Март ойида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган йўл ўтказгичга туташ йўл ва унинг тиргак девори ўпирилиб тушганди. 31 июлда жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида айбдорларга суд ҳукми ўқилди. Gazeta суд ҳукми билан танишди.
Деворнинг қулаши
Йўл ўтказгичнинг тиргак девори жорий йилнинг 12 мартида қулаб тушган эди. Жароҳат олганлар бўлмаган. Тиргак деворнинг бир қисми 2026 йил 12 март куни қулаб тушди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги дастлабки сабаблар сифатида кучли ёғингарчилик, тупроқнинг меъёрдан ортиқ намланиши ва конструкцияга тушадиган юкнинг ортишини келтирган эди. Муҳандис Ҳусан Муқимов Gazeta’га фотосуратлардан узил-кесил хулоса чиқариб бўлмаслиги, бироқ суратларда тупроқдан сувни қочириш учун зарур бўлган дренаж тизими элементлари кўринмаганини таъкидлаган эди.
Йўл ўтказгич қурилишини Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Ўзйўлкўприк» давлат кластерининг Тошкент вилояти филиали амалга оширган. Автомобиль йўлларини қуриш ва қайта қуриш дирекцияси буюртмачи, «Yo‘l-loyiha byurosi» эса лойиҳачи сифатида иштирок этган. Ишлар 2024 йил бошида бошланган бўлиб, икки босқичга бўлинган эди — эскиси ўрнига янги йўл ўтказгич қуриш ва икки километрлик йўл қисмини қайта қуриш.
Дастлаб икки босқич қиймати тахминан 130 млрд сўмга баҳоланган эди, бироқ ишлар якунлангач, Автомобиль йўллари қўмитаси лойиҳа 186,5 млрд сўмга тушганини маълум қилди — бу дастлабки баҳодан деярли бир ярим баравар қиммат.
Бироқ суд қарорида биринчи босқич бўйича шартнома қиймати 118,9 млрд сўмни ташкил этгани айтилади. Иккинчи босқич бўйича қўшимча келишувларни ҳисобга олган ҳолда 94 млрд сўмдан ортиқ суммага шартномалар тузилган. Пудрат ишларининг умумий қиймати 213 млрд сўмга етган (дастлабки баҳолардан деярли 64 фоизга қиммат).
Йўл ўтказгич 2024 йил 29 августда, Мустақиллик байрами арафасида очилган эди, ваҳоланки, аввалроқ объектни 2025 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган эди. Расмий ахборотларда қўлланилган технология қурилиш муддатини икки бараварга қисқартириши ва иншоот 100 йилдан ортиқ хизмат қилиши таъкидланган эди.
Қурилишдаги қоидабузарликлар
Текширувда тиргак девор лойиҳа ва қурилиш нормаларидан четга чиқилган ҳолда қурилгани аниқланди.
Хусусан, бетон участкалари ўртасида «совуқ чоклар» қолдирилган.
Маълумот учун: совуқ чок — бу бир вақтда эмас, балки катта танаффус билан қуйилган икки бетон қатлами ўртасидаги чегарадир. Агар янги бетон юзаси тўғри тайёрланмасдан аллақачон қота бошлаган қатлам устига ётқизилса, улар ягона монолит конструкцияга бирлашмаслиги мумкин. Қатламлар ўртасида кучсизланган текислик — аслида эҳтимолий ёрилиш ёки кўчиш чизиғи ҳосил бўлади.
Анкер арматураси лойиҳада назарда тутилган 75 см ўрнига 40−45 см чуқурликда жойлаштирилган, арматура стерженлари орасидаги масофа ҳам талабларга жавоб бермаган. Бундан ташқари, ёмғир сувларини қочириш тизими самарасиз ишлаган, дейилади суд қарорида.
Экспертлар девор айнан «совуқ чоклар» бўйлаб емирилган деган хулосага келишди. Уларнинг баҳолашича, лойиҳа ечимлари ва қурилиш нормаларига риоя қилинганда, қулаб тушишнинг олдини олиш мумкин эди.
