• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Чорвадорлар уюшмаси ташкил этилиб, фермерлар учун Smart Fermer сунъий интеллектли платформаси ишга туширилади


Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда мамлакатда гўштга бўлган йиллик талаб 2 млн 150 минг тоннани, ишлаб чиқариш эса 1 млн 600 минг тоннани ташкил этаётгани қайд этилиб, 2026−2028 йилларда ишлаб чиқаришни сезиларли ошириш бўйича комплекс дастур муҳокама қилинди.

Шу мақсадда фаолияти тўхтаган 103 та чорвачилик корхонасини тиклаш, уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки 10 йил муддатга бўлиб тўлаш, озуқа майдонлари ажратиш ва наслли қорамоллар билан таъминлаш таклиф этилди. Натижада 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига қўшимча 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш, кичик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ҳамда озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, аҳоли хонадонларида 11 мингта енгил конструкцияли молхона қурилиб, уларда 421 минг бош қорамол боқилиши режалаштирилмоқда.

Умумий қиймати 3 трлн сўмлик 802 та лойиҳа доирасида 68 минг бош қорамол ҳамда 186 минг бош қўй ва эчки парваришланади. Бу йилига қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконини беради.

Қорақалпоғистондаги чорвачилик комплекслари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, ўрганилган 20 та комплекснинг қарзи 109,6 млрд сўм экани, уларнинг ярми юқори хавфли тоифага кириши аниқланган. Шу асосда қарз юкини камайтириш, озуқа базасини яратиш ва комплексларни босқичма-босқич ишга тушириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол, Беларусдан 2 минг бош қорамол олиб келиш режалаштирилган. Бу орқали йилига яна 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Умуман, чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 млн доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.

Тақдимотда республикадаги 2 407 та чорвачиликка ихтисослашган маҳалладаги 823 минг хонадонни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Улар учун арзон чорва моллари етказиб бериш, сунъий уруғлантириш, ем-хашак ва ветеринария хизматларини яхшилаш, наслдор бузоқларни идентификация қилиш ҳамда субсидия ажратиш таклиф этилди.

Наслчиликни ривожлантириш мақсадида 13 та туманда ҳар бири 200 бош қорамолга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этиш, йилига 500 минг бош сигирни сараланган уруғ билан сунъий уруғлантириш ва эмбрион трансплантацияси технологияларини кенг жорий этиш режалаштирилган.

фермерлар, чорвачилик

Тақдимотда Ўзбекистонда Чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик, илмий тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий кўмак кўрсатиш ҳамда ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Шунингдек, фермерлар ва аҳоли учун Smart Fermer ягона рақамли ёрдамчиси тақдим этилди. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринария хизмати чақириш, сунъий уруғлантириш, озиқлантириш ва яйловларни бошқариш бўйича маълумот олиш, субсидияларга мурожаат қилиш ҳамда сунъий интеллект асосида тавсиялар олиш мумкин бўлади.

Паррандачилик йўналишида эса 432 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, озуқа ишлаб чиқариш қувватини 3,3 млн тоннага етказиш ва замонавий сўйиш тизими қамровини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Якунда президент лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли ҳисоб ва мониторингни йўлга қўйиш ҳамда ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *