Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллий аҳолининг хонадонига текширув билан бориб, ошхона ва ҳовлининг қониқарсиз санитария ҳолатини танқид қилди ва аёлни койиди. Рейд давомида у совиткич, идиш-товоқ ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўздан кечириб, хонадонни тартибга келтиришни талаб қилди. Ўз навбатида, ҳолат акс этган видео тарқалгач, бундай текширув тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Gazeta вазият бўйича турли давлат ташкилотлари ҳамда инсон ҳуқуқлари фаолларининг муносабатини тўплади.
«Хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритилди» — Антикоррупция агентлиги
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматининг Gazeta сўровига жавобан маълум қилишича, ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт.
«Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид. Агентлик давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди», — дейилади муносабатда.
«Бундай тадбирлар шахсий ҳаётга ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим» — омбудсман
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматованинг Gazeta`га билдиришича, омбудсманнинг позицияси доим бир хил — ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс фаолияти инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципига асосланиши керак.
«Ободонлаштириш, санитария ёки профилактика тадбирлари ўтказилиши мумкин. Аммо улар фуқароларни уялтириш, камситиш ёки шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим. Агар бу жараёнда фуқаронинг ҳуқуқлари бузилгани ҳақида мурожаат келиб тушса, омбудсман уни ўз ваколати доирасида ўрганади», — дейилади баёнотда.
Фото: Видеодан кадр.
«Бундай ўзбошимча ҳаракатлар давлат ҳокимияти мулозими этикасига зиддир»
Абдураҳмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари:
Бу ҳолат мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки мансаб мавқеидан фойдаланиш орқали амалга оширилган бўлса, тўғридан тўғри жиноятдир. Видеотасвирдан кўриниб турибдики, фуқаро ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига қаршилик кўрсатишга ожиз. Бу каби лавҳаларнинг ижтимоий тармоқларга сиздирилишидан кўзланган ягона мақсад эса ҳокимнинг жонкуярлигини намойиш этишдир.
Ҳокимият вертикалидаги амалдорларнинг бундай ўзбошимча ҳаракатлари қонун нуқтаи назаридан нотўғри ва ҳуқуқий жиҳатдан давлат ҳокимияти мулозими этикасига зид деб ўйлайман. Мазкур кейсда шахсий дахлсизлик қоидаларини бузиш ва шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ошкор қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга баҳо берилиши лозим.
«Гендер стереотипларини янада мустаҳкамлайди»
Ирина Матвиенко, Ўзбекистонда зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси, журналист:
«Маҳалла еттилиги» одамлар муаммоси билан шуғулланиш ўрнига қандайдир «ахлоқ полицияси»га айланиб қолган. Кимдир видеодаги аёлдан нима билан тирикчилик қилишини сўрадими? Унга қандай ёрдам керак? Аҳволи қай ҳолатда?
Йўқ, бунинг ўрнига унинг уйини текширишди ва танбеҳ беришди. Бундай хонадондан ҳеч ким қиз олмаслигини ҳам айтишди. Гўё аёлларнинг бирдан бир вазифаси уйни озода қилишдек, улар аёлларни шарманда қилишади. Бундай муносабат хотин-қизларнинг объективлашуви оқибати бўлиб, гендер стереотипларини янада мустаҳкамлайди.
«Ҳоким жавобгарликка тортилиши керак»
Гулноз Мамарасулова, инсон ҳуқуқлари бўйича «Марказий Осиё уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
Ҳоким ҳудудда санитария ва ободонлаштириш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши мумкин. Лекин бу ваколат унга фуқаронинг уйига кириб бориш, уни камситиш ёки ижтимоий тармоқларда шарманда қилиш ҳуқуқини бермайди.
Бу ҳолатда эътибор қаратилиши лозим бўлган бир нечта жиддий ҳуқуқий масала бор. Аввало, уй-жой дахлсизлиги Конституция билан кафолатланган ҳуқуқдир. Давлат мансабдори фуқаронинг уйига кирган тақдирда ҳам, ўз ваколатини инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган тарзда амалга оширмаслиги шарт.
Иккинчидан, видеода айтилган «бу уйдан ҳеч ким келин олмайди», «каналга қўямиз» каби гаплар давлат хизматчиси этикасига зид. Бу сўзлар фуқарони омма олдида уялтириш ва камситишга қаратилган муносабатдир. Давлат органларининг вазифаси фуқарони шарманда қилиш эмас, қонун асосида иш юритишдир.

Фото: Видеодан кадр.
Учинчидан, жарима ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан эмас, қонунда белгиланган тартибда, ваколатли шахс томонидан расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик асосида қўлланиши мумкин. Ҳеч бир мансабдор шахс қонуний тартибни ўзининг оғзаки топшириғи билан алмаштира олмайди.
Ҳокимликнинг «уй адаштириб кўрсатилган» деган изоҳи ҳам асосий муаммони бартараф этмайди. Муаммо қайси уйга кирилганида эмас, балки давлат мансабдорининг фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашгани, уни камситгани ва маъмурий жазони оғзаки буйруқ билан қўллашни талаб қилганидадир.
Бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши, ҳокимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва у амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши керак. Давлат мансабдорининг ваколати Конституция билан кафолатланган уй-жой дахлсизлиги, шахсий ҳаёт, шаън ва қадр-қиммат ҳуқуқларидан устун эмас. Бу каби ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмас экан, фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига путур етади.
Эслатиб ўтамиз, Самад Ҳасанов 2020 йил июль охиридан буён Шаҳрисабз туманини бошқариб келмоқда. Унгача эса Муборак тумани прокурори вазифасида фаолият юритган.
