• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда хусусий таълим соҳасида сертификатлаш ва ягона қоидаларни жорий этиш таклиф қилинди


Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистондаги нодавлат таълим хизматлари бозоридаги муаммоларни бартараф этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли органларга ўз таклифларини юборди.

Қўмита маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда келиб тушган 103,5 мингта мурожаатнинг 2070 таси таълим соҳасига оид бўлиб, уларнинг қарийб 96 фоизи нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятига тўғри келади.

Кўриб чиқилган аризалар натижасида истеъмолчилар фойдасига 1 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Аҳоли томонидан қуйидаги масалаларда асосий эътирозлар билдирилган:

  • таълим сифатининг пастлиги;
  • кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши;
  • шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби ҳақида тўлиқ маълумот берилмаслиги;
  • муддатли тўлов шартномаларини бекор қилишдаги тўсиқлар;
  • рекламадаги ваъдаларнинг амалда бажарилмаслиги.

Қўмита қайд этишича, амалдаги қонунчиликда таълим сифати устидан давлат назорати назарда тутилган бўлса-да, нодавлат таълим хизматларини кўрсатишнинг аниқ механизмлари ва пулли таълим хизматлари учун ягона қоидалар мавжуд эмас.

Идора Францияда Qualiopi, Нидерландияда NRTO, Швейцарияда эса EduQua каби таълим тизимлари тажрибасини ўрганиб чиққан. Ушбу давлатларда хусусий таълим сифати махсус тизимлар орқали аудитдан ўтказилади ва сертификатланади.

Шу таҳлиллар асосида Рақобат қўмитаси қуйидаги ташаббусларни илгари сурмоқда:

  • нодавлат таълим хизматлари учун ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш;
  • нодавлат ташкилотлар томонидан пулли таълим хизматларини кўрсатишнинг ягона қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • таълим кўрсатувчиларнинг истеъмолчилар билан муносабатларига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш.

Тегишли таклифлар ваколатли давлат органига юборилган.

Қўмита ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ идора истеъмолчиларнинг энг кўп эътирозларига сабаб бўлаётган ўқув марказлари ва муддатли тўлов платформалари номларини очиқлаганди. Эътирозларнинг аксарият қисми «Newton Academy», «NewTone school», «MyTeacher» онлайн инглиз тили курси, «Prep.uz» онлайн рус тили курси, «Qadam Education» ўқув маркази, «Niyat Education» каби ўқув марказлари ва онлайн таълим платформалари фаолиятига тааллуқли экани аниқланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *