Фарғона вилоятида аҳолига етказиб берилган иссиқлик энергияси ҳажмига оид сохта маълумотлар тақдим этиш орқали давлат бюджетидан 12,9 млрд сўм ортиқча субсидия ажратилишига эришилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ 2024−2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг январь-май ойларида аҳолига амалда 85,7 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берган.
Бироқ, департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, корхона мансабдор шахслари вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларда гўёки 212,3 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотларни киритган.
Департамент маълумотига кўра, шу тариқа давлат бюджетидан 12,9 млрд сўм миқдорида ортиқча субсидия маблағлари ажратилишига эришилган ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда иситиш тизими учун имтиёзли тўловни фақат бир хонадон учун 60 кв. м ёки ҳар бир яшовчи учун 16 кв. м майдон чегарасида сақлаб қолиш таклиф этилганди. Нормадан ортиқча майдон учун базавий тариф бўйича амалдаги тўловдан 5,1 баравар юқори нархда тўлов ундириш назарда тутилмоқда.
2025 йил июль ойида «Иссиқлик таъминоти» раиси Илҳом Тўраев Ўзбекистонда 2030 йилга бориб иситиш ва иссиқ сув учун субсидиялар тўлиқ бекор қилинишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, тарифлар йилига бир ёки икки марта оширилади. У бу субсидиялар ҳажмини босқичма-босқич қисқартириш имконини беришини таъкидлаган.