Иш бўйича кимлар ўтган
Иш бўйича пудрат, лойиҳа ва назорат ташкилотлари ходимлари айбланувчи сифатида ўтишган.
Акмал Муродов «Ўзйўлкўприк кластери» Тошкент вилояти филиали директори ўринбосари бўлиб ишлаган. Лавозим йўриқномасига кўра, у кўприклар ва йўлларни қуриш ҳамда таъмирлаш сифати учун масъул бўлган.
Абдумутал Исропилов ушбу ташкилотнинг иш юритувчиси бўлган ва объектда қурилишни ташкиллаштирган. У пудратчи томонидан тиргак деворларни барпо этиш учун бевосита жавобгар бўлган.
Санжар Маннонов Автомобиль йўлларини қуриш ва қайта қуриш дирекцияси директори ўринбосари — бош муҳандиси лавозимида ишлаган.
Зафар Шараҳмедов дирекциянинг муҳандислик-техник назорати ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлими бош мутахассиси бўлиб ишлаган. У қурилишнинг техник назоратида ва объектни қабул қилиб олишда иштирок этган.
Нуршод Мавлонов «Yo‘l-loyiha byurosi»да лойиҳанинг бош муҳандиси бўлган ва тиргак деворлар лойиҳаси учун, шунингдек, қурилиш ишларининг лойиҳага мувофиқлиги бўйича муаллифлик назорати учун масъул бўлган.
«Grand Nur Yo‘l Qurilish» компанияси раҳбари Обид Адилов қурилишга ёрдамчи пудратчи (субпудратчи) сифатида жалб қилинган.
Суд Акмал Муродов, Санжар Маннонов, Зафар Шараҳмедов ва Абдумутал Исропилов бажарилган ишлар тўғрисидаги 3-шаклдаги бир нечта ҳисоботга ёлғон маълумотлар киритганини аниқлади.
Нуршод Мавлонов ишлар лойиҳага мос келмаслигига қарамай, муаллифлик назорати журналларига қўл қўйган. Субпудратчи вакили ҳам бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларга нотўғри маълумотлар киритган.
6 млрд сўмдан ортиқ сифатсиз бажарилган ишлар
Экспертизага кўра, тўртта тиргак деворда умумий суммаси 6,17 млрд сўмдан ортиқ бўлган ишлар сифатсиз бажарилган.
Камчиликлар деворларнинг пойдевори ва бетон қисмларида, ер ишлари ва қайта кўмишда, асос қатламларини ётқизишда ва ташқи пардозлашда аниқланди.
ПС-3 тиргак девори қулаб тушган. ПС-4 девори ҳам талабларга жавоб бермаган ва қулаб тушиш хавфини туғдирган, шу сабабли у тўлиқ демонтаж қилинган. Қолган икки девор атрофида тупроқ чўкиши ва конструкцияларнинг ўзгариши қайд этилган.
Зарарнинг қолган қисми амалда бажарилмаган, аммо ҳужжатларда якунланган деб кўрсатилган ишлар билан боғлиқ.
Хусусан, ҳисоботда қиймати 599,7 млн сўмлик базальт геоцилкаси (геосетка) етти қатор қилиб ётқизилгани кўрсатилган. Текширув эса фақат бир қатор (қиймати тахминан 166 млн сўмлик) иш бажарилганини кўрсатди.
Бундан ташқари, тиргак девор ичига қиймати 766 млн сўмдан ортиқ бўлган 8880 кубометр қум-шағал аралашмаси тўкилмаган, ваҳоланки, бу ишлар ҳам ҳисоботга киритилган бўлган.
Иш бўйича умумий зарар тахминан 7,38 млрд сўмни ташкил этди.
Зарар ҳукм чиқарилгунга қадар қопланди
Суд ҳужжатига кўра, 23 апрель куни зарар суммаси учта тўлов билан Бош прокуратуранинг депозит ҳисобрақамига ўтказилган. Суд ушбу маблағларни давлат даромадига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди.
