Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова 5 август куни вафот этди, деб хабар бермоқда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати. Жаноза аср намозидан сўнг Чиғатой масжидида ўқилади.
Шоира Шарифа Салимова 1951 йилнинг 30 декабрь санасида Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.
У 1958 — 1968 йилларда мактабда ўқиган, туман газетаси бўлмиш «Суръат»да илк шеърлари чиққан.
1969−1974 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини битиргач, Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттириш қўмитасининг «Ватандош» радиостанциясида фаолиятини бошлаган.
Шарифа Салимова 1987 йилгача радиода кичик муҳаррирликдан бўлим бошлиғигача бўлган йўлни босиб ўтган. 1989−1994 йилларда «Саодат» журнали ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Шу йилларда унинг жамият муаммоларига бағишланган публицистик мақолалари эълон қилинган.
Шарифа Салимова Ўзбекистон Президенти девони ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича етакчи консультанти (1998−1999), Президент девони ташкилий-кадрлар сиёсати масалалари бўйича етакчи консультанти (1999−2000), Олий Мажлиснинг Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси, депутат (2000−2005), Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзоси, депутат (2005−2009) бўлиб ҳам ишлаган.
Дастлабки шеърий асарлар 70-йилларнинг охири — 80-йилларда «Ҳаёт завқи» (1978) ва «Менинг баҳорим» (1987) номи билан чоп этилди. Шоира ижодида «Хизр булоғи» (1996) достони алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у Алишер Навоийнинг 550 йиллигига бағишланган. Унда феодал тузум даври аёлларининг фожиали қисмати ҳақида сўз боради. «Тонгга қасам» (2002) публицистик мақолалар тўпламида эса даврнинг энг долзарб масалалари қаламга олинган.
Шарифа Салимовага 1994 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилган. 2018 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
У рус, қозоқ, қирғиз шоираларидан таржималар қилиш билан бир қаторда, исломшунос немис шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърларини ҳам таржима қилиб, «Оҳ, атиргул» номи билан нашрга тайёрлаган.
Бошқа китоблари: «Етти оққуш» (1991), «Гиёҳлар билан тиллашган инсон» (1996), «Гиёҳлар билан тиллашиб, тоғ ошаётган одам» публицистик тўплами (2007), «Олимлик ва одамийлик» (2011), «Ватан суврати» (2011), «Вафонинг иффат йўли» (2016, Кибриё Қаҳҳорова ҳақида тўплам), «Қувноқ Алифбо» туркумида «Ҳайвонот оламига саёҳат» (2016), «Тўмарис» (2016) «Бедор тун томчилари» (2018), «Қушлар алифбоси».
У, шунингдек, «Юракка санчилган игналар», «Аёл бўлиш осонми?» «Аёл жиноятга қўл урди», «Кўнгли яримлар дунёси», «Ёлғиз аёл: у ким?», «Илдизларинг қайда изтироб?» ва бошқа қатор публицистик мақолаларда ижтимоий ҳаёт муаммоларини кўтарган. Депутатлик фаолияти давомида Марказий Осиё минтақаси учун оғир муаммо бўлган йод танқислиги масаласини қонунлаштириш таклифи билан чиқиб, «Йодланган ош тузи тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига ўз ҳиссасини қўшган.
Унинг «Қаддингни тик тут, Аёл», «Ватан», «Давлатли султоним менинг», «Қўрқитар», «Ачом-ачом қиласиз» ва бошқа шеърлари қўшиқ қилиб куйланган (Юлдуз Усмонова ижросида).