Тошкент шаҳри Олмазор туманининг Беруний кўчасида меҳмонхона қуришда ишларни бажариш технологияси, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига етарлича риоя қилинмаган. Бундан ташқари, лойиҳада қўшни тўққиз қаватли турар жой биносигача бўлган масофа белгиланган меъёрдан камроқ ажратилган. Бу ҳақда Gazeta`га Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан маълум қилинди.
Гап «Орзу» маҳалласи, Беруний кўчаси, 102-уй (илгари 43-уй) манзилидаги объект ҳақида бормоқда. Қурилиш бўйича буюртмачи — Donmah-Imex МЧЖ, лойиҳачи — Aleks Project МЧЖ, пудратчи эса Lost Planet МЧЖ ҳисобланади.
Якшанба куни қурилиш ҳудудида котлованнинг бир қисми ва унинг ёнидаги вақтинчалик тўсиқ ўпирилиб тушди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, бир киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Текширув нимани аниқлади?
Ҳокимликнинг маълум қилишича, котлован қазишда қурилиш ташкилоти ишлар технологияси ва хавфсизлик талабларига етарлича риоя этилишини таъминламаган. Оқибатда котлованнинг бир томонида тупроқ кўчиши юз берган, вақтинчалик тўсиқ эса ўпирилган жой ичига қулаб тушган.
Текширув, шунингдек, шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларида ҳам камчиликлар борлигини аниқлади.
Келишилган чизмаларга кўра, қурилаётган бино мавжуд тўққиз қаватли турар жой уйидан 12 метр масофада жойлашиши керак бўлган. Аслида эса амалдаги шаҳарсозлик меъёрлари бўйича бу масофа камида 15 метрни ташкил этиши талаб қилинади. Шу тариқа, лойиҳада назарда тутилган масофа меъёрдан 3 метрга кам бўлиб чиққан.
Бундан ташқари, лойиҳани тайёрлашда ажратилган майдон ўлчами котлованни назарда тутилган қиялик усулида қазиш учун етарли эмаслиги ҳисобга олинмаган.
Тасдиқланган лойиҳага кўра, ўлчами 48 га 42 метр бўлган, иккита ертўлага эга беш қаватли бино қуриш режалаштирилган. Қияликларни қуриш учун ажратилган ҳудуд периметри бўйлаб қўшимча равишда тахминан 5 метр майдон керак бўлар эди. Бу эса турар жой ҳудудига олиб борувчи ички йўлнинг деярли ярмини эгаллаб қўярди.
Оқибатда котлован лойиҳада назарда тутилганидек қиялик билан эмас, балки вертикал равишда қазилган.
Котлован деворлари эса тегишлича мустаҳкамланмаган

Пойтахт ҳокимлигининг таъкидлашича, вертикал усулда қазишда ён атрофдаги бўш тупроқ қатламларини темир-бетон қозиқлар, суянч девори ёки бошқа муҳандислик иншоотлари билан мустаҳкамлаш зарур эди.
Бироқ зарур чоралар ўз вақтида ва етарли ҳажмда амалга оширилмаган, бу эса котлованнинг ён деворида тупроқ кўчишига олиб келган.
Ҳозирда «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ, «Оғирсаноатлойиҳа» АЖ ва «ЎзГАШКЛИТИ» илмий-тадқиқот институти мутахассислари котлован деворларини мустаҳкамлаш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ҳамда ишларни хавфсиз давом эттиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.
Олдин мактабга тегишли бўлган ер майдони
243-мактаб ҳудуди, 2019 йил сентябрь
243-мактаб ҳудуди, 2025 йил октябрь.
Манба: Google Earth
Кадастр органлари маълумотларига кўра, ушбу участкада жойлашган маъмурий бинонинг бир қисми 2019 йил декабрь ойида Тошкент шаҳри Халқ таълими бош бошқармаси ҳамда 243-сонли умумий орта таълим мактаби номига рўйхатдан ўтказилган.
2020 йил май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси, 243-сонли мактаб ва Donmah-Imex МЧЖ ўртасида компания томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши шарти билан олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома ва давлат ордери асосида объект 2022 йил август ойида Donmah-Imex номига расмийлаштирилган.
2023 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси томонидан бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, шунингдек, қўшимча объектлар қуришга рухсатнома берилган. Ўша йилнинг декабрь ойида компания архитектура-режалаштириш топшириғини олган.
Бинонинг жойлашуви ва ўлчамлари Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи томонидан 2025 йил февраль ойида маъқулланган. Экспертизанинг ижобий йиғма хулосаси эса 2026 йил январь ойида берилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциясида объект 2026 йил 19 февралда рўйхатдан ўтказилган.
Мактаб объекти очиқ аукционсиз хусусий компанияга сотилган
Anhor.uz ёзишича, участкага оид ҳужжатлар воқеанинг яна бир томонини очади — мактаб ери очиқ аукционсиз сотиб юборилган.
Қонунчиликда давлат мулкини инвестиция мажбуриятлари билан махсус тартиб-қоидалар асосида реализация қилишга рухсат берилган. Бироқ мавжуд ҳужжатлардан объект айнан Donmah-Imex`га қайси қарор асосида сотилгани, харидор қандай танлангани ва компания бино ҳамда участка учун қанча тўлагани номаълумлигича қолмоқда.
Donmah-Imex 2019 йилнинг февраль ойида рўйхатдан ўтказилган. Давлат реестри маълумотларига кўра, унинг асосий фаолият тури сифатида дон, уруғ ва ҳайвонлар учун озуқалар улгуржи савдоси кўрсатилган. Компания таъсисчилари тенг улушларда Муҳаммад Мурод ўғли Ҳусанов ва Самук Салихжанович Якубов ҳисобланади, устав фонди миқдори эса 10,924 млрд сўмни ташкил этади.
Компания ўз зиммасига айнан қандай инвестиция мажбуриятларини олгани, киритилган сармоялар муддати ва ҳажми қандай бўлгани, уларнинг бажарилишини ким назорат қилгани ва таълим тизимининг собиқ объектидан қайси асосда меҳмонхона апартаментлари қуриш учун фойдаланишга қарор қилингани номаълум.
Давлат органларига олди-сотди шартномаси, объектнинг баҳоланиши, тўлов шартлари, инвестиция мажбуриятлари рўйхати ва уларнинг бажарилгани тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича сўров юборилган.
Жиноят иши
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг топшириғига кўра Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш инспекцияси, прокуратура, Олмазор тумани ҳокимлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат махсус комиссия тузилганини маълум қилган эди.
Ҳудуд ўраб олинган, хавфли участкага кириш чекланган. Мутахассислар ўпирилиш сабаблари, ён-атрофдаги ҳудуд, йўл ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192−11-моддаси (Нодавлат ташкилоти мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
2025 йилнинг декабрь ойида президент Тошкент аҳолисининг йиллик ўсиши сабабли шаҳарда 75 та мактаб ва боғча, шунингдек, 23 та спорт мажмуаси етишмаётганини айтган эди. У ҳокимларга ҳар йили жалб қилинган маблағлар ҳисобидан биттадан объект қуришни топширган, қолган муассасалар эса инвестиция дастурлари доирасида барпо этилади.