Бунда материалларда судланувчиларнинг айнан қайси бири ёки қайси ташкилот зарарни қоплагани кўрсатилмаган.
Судланувчилар айбларини тан олмадилар ёки фақат қисман тан олдилар. Улар қурилиш ишлари фойдаланишга яроқсиз даражада сифатсиз эмас, балки кафолат муддати доирасида бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар билан бажарилганини таъкидладилар.
Ҳимоя томони, шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларининг бир қисми қурилиш ишлари бажариб бўлингач пайдо бўлганини кўрсатиб ўтди. Уларнинг талқинига кўра, қум-шағал аралашмаси ва базальт геоцилкаси дастлаб сметага киритилмаган, балки фақат 2025 йил ёзида қўшимча ишлар тўғрисидаги ҳужжатларга қўшилган.
Судланувчилар икки давлат муассасаси ўртасида маблағларнинг ўтказилиши ўз-ўзидан алоҳида шахслар томонидан пуллар ўзлаштирилганини исботламаслигини айтдилар.
Адвокатлар, шунингдек, назорат ўлчовларини ўтказган аудиторлар ва экспертларнинг йўл қурилиши соҳасида махсус сертификатлари йўқлигини кўрсатиб, уларнинг ваколатларини баҳслашишга уриндилар.
Суд уларнинг айбини ишчи ва давлат қабул комиссиялари далолатномалари, 2 ва 3-шаклдаги ҳисоботлар, ҳодиса жойини кўздан кечириш материаллари, назорат ўлчовлари ва суд-қурилиш экспертизаси хулосаси билан исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукми
Акмал Муродов, Санжар Маннонов, Зафар Шараҳмедов ва Абдумутал Исропилов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандларида (Такроран ва манфаатдорликни кўзлаб мансаб сохтакорлигини содир этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд улар мансабдор шахслар сифатида бажарилган ишлар тўғрисидаги расмий ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритишда иштирок этганини аниқлади.
Нуршод Мавлонов ўзлаштириш ёки растрата қилишда шерикликда айбдор деб топилди. Бунда суд у муаллифлик назорати журналларига қўл қўйгани, аммо 3-шаклдаги ҳисоботларга бевосита ёлғон маълумотлар киритишда иштирок этмаганини кўрсатиб ўтди.
Обид Адилов ўзлаштириш ёки растрата қилишда ҳамда мансаб сохтакорлигида шерикликда айбдор деб топилди. Суд хулосасига кўра, у субпудратчининг амалдаги вакили сифатида бажарилган ишлар тўғрисидаги нотўғри ҳисоботларни расмийлаштиришда иштирок этган.
Дастлаб тергов, шунингдек, 228-модда (Ҳужжатларни сохталаштириш ва сохта ҳужжатлардан фойдаланиш) бўйича ҳам айблов қўйган эди. Суд тегишли ҳаракатлар ўзлаштириш ва мансаб сохтакорлиги моддалари билан қамраб олинганини ҳисобга олиб, ушбу малакани чиқариб ташлади.
Барча маҳкумлар, шунингдек, бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва ташкилий-фармойиш бериш функцияларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Акмал Муродов ва Санжар Манноновга 116,25 млн сўмдан жарима жазоси тайинланди. Уларнинг ҳар бири бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Худди шундай жарима — 116,25 млн сўм Обид Адиловга ҳам тайинланди. Суд унга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қўшимча тақиқ қўймади.
Зафар Шараҳмедов ва Абдумутал Исропиловга дастлаб 116,25 млн сўмдан жарима тайинланган эди, бироқ суд уларнинг ҳар бири учун қамоқда ўтказилган 39 кунни ҳисобга олди. Тўланиши керак бўлган сумма 108 млн 937,5 минг сўмдан қилиб белгиланди. Иккаласи ҳам бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансаб ваколатлари билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Нуршод Мавлоновга 112,5 млн сўм миқдорида жарима тайинланди, бу ҳам 39 кунлик қамоқ ҳисобга олингач, 108 млн 937,5 минг сўмни ташкил этди. У ҳам бир йил муддатга тегишли лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.