Қирғизистон ва Ўзбекистон илгари Фарғона вилояти таркибига кирган Чўнғара ва Тош-Тобо қишлоқларини расман топшириш бўйича ташкилий-техник ишларни бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси маълум қилди, деб ёзмоқда 24.kg.

Ишлар Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини алмашиш бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.

тош-тобо, чўнғара, қирғизистон

Икки мамлакат қўшма ишчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши 24 июль куни Қадамжой туманида бўлиб ўтди. Томонлар топширилаётган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролик мақоми, кўчириш, мулк, хўжалик фаолияти масалалари ҳамда бошқа ташкилий жиҳатларни муҳокама қилди.

3 августдан эътиборан қўшма ишчи гуруҳ бевосита қишлоқларда ўз ишини бошлади. Мутахассислар аҳолини рўйхатга олмоқда ва ҳужжатларни кейинчалик расмийлаштириш тартиби бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистон томонига президентнинг Боткен вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари Бақтибек Тоқсонбаев, Ўзбекистон томонига эса ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари Беҳзод Сайфуллаев бошчилик қилмоқда.

Чўнғара ва Тош-Тобо қишлоқларида асосан этник қирғизлар истиқомат қилади. Дaстлабки маълумотларга кўра, ушбу икки аҳоли пункти аҳолисининг сони 2,5 минг кишига яқинни ташкил этади. Рўйхатга олиш якунлангач, қонунчиликда назарда тутилган тартибда аҳолига Қирғизистон фуқаролигини бериш жараёни бошланади.

  • Июнь ойи охирларида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара демаркацияси доирасида ер алмашганди. Илгари Ўзбекистонга тегишли бўлган Чўнғара ва Тош-Тобо қишлоқлари Қирғизистонга ўтган. Эвазига Ўзбекистонга тенг майдонли ер берилгани, шунингдек, янги йўл учун 236 га ер алмашилгани хабар қилинган.