Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Жарариқ мавзесида 80 та дарахт ноқонуний йўқ қилингани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ўрганиш ўтказди.
Текширувда ушбу манзилда яшовчи фуқаро С.Д. ёлланма ишчиларни жалб қилган ҳолда 45 туп мевали ва манзарали дарахтни ноқонуний кестиргани, шунингдек, 35 туп дарахт кўчатини белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда Янгиҳаёт туманидаги Янги Дархон МФЙ ҳудудига кўчириб ўтказгани аниқланган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) асосида 10 млн 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган. Вазирлар Маҳкамасининг 464-сон қарори талаблари асосида табиатга етказилган зарар миқдори 49 млн 900 минг сўм этиб ҳисобланган.
Бошқарма маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолат 2026 йил май ойи охирида содир бўлган. Ўрганиш давомида мазкур ҳудудда мурожаатда айтилганидек 400 эмас, green.tashkent.uz электрон базасида рўйхатга олинган 112 туп дарахт мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, 24 июнь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Golden Art House МЧЖ ҳудудида яна 3 туп дарахт таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
