Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўзанидан рухсатномасиз 101,2 минг куб метр қум-шағал қазиб олиниб, давлат ва жамият манфаатларига 1,9 трлн сўм зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Текширувда «B.I.» МЧЖ масъул шахслари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўзанидан махсус техникалар ёрдамида тегишли рухсатнома олмасдан норуда фойдали қазилма ҳисобланган қум-шағал хомашёсини қазиб олгани аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ноқонуний равишда қазиб олинган қум-шағал ҳажми 101,2 минг куб метрни ташкил этган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳаракатлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,9 трлн сўм миқдорида зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) ва 192−11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда Зарафшон дарёсидан қум-шағал қазиб олганлар табиатга 295 млрд сўмдан ортиқ зарар етказган эди.
