• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннагача ёнилғи етказиб бериши мумкин



Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннагача ёнилғи етказиб бериш имкониятига эга. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси — Президент администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев «Кабар» миллий ахборот агентлиги подкастида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон томони ушбу масала бўйича Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказган. Ёнилғининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилувчи Қирғизистон жаҳон нархларининг ошиши ва Россиядан харид қилишнинг аввалги имкониятлари қисқариши сабабли янги етказиб берувчиларни қидирмоқда.

«Биз Ўзбекистон бош вазири билан ҳам музокаралар ўтказдик. Уларда ойига 20 минг тоннадан ёнилғи етказиб бериш имконияти мавжуд», — деди Адилбек Касималиев.

У Қирғизистон нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Россия, Беларусь, Хитой, Озарбайжон, Европа мамлакатлари ва Туркия билан ҳам музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.

Вазирлар маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, Беларусь Қирғизистонга ёнилғи етказиб беришда аллақачон ёрдам кўрсатмоқда. Нефть маҳсулотлари ортилган дастлабки бешта автоцистерна Хитойдан етиб келди, бироқ ҳажмни ошириш учун темирйўл орқали ташишни йўлга қўйиш зарур. Музокаралар, шунингдек, Озарбайжон билан ҳам олиб борилмоқда.

Касималиевнинг таъкидлашича, Европа ва Туркиядан ёнилғи етказиб беришга транзит билан боғлиқ қийинчиликлар тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари, нефть маҳсулотларининг ўз нархи ҳам, уларни ташиш харажатлари ҳам ошган.

Қирғизистон ҳукумати нархларнинг кескин кўтарилишини жиловлаш учун дизель ёнилғиси, автогаз ва Аи-92 бензинига субсидия ажратмоқда. Шу билан бирга, Касималиев ёнилғи нархи барибир босқичма-босқич ошишидан огоҳлантирди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Қирғизистонда дизель ёнилғиси ва Аи-92 бензини Ўзбекистон ва Тожикистондагидан 20−25 сомга арзонроқдир. Унинг сўзларига кўра, ушбу фарқ республика бюджети ҳисобидан қопланмоқда.

Июль ойи бошида Қирғизистон ёнилғи етказиб бериш барқарорлигини сақлаб қолиш учун Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга мурожаат қилгани маълум бўлганди. Энергетика вазирлиги захиралар етарли эканини маълум қилмоқда, бироқ дунёдаги вазиятнинг таъсирини тан олмоқда. Январь-апрель ойларида бензин импорти деярли 20 фоизга камайди, асосий етказиб берувчи эса Россия бўлиб қолди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ўзбекистоннинг ёнилғи импорти апрель-май ойларидаги юқори ҳажмлардан сўнг кескин камайди: бензин ўтган йилгидан кўпроқ (аммо май ойидагига қараганда учдан бир қисмга кам), дизель — деярли 19 баравар кам, керосин — 12,5 баравар кам олиб кирилди. Бензин ва керосиннинг ўртача импорт нархи ўсишда давом этди.

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 миллион тоннадан ошишини, яна 600−700 минг тоннаси импорт ҳиссасига тўғри келишини маълум қилди. «Яқин икки-уч ой учун захираларимиз етарли эканини ишонч билан айта оламан», — деган у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *