Тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими фуқаронинг уйига кириб, уни яшаш тарзи учун койиди. Текширув видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди, 11 дақиқалик лавҳани Daryo эълон қилди.
Видео аввалида ҳоким тандир жойлашган хонадон ҳудудини кўздан кечиради. У ердаги ётган буюм ва идиш-товоқларни тозаланмаганини танқид қилади.
«Мана яшаш, ликопча, лаганларни қаранг. Чириб, ириб кетган… Аёл супуради-да, чиқиндини ўчоқ ёнига тўплайди. Қандай одат бу? Бу аёлни ҳам она тарбиялаган-ку. Унинг ҳам қизи бор. Келин олади, [келин] қандай супуринди уйда туради? [Чиқиндини] халтага солиб, олиб чиқиб ташласа бўлади-ку. Ёки эри бир чеккада чуқур қазиб, тўртбурчак чуқур қилиб, сув қуйиб турса, биогумус бўлади. Эртага бу уйга нормал одам келин бермайди», — дея маслаҳат берди ҳоким.
Туман раҳбари агар улар хўжаликни шундай юритишда давом этсалар, ушбу видеони «каналга» тарқатиб юбориши ва уни «ҳамма кўришини» айтади.
«Ҳовлингиз қаергача? Ҳовлингиз нега чўзилиб кетган? Бугун барча ноқонуний қурилмаларга жарима солинади. Барча ноқонуний қурилмалар олиб ташланиши, давлат ери эса қайтарилиши керак», — дея ҳоким қурилмаларнинг қонунийлиги мавзусига ўтди.
Ҳоким уй ичкарисига кириб ҳам фуқарони койишда давом этган.
«Яшашни қаранг… Шу аёлнинг яшашими? Мана бу чойнакка қаранг. Ўргимчак тўрига қаранг. Шу рўзғорми? Мана бу чангга, музлаткичдаги кирга қаранг. Ушлаб бўладими буни?» — дейди ҳоким рўзғор буюмларига бирин-кетин тегиб.
Видеода ҳоким маҳалла раисига юзланиб: «Сизга айтгандим-ку, улар уч-тўрт кунлаб идиши билан ётади, сасиб», — дейди.
«Машинамга ўтирасиз, сизни уйимга олиб бораман. Бизнинг рўзғорни кўрасиз, ҳамма жойга киринг. Нима учун мени рўзғоримда ҳаммаси тоза туради? Нега ҳаммамиз айнан шундай яшамаймиз? Мен буни ўзимни мақташ учун айтаётганим йўқ. Агар сизни танқид қилишса, қандай бўлиши кераклиги билан қизиқишиз мумкин», — дейди ҳоким.
Видео сўнггида Самад Ҳасанов уйнинг аҳволи ҳақида ҳам тўхталиб ўтади.
«Уйни қаранг — нураб кетган. Бу ерда қандай яшаяпсизлар? Ташқаридан қараганда қабристон деб ўйлайди. Умуман қандай яшаяпсизлар? Эрингиз борми? У ногирон эмасми? Соғ бўлса, нега ишламайди… Бир ҳафтадан кейин яна келаман. Ҳозир жаримани урасиз — уйнинг аҳволи учун, „мусор“ ва қолган ҳамма нарса учун», — деди Ҳасанов.
Хонадон қайси мезонлар бўйича кўздан кечириладиганлар рўйхатига тушгани эълон қилинган видеода маълум қилинмаган, бироқ роликда аёл «огоҳлантирилгани» бир неча бор таъкидланади.
Ҳокимлик муносабати
Ҳокимлик матбуот хизматининг нашрга маълум қилинишича, туман ҳокими Шаматон маҳалласида ўрганишлар давомида серқатнов йўл бўйидан ўтаётган вақтида деворлари, деразалари ва атрофи янтоқ ҳамда бошқа бегона ўтлар билан қопланиб, ташландиқ уйни эслатувчи хонадонга эътибор қаратган. Шундан сўнг мазкур хонадонда ҳеч ким яшамайдими, деб маҳалла фуқаролар йиғини раисидан сўраган.
Маҳалла раиси ушбу уйда ногиронлиги бўлган кексалар истиқомат қилишини маълум қилган. Ҳокимлик муносабатига кўра, Самад Ҳасанов аслида ногиронлиги бор кекса фуқаронинг уйига бормоқчи бўлган, аммо МФЙ раиси адашиб, ёнма-ён жойлашган қўшни хонадон эшигини кўрсатган.
«Фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида туман ҳокими қайтиб келиб, хонадонга киришга қарор қилган. Бироқ, иккала хонадон ёнма-ён жойлашгани ва дарвозалари бир жойда бўлгани сабабли маҳалла раиси томонидан янглиш ҳолда қўшни хонадон кўрсатилган. Шу боис дастлаб ушбу хонадонга кирилган.
Хонадонга киришдан олдин маҳалла раиси ҳамда туман ҳокими томонидан хонадон эгасидан рухсат сўралган», — дейилади хабарда.
Шундан сўнг туман ҳокими хонадон ва унинг атрофини озода сақлаш, томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тавсия ва тушунтиришлар берган.
Айтилишича, тасвирлар туман ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан олинмаган ва ижтимоий тармоқларда тарқатилмаган. Аксинча, туман ҳокими томонидан бундай видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслик юзасидан қатъий кўрсатма берилган. Мазкур видео маҳалла еттилик вакиллари томонидан олинган бўлиб, туман ҳокимлиги расмий каналларига эмас, балки ишчи гуруҳнинг тор доирадаги иш жараёнлари ташлаб борилувчи гуруҳига еттилик вакиллари томонидан ташланган.
«Юзага келган тушунмовчилик маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қандай фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаган», — дейилади хабарда.