Вазирлар Маҳкамаси шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қиладиган 49 та хорижий давлат ва ҳудуд рўйхатини тасдиқлади. Ушбу рўйхат халқаро миқёсда шахсий маълумотлар алмашинувини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Рўйхатга шахсий маълумотларни қайта ишлаш стандартлари Ўзбекистон талабларига мос деб топилган давлатлар киритилган. АҚШ учун алоҳида шарт белгиланган: мамлакат фақат Трансатлантика маълумотлар махфийлиги дастури (EU-US Data Privacy Framework) доирасида фаолият юритувчи компанияларга нисбатан шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилувчи давлат сифатида тан олинади.

Рўйхатдан, шунингдек, махсус мақомга эга ҳудудлар ҳам ўрин олган. Улар қаторига Гонконг ҳамда Британия тожига қарашли Жерси, Гернси ва Мэн ороллари киради.

Мамлакатлар ва ҳудудларнинг тўлиқ рўйхати:

  1. Австрия
  2. Андорра
  3. Аргентина
  4. Бельгия
  5. Болгария
  6. Бразилия
  7. Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги
  8. Венгрия
  9. Германия
  10. Гернси (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
  11. Гонконг (Хитой Халқ Республикасининг махсус маъмурий ҳудуди)
  12. Греция
  13. Дания
  14. Жерси (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
  15. Ирландия
  16. Испания
  17. Исландия
  18. Исроил
  19. Италия
  20. Канада
  21. Кипр
  22. Корея Республикаси
  23. Латвия
  24. Литва
  25. Лихтенштейн
  26. Люксембург
  27. Мальта
  28. Мэн ороли (Британия тожи юрисдиксияси остидаги ҳудуд)
  29. Нидерландия
  30. Норвегия
  31. Польша
  32. Португалия
  33. Россия
  34. Руминия
  35. Сингапур
  36. Словакия
  37. Словения
  38. АҚШ
  39. Уругвай
  40. Фарер ороллари (Дания Қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд)
  41. Финляндия
  42. Франция
  43. Хорватия
  44. Чех Республикаси
  45. Швейцария
  46. Швеция
  47. Эстония
  48. Янги Зеландия
  49. Япония

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Президенти «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишларни имзолаган эди. Унга кўра, хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда шахсий маълумотларга Ўзбекистондан ташқарида ҳам ишлов беришга рухсат этилди.

Шу билан бирга, айрим тоифадаги маълумотлар мамлакат ҳудудида мажбурий сақланиши белгиланган. Булар жумласига жисмоний шахсларнинг биометрик ва генетик маълумотлари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритувчи телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг маълумотлари киради.

Қолган турдаги шахсий маълумотларни эса бир қатор шартларга риоя қилинган ҳолда, жумладан, тегишли хорижий давлат шахсий маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилиши тан олинган тақдирда, мамлакат ташқарисида сақлаш ва қайта ишлашга рухсат этилади.