаров дастурини пилот режимида 2025 йилнинг августида ишга туширганди. У 12 ойга мўлжалланган бўлиб, B-2 (сайёҳлик) ва B-1 (ишбилармонлик) категориясидаги визаларга тааллуқли эди. Дастур консулликларга ўз хоҳишига кўра 5000, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров талаб қилиш ҳуқуқини берар ва бу маблағ АҚШдан чиқиб кетилаётганда қайтариларди.

Давлат департаментининг билдиришича, бир йил давомида амал қилган пилот дастури виза режимига риоя қилинишини таъминлашда «самарали восита» эканини кўрсатди.

«АҚШга хизмат юзасидан ёки сайёҳлик мақсадида вақтинчалик ташриф буюриш учун виза (B-1/B-2 категориялари) сўраб мурожаат қилаётган чет эл фуқаросидан ноиммиграцион мақомига риоя этилиши ва мамлакатдан белгиланган тартибда чиқиб кетилиши кафолати сифатида гаров („виза гарови“) киритиш талаб қилиниши мумкин. Консуллик ходимлари тегишли ноиммиграцион визаларни олиш учун мурожаат қилганлардан виза бериш шарти сифатида ўз ихтиёрларига кўра 20 минг долларгача миқдорда гаров киритишни талаб қилишлари мумкин», — дейилади Давлат департаменти билдиришномасида.

Рўйхатга киритилган 50 та мамлакатдан 30 таси Африка давлатларидир. Шунингдек, улар орасида Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор. Ўзбекистон ушбу рўйхатга киритилмаган.

Тўлиқ рўйхат:

  1. Ангола
  2. Антигуа ва Барбуда
  3. Бангладеш
  4. Бенин
  5. Ботсвана
  6. Бурунди
  7. Бутан
  8. Вануату
  9. Венесуэла
  10. Габон
  11. Гамбия
  12. Гвинея
  13. Гвинея-Бисау
  14. Гренада
  15. Грузия
  16. Жибути
  17. Жазоир
  18. Доминика
  19. Замбия
  20. Зимбабве
  21. Кабо-Верде
  22. Камбоджа
  23. Қирғизистон
  24. Куба
  25. Лесото
  26. Маврикий
  27. Мавритания
  28. Малави
  29. Монголия
  30. Мозамбик
  31. Намибия
  32. Непал
  33. Никарагуа
  34. Нигерия
  35. Папуа — Янги Гвинея
  36. Сан-Томе ва Принсипи
  37. Сенегал
  38. Сейшел ороллари
  39. Тожикистон
  40. Танзания
  41. Того
  42. Тонга
  43. Тунис
  44. Туркманистон
  45. Тувалу
  46. Уганда
  47. Фижи
  48. Марказий Африка Республикаси
  49. Кот-д’Ивуар
  50. Эфиопия.