Uklon такси чақириш онлайн хизмати 5 августдан бошлаб бешта янги шаҳар — Фарғона, Марғилон, Қўқон, Наманган ва Андижонда иш бошламоқда, дея хабар берди компания матбуот хизмати Gazeta га.

Ишга тушириш босқичма-босқич амалга оширилади: биринчи босқичда ҳайдовчилар уланади, шундан сўнг хизмат сафарлар ва етказиб бериш хизматларига буюртма бериш учун очилади, дейилади компания хабарида.

«Фарғона водийсига кириб бориш — Узбекистондаги минтақавий ривожланишимизнинг муҳим босқичидир. Бу ерда бир нечта йирик шаҳарлар бир-бирига яқин жойлашган ва улар ўртасида доимий ҳаракатчанлик мавжуд», — дея қайд этди Uklon Uzbekistan бош менежери Эдуард Ковтун.

Ҳайдовчилар Uklon Driver иловаси орқали платформага мустақил равишда уланиши мумкин. Йил охиригача улар учун камайтирилган комиссия амал қилади.

Фойдаланувчилар учун Қўқон ва Наманганда «Лайт» ва «Комфорт» тарифлари, Андижон, Фарғона ва Марғилонда эса «Лайт», «Комфорт» ва «Тезкор қидирув» тарифлари мавжуд бўлади. Шунингдек, улар Uklon’нинг 24/7 қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиши мумкин.

Uklon — Украинанинг маҳсулот ишлаб чиқарувчи IT компанияси. 2025 йилнинг апрель ойидан бери компания корпоратив ҳуқуқларининг 97 фоизи Украинадаги энг йирик электрон коммуникация оператори Kyivstar’га тегишли. Uklon Ўзбекистонда 2023 йилнинг июнь ойидан буён фаолият юритмоқда. Компания маълумотларига кўра, 2025 йилда Тошкентда хизмат фойдаланувчилари 15 миллиондан ортиқ сафарни амалга оширган.