Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 4 август куни бўлиб ўтган мажлисда Йўл ҳаракати қоидаларининг баъзи қоидабузарликлари учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Ҳужжатни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Муродбек Шерлиев тақдим этди. Gazeta унинг маърузасидаги асосий тезисларни келтиради.
ИИВ маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 27 миллионга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган бўлиб, уларнинг 77 фоизи қўпол қоидабузарликлар тоифасига киради. ЙҲТлар оқибатида 2188 киши ҳалок бўлган, яна 8900 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Автомобилни 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга бошқариш учун топшириш ҳолатлари қарийб 2500 марта қайд этилган. Бу каби ҳодисалар оқибатида 44 киши ҳалок бўлган, 101 киши жароҳат олган.
Яна 92 киши маст ҳолатдаги ҳайдовчилар иштирокидаги ЙҲТларда ҳалок бўлган, 46 киши жароҳатланган.
ИИВ, шунингдек, тезликни 40 км/соат ва ундан ортиқ ошириш билан боғлиқ 156,3 мингта қоидабузарлик ҳақида маълум қилди. Бундай ҳодисалар оқибатида 1625 киши ҳалок бўлган, 606 киши жароҳат олган.
Автомобилни бир йилгача бўлган муддатга олиб қўйиш
Қонун лойиҳасида жамият учун юқори хавф туғдирадиган ҳуқуқбузарликлар учун транспорт воситасини олти ойдан бир йилгача бўлган муддатга вақтинча олиб қўйиш кўринишидаги янги жазо тури назарда тутилмоқда.
ИИВ қонун талабларига мунтазам ва очиқчасига менсимасдан қарайдиган ҳайдовчиларни ҳаракатдан вақтинча четлатиш янги ЙҲТларнинг олдини олиш имконини беради деб ҳисоблайди.
Бунда, инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузар оиласининг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган ягона автомобилни олиб қўйиш таклиф этилмайди.
Машинани вояга етмаган шахсга топшириш
Лойиҳа билан автомобилни бошқаришни вояга етмаган шахсга топширганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Агар бу оғир оқибатларга олиб келган бўлса, жавобгарлик жиноий бўлади.
ИИВ вакили мисол тариқасида февраль ойида Тошкентда юз берган ЙҲТни келтириб ўтди. BMW автомобилини 10-синф ўқувчиси бошқарган, ҳалокат оқибатида йўл-патруль хизмати инспектори ҳалок бўлган эди.
Идорада таъкидлашларича, бу норманинг мақсади жазони кучайтириш эмас, балки автомобиль эгаларининг масъулиятини ошириш ҳамда болалар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларини ҳимоя қилишдан иборат.
Ноқонуний пойгалар ва тезликни экстремал ошириш
Қонун лойиҳаси билан ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ва уларда иштирок этганлик учун ҳам алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда.
«Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунда умумий фойдаланишдаги йўлларда бундай пойгаларни тақиқлашни мустаҳкамлаш ва уларни ўтказишга қўйиладиган умумий талабларни белгилаш режалаштирилмоқда. Пойгалар фақат махсус ажратилган хавфсиз ҳудудларда ўтказилиши керак.
ИИВ маълумотларига кўра, жорий йилда Сурхондарё вилоятида ноқонуний пойга вақтида икки киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳат олган.
Белгиланган тезликни 80 км/соат ва ундан ортиқ оширганлик учун жавобгарликни алоҳида кучайтириш таклиф этилмоқда. Ушбу қоидабузарлик учун аввалроқ ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 миллион сўмгача жаримага тортиш таклиф қилинган эди. Бунда ЙҲХХ бошлиғи ўз маърузасида тезликни 40 км/соат ва ундан ортиқ ошириш билан боғлиқ 156,3 мингта қоидабузарлик оқибатида 1625 киши ҳалок бўлганини, 606 киши жароҳат олганини таъкидлади.
ИИВда соатига 310 км тезликда ҳаракатланган тошкентлик мотоблогер билан боғлиқ ҳолат ҳам эслатиб ўтилди.
«Мақсад жарималарни ошириш эмас, балки инсон ҳаётига жуда юқори хавф солувчи ҳаракатларнинг олдини олишдир», — деди Муродбек Шерлиев.
Йўл ёқасида қолдирилган юк автомобиллари
Шунингдек, тунги вақтда юк автомобилларини йўл ёқасида ҳаракат иштирокчилари учун хавф туғдирадиган ҳолатда қолдирганлик учун ҳам жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
ИИВ маълумотларига кўра, 2025 йилда 2000 дан ортиқ шундай ҳолат аниқланган. Улар билан боғлиқ ЙҲТлар 84 кишининг ҳалокатига сабаб бўлган, яна 126 киши жароҳат олган.
Мунтазам қоидабузарлар учун чегирмаларни бекор қилиш
Қонун лойиҳасида қўпол қоидабузарликларни такроран содир этган ҳайдовчилар учун жарималарни чегирма билан тўлаш имкониятини бир йил муддатга бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Ушбу чора бир ой давомида қуйидаги қоидабузарликлар содир этилганда қўлланилади:
-
светофорнинг тақиқловчи ишорасига икки марта ўтиш;
-
ноқонуний ўзгартирилган тонировкали автомобилни бошқаришнинг иккита ҳолати;
-
товуш ёки ёруғлик қурилмаларини икки марта ўзбошимчалик билан ўрнатиш;
-
қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига икки марта чиқиш;
-
пиёдаларга икки марта йўл бермаслик ҳолати;
-
тезликни 40 дан 80 км/соатгача бўлган миқдорда беш марта ошириш.
Йўл безорилиги учун мусодара қилиш
Ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ундан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун қўшимча равишда транспорт воситасини мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйишни қўллаш таклиф этилмоқда.
ЙҲХХ бошлиғининг ҳисоблашича, транспорт воситасини мусодара қилиш қонун талабларини очиқчасига менсимайдиган ва тайинланган жазодан тегишли хулоса чиқармайдиган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг самарали чораси ҳисобланади.
Ҳуқуқбузар оиласи учун зарур бўлган ягона автомобиль мусодара қилинмайди.
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик ва тиббий текширувдан ўтишдан бош тортганлик учун ҳам машинани вақтинча олиб қўйиш жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада Жиноят кодексининг 266-моддасида (ҳаракат хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарлик ёшини 16 ёшдан 14 ёшгача пасайтириш назарда тутилмоқда.
Муродбек Шерлиевнинг фикрича, бу ўсмирларда ЙҲҚга риоя қилиш маданиятини эртароқ шакллантиришга ва оғир оқибатли ҳалокатлар сонини камайтиришга хизмат қилиши керак.
Муҳокамалар якунлари бўйича депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. Ҳужжатни иккинчи ўқишга билдирилган эътирозларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш режалаштирилмоқда.