Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида йўл-патруль хизмати ходимлари Damas русумли автомобилда 28 нафар бола ноқонуний ташилаётганини аниқлади. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳолат Тошлоқ туманидаги Турват маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан аниқланган. Тўхтатилган Damas автомобили текширилганда, унда 28 нафар бола олиб кетилаётгани маълум бўлган. Беш нафар бола автомобилнинг олд ўриндиғида бўлган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−8-моддаси (Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унинг ҳисобига 0,3 жарима бали ёзилган. Ушбу моддага мувофиқ, одам ташиш қоидаларини бузиш БҲМнинг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ЙҲХБ ота-оналар ва ҳайдовчилар бир неча бор болаларни ташиш қоидаларига риоя қилиш бўйича огоҳлантирилганига қарамай, бундай ҳолатлар ҳамон кузатилаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Навоий вилояти Қизилтепа туманида Damas автомобилида 17 нафар боғча тарбияланувчиси ва бир нафар боғча ходимасини ташиган ҳайдовчига чора кўрилганди.
