• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ЙҲҚ қоидабузарларидан бир йилгача бўлган муддатга олиб қўйиладиган автомобилларни сақлаш механизми такомиллаштирилади


Ўзбекистонда хавфли ЙҲҚ қоидабузарликлари учун автомобилларни олти ойдан бир йилгача бўлган муддатга вақтинча олиб қўйиш таклиф этилди. 4 август куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокамада депутатлар амалдаги жарима майдончалари машиналарни узоқ муддат сақлашга тайёр эмаслигини ва харажатлар ҳуқуқбузарнинг зиммасига тушиши мумкинлигини кўрсатиб ўтишди. ИИВ иккинчи ўқишгача бу механизмни қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

Депутат Дилмурод Исмоилов амалдаги жарима майдончалари одатда транспортни қисқа муддатли сақлашга мўлжалланганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, машина олти ой ёки бир йилга олиб қўйилганда, унинг қишда ва ёзда беталаф сақланишини таъминлаш, жумладан, электромобиллар учун махсус шароитларни назарда тутиш зарур.

«Агар электромобиль узоқ вақт ишлатилмаса ва ҳаракатланмаса, унинг аккумулятори ишдан чиқиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун моддий-техник имкониятлар яратилганми?» — сўради депутат.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Муродбек Шерлиев Ўзбекистонда 373 та жарима майдончаси фаолият юритаётганини маълум қилди. Уларни ташкил этиш ва фаолиятига рухсатнома бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 149-сонли қарори билан белгиланган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда автомобиллар одатда бундай майдончаларда 1 кундан 10 кунгача, баъзан бир ойгача бўлади. Шу сабабли ҳамма тўхташ жойлари ҳам соябонлар ва ёпиқ хоналар билан тўлиқ жиҳозланмаган.

ИИВда электромобилларни узоқ муддат сақлаш учун махсус шароитлар ҳозирча яратилмаганини тан олишди. Қонун қабул қилингач, идора ҳукумат қарорига ўзгартириш киритишни таклиф қилишни, унда ёпиқ майдончалар, ёнғинга қарши ускуналар ва электромобиль аккумуляторларига хизмат кўрсатишга қўйиладиган талабларни назарда тутишни режалаштирмоқда.

«Демак, агар биз ҳозир қонунни қабул қилсак, у кучга киради, аммо уни қўллашнинг имкони бўлмайдими? Суд автомобилни олти ойга вақтинча олиб қўйиш ҳақида қарор чиқаради. У жарима майдончасига олиб келинади, сиз эса у ерда зарур шароитлар йўқ демоқдасиз. Бошқа жой ҳам йўқ. Демак, эртага қонун амалда ишламайдими?» — дея савол қўйди Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов.

Сақлаш харажатларини ким тўлайди?

Муҳокама давомида, шунингдек, олиб қўйилган автомобилнинг жарима майдончасида бўлиши учун ким — ҳуқуқбузарнинг ўзими, маҳаллий ҳокимият органларими ёки давлат тўлаши керак деган савол ҳам ўртага тушди.

«Сиз Вазирлар Маҳкамаси қарорига ҳавола келтиряпсиз, аммо ҳукумат бундай харажатларга рози бўлмаслиги мумкин. Бу ерда бюджетдан маблағ талаб этилади. Яъни, маъмурий жазо сифатида олти ойдан бир йилгача муддатга олиб қўйилган автомобилларни сақлаш учун олдиндан махсус жойларни тайёрлаш керак. Бу энди оддий жарима майдончаси эмас», — деди спикер.

ЙҲХХ раҳбари амалдаги тарифлар ҳудудга қараб суткасига 30 минг сўмдан 50 минг сўмгача ташкил этишини маълум қилди. Тўлов миқдори ҳудудий ҳокимликлар, молия бошқармалари ва майдончаларни бошқарадиган тадбиркорлар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

Бундай тарифда автомобилни олти ой давомида сақлаш тахминан 5,4−9 млн сўмга, бир йил давомида эса 10,95−18,25 млн сўмга тушиши мумкин.

Мажлисда раислик қилувчи ҳуқуқбузар бундай ҳолда бир вақтнинг ўзида бир нечта харажат турларини кўтаришига тўғри келишини таъкидлади: жарима тўлайди, автомобилидан узоқ муддатга маҳрум бўлади ва ҳар куни уни сақлаш учун тўлов қилади.

«Агар автомобилни давлат олиб қўйса, унда давлатнинг ўзи уни сақлашни таъминлаши керакдир. Ҳуқуқбузар бунинг учун тўламаслиги керак», — деди у.

ИИВ вакили амалдаги тартибга кўра сақлаш харажатлари маъмурий жавобгарликка тортилган шахс зиммасига юкланишини тасдиқлади.

«Иккинчи ўқишгача биз бу масалани ва тегишли механизмларни ишлаб чиқамиз, депутатлар ва фракциялар билан қўшимча муҳокама қилиб, зарур ўзгартиришларни киритамиз», — деди у.

Қандай автомобиллар олиб қўйилиши мумкин?

Депутатлар, шунингдек, вақтинча олиб қўйиш ҳуқуқбузарлар ижара шартномаси, rent-a-car хизмати доирасида ёки бошқа асосларда бошқараётган автомобилларга нисбатан қўлланиладими-йўқми, деб сўрашди.

ИИВ вакили дастлаб, агар автомобиль бошқа фуқарога ёки тадбиркорга тегишли бўлса, унга нисбатан вақтинча олиб қўйиш қўлланилмаслигини билдирди.

Бироқ муҳокама давомида ҳайдовчилар ишончнома бўйича бошқараётган автомобиллар, шунингдек, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган машиналар бўйича савол туғилди.

ИИВда бу чора биринчи навбатда ҳуқуқбузарнинг ўзига тегишли бўлган транспорт воситаларига нисбатан қўлланилиши кераклигини тушунтиришди. Бундан ташқари, лойиҳада бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ёки сотиш ҳуқуқи билан бош ишончнома (генеральная доверенность) бўйича берилган автомобиллар назарда тутилмоқда.

Раислик қилувчи ҳуқуқбузарнинг машинасини олиб қўйиш ҳалол мулкдор ёки ижарага берувчининг зарар кўришига олиб келмаслиги учун таърифга аниқлик киритиш зарурлигини таъкидлади.

Қонун лойиҳасида жамият учун юқори хавф солувчи ҳуқуқбузарликлар учун транспорт воситасини олти ойдан бир йилгача бўлган муддатга вақтинча олиб қўйиш назарда тутилмоқда. Оиланинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган ягона автомобилни олиб қўйиш таклиф этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда жамият учун хавфли ЙҲҚ қоидабузарликлари учун автомобилларни вақтинча олиб қўйиш, ноқонуний пойгалар ва тезликни 80 км/соатдан ортиқ оширганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, оғир оқибатларга олиб келган бўлса, машинани вояга етмаган шахсга топширганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *