7 июль куни жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани (Андижон вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилган 40 ёшли фуқаро Ф.У.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатларига кўра, Ф.У. маълум бир ҳақ эвазига 2025 йил 26 август куни Россия Қуролли кучлари билан ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома тузган.
Шундан сўнг у Курск вилоятида жойлашган ҳарбий ўқув полигонида жанговар тайёргарлик, қурол-яроқдан фойдаланиш ва жанговар дронларни бошқариш бўйича ўқув машғулотларидан ўтган.
Иш материалларида қайд этилишича, кейинчалик у Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувлар вақтида Россия Қуролли кучлари сафида, ўзига бириктирилган АК-74 автомат қуроли билан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Суд ҳужжатларига кўра, Ф.У.нинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш) билан квалификация қилинган.
Судланувчининг кўрсатмалари
«Ҳарбий шартномага билмасдан имзо қўйибман»
Судда Ф.У. айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Унинг айтишича, 2025 йил январь ойида ишлаш мақсадида Россияга бориб, таксичилик билан шуғулланган.
Судланувчининг сўзларига кўра, бир куни у таксида олиб келган мижоз манзилга етмасдан тушиб кетган. Кўп ўтмай икки нафар полиция ходими ва фуқаролик кийимидаги яна икки киши келиб, уни ҳам, автомашинасини ҳам тинтув қилган.
«Ҳеч нарса топа олишмади. Кейин олиб келган мижозим гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётганда ушланганини айтиб, мени ҳам гумонланувчи сифатида олиб кетишди», — деди у.
Унинг айтишича, тергов ҳибсхонасида 2025 йил 26 августгача сақланган. Тергов давомида бир нечта ҳужжатларга имзо қўйган, кейинроқ эса улар Россия Қуролли кучлари билан Украинадаги урушда иштирок этиш бўйича шартнома эканини тушунган.
Ф.У.нинг айтишича, шундан кейин у Владивостокдаги ҳарбий қисмга, сўнг эса ДХР ҳудудидаги ҳарбий полигонга жанговар тайёргарликдан ўтиш учун юборилган. Хизмат давомида асосан таъминот гуруҳида бўлган, фронт ҳудудида қулаб тушган дронларни йиғиш билан шуғулланган.
«Дрон ҳужумида яраланганман»
Судланувчининг айтишича, фронт чизиғида Украина дронларини йиғиб юрган вақтида дрон ҳужуми оқибатида чап оёғининг тизза қисми оғир жароҳатланган.
Унинг сўзларига кўра, аввал Донецк шаҳридаги ҳарбий госпиталда бир ярим ой, кейин эса Владивостокдаги госпиталда даволанган.
2026 йил 1 апрель куни унга бир ойлик таътил берилгани айтилгач, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
Ф.У.нинг таъкидлашича, ҳужжатлари ёнида бўлмагани сабабли Владивостокдаги Ўзбекистон консуллик муассасасига мурожаат қилган ва вақтинчалик гувоҳнома орқали ватанга қайтган.
Судда у қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Шунингдек, урушга боришга мажбур бўлганини, қурол ишлатмаганини, фақат таъминот гуруҳида хизмат қилганини айтди.
Ф.У. уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, улардан бири болалигидан ногирон эканини билдириб, суддан унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Ҳукм
Суд Ф.У.га жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, уч нафар фарзанди борлиги, улардан бири болалигидан ногирон эканини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди.
Суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини қайд этиб, мазкур енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини сезиларли даражада камайтиришини ҳисобга олди.
Шу асосда суд Ф.У.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбдор деб топди ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллади.
Натижада унга мазкур модда санкциясида назарда тутилмаган енгилроқ жазо — иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади фойдасига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ҳукмга кўра, жазо пробация хизмати белгилайдиган иш жойида ўталади ва унинг муддати маҳкум иш бошлаган кундан ҳисобланади.
