• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ЙҲҚни бузиш учун жиноий жавобгарлик ёшини тушириш таклифи болалар омбудсмани билан келишилмаган



Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш ёхуд ўлимга сабаб бўлиш (Жиноят кодексининг 266-моддаси) учун жиноий жавобгарлик ёшини 16 ёшдан 14 ёшга тушириш таклифи болалар омбудсмани билан келишилмаган. Бу ҳақда сешанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида маълум бўлди.

Масалани «Миллий тикланиш» партиясидан депутат Нодирбек Тилаволдиев кўтариб чиқди. У қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг 17-моддаси 2-қисмини тўлдириш ва 266-модда бўйича жавобгарликни 14 ёшдан белгилаш таклиф этилаётганини эслатиб ўтди.

Депутатнинг сўзларига кўра, ушбу ўзгартиш бевосита бола ҳуқуқлари ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига дахлдор.

«Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси 3-қисмига мувофиқ, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда болалар омбудсмани билан келишилиши керак. Ушбу норма бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилганми?» — дея сўради у.

ИИВ вакили Мухтор Абдураҳимов идора ушбу нормани болалар омбудсмани билан келишиб олишини билдирди. «Бу норма келишилмаган, бу бизнинг камчилигимиз», — дея тан олди у.

Палата спикери Нуриддин Исмоилов ИИВ вакилидан бундай келишув мажбурий ёки мажбурий эмаслигига аниқлик киритишни сўради.

«16 ёшга тўлган вояга етмаган шахслар A1 категориясидаги транспорт воситаларини, яъни мотоциклларни бошқариш ҳуқуқига эга. Ушбу норма уларнинг ҳуқуқларига дахлдор бўлгани учун болалар омбудсмани билан келишиш зарур», — дея жавоб берди Мухтор Абдураҳимов.

Шундан сўнг раислик қилувчи келишишни масъул қўмита таъминлаши кераклигини маълум қилди.

Мумкин бўлган ҳуқуқий коллизия

Нодирбек Тилаволдиев, шунингдек, таклиф этилаётган ўзгартиш ва Жиноят кодексининг бошқа нормалари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликка ҳам эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, 266-модда бўйича жиноят эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиши мумкин, бироқ қонун лойиҳаси амалда уни жавобгарлиги 14 ёшдан бошланадиган қасддан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, жумладан, одам ўлдириш ва босқинчилик билан бир қаторга қўймоқда.

«Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 85-моддаси 4-қисмида эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган вояга етмаганларга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги назарда тутилган», — деди депутат.

У 266-модданинг 2 ва 3-қисмларида айнан озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилганини таъкидлади. Нaтижада, депутатнинг фикрича, амалиётда ишламайдиган норма юзага келиши мумкин.

Мухтор Абдураҳимов мумкин бўлган ҳуқуқий коллизия мавжудлигини тан олди.

«Дарҳақиқат, Жиноят кодексининг 85-моддасида вояга етмаганларга нисбатан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, 266-модданинг 2 ва 3-қисмларида мутлақо озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Депутатлар кечаёқ фракция йиғилишларида бу ерда қарама-қаршилик юзага келаётганига эътибор қаратишган эди», — деди у.

Шу билан бирга, ИИВ вакили Жиноят кодексининг 50-моддасида озодликдан маҳрум қилиш умуман тайинланмайдиган шахслар тоифаси, хусусан, ҳомиладор аёллар, уч ёшгача боласи бўлган аёллар ва пенсия ёшига етган шахслар ҳам назарда тутилганини билдирди. Агар бундай шахслар йўл ҳаракати қоидаларини бузса, модда санкциясида тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса ҳам, уларга нисбатан жазонинг бошқа турлари қўлланилиши мумкин.

«Агар вояга етмаган шахс томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ва модда санкциясида тўғридан-тўғри назарда тутилмаган бошқа жазо турини тайинлаш мумкин бўлади», — деди Мухтор Абдураҳимов.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини хавф остига солувчи қоидабузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжатни иккинчи ўқишга депутатларнинг эътирозларини инобатга олган ҳолда маромига етказиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда ЙҲҚни ижтимоий хавфли тарзда бузганлик учун автомобилларни вақтинча олиб қўйиш, ноқонуний пойгалар ва тезликни соатига 80 кмдан оширганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, машинани вояга етмаган шахсга топшириш оғир оқибатларга олиб келса, бунинг учун жиноий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *